$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

2024 йил бутун дунёда сайловлар йили бўлади

saylov elections


Бу йили 60 дан ортиқ мамлакатларда сайловлар бўлиши кутилмоқда, бу дегани дунёнинг қарийб ярми яшовчи мамлакатларда 2 миллиарддан ортиқ одам овоз беришда иштирок этади. Жумладан, юртимизда ҳам ушбу йилда Парламент сайловлари ўтқазилиши кўзда тутилган. Ушбу мақолада уларнинг энг муҳимларини санаб ўтамиз.

Ўзбекистон

Бу йили юртимизда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда ҳудудий Кенгашлардаги депутатлик лавозимлари учун сайловлар ўтказилиши режалашитилган. Сўнгги марта парламент сайловлари 2019 йилнинг 22 декабрь санасида бўлиб ўтиб, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси энг кўп ўринни қўлга киритган эди. Ҳали сайлов куни аниқ эмас, аммо анъанага айланиб улгурган паллада — декабр ойида бўлиши кутилмоқда.

Америка Қўшма Штатлари

Жорий йилнинг ноябр ойида Қўшма Штатларда президент сайловлари бўлиб ўтади. Асосий рақиблар ўзгармаган: амалдаги раҳбар Жо Байден (демократлар) ва собиқ президент Доналд Трамп. Аммо ҳали ҳеч ким фаворитни аниқ айта олмайди, Трампнинг обрўйи 91 та жиноий ишдан кейин тушиб кетган бўлса, Байденнинг ёши (81) ва ўтган йилда Яқин Шарқдаги вазиятлар унинг номига путур етказмоқда. Умуман олганда биз АҚШ тарихидаги энг қизиқарли сайловлардан бирига гувоҳ бўлишимиз мумкин.

Буюк Британия

Британиянинг янги бош вазири Риши Сунак ушбу йилда Парламент сайловлари бўлишини айтиб ўтган эди. Маълумотларга кўра, сайловлар шу йилнинг иккинчи ярмида ёки максимал 2025 йилнинг бошида ўтказилади. Сайловда Консерваторлар, Либераллар, Шотландия Миллий Партияси (ШМП) ва Лейбористлар партиялари иштирок этади.

Тунис

Бир вақтлар “Араб баҳори” даврларида ягона муваффақиятли давлат бўлган Тунисда бугун аҳвол унчалик яхши эмас. Амалдаги президентнинг сиёсатидан нафақат ташқи дунё, балки аҳоли ҳам рози эмас. Сайловларда кўзга кўринган асосий рақиб мухолифатчи Рачид Гануччи ҳозир қамоқда, ягона рақиб Тунис миллий авиакомпанияси раҳбари Олфа Ҳамди бўлиб турибди. Катта эҳтимол билан, бу “қизғин ўтиши кутилаётган” сайлов одамни беихтиёр хотиралар қаърига тортиб кетади.

Мексика

АҚШдаги икки “чол”нинг курашидан ҳам Мексикадаги сайловлар қизиқроқ бўлиши мумкин, чунки илк марта Мексика тарихида аёл киши президентликка сайланиши кутилмоқда. Асосий номзодлар икки аёл Клаудио Шейнбум ва Хочител Галвез ҳамда бир нафар эркак Хорхе Алварез Майнез. Кимдир “гендер тенглик” ва “эркаклар ҳуқуқлари поймол қилинмаслиги керак” деб чиқиб қолар балки. Барчасини 2 июнь куни билиб оламиз. 

Покистон Ислом Республикаси

Яна бир ажойиб сайлов фронти Покистонда. Бу том маънода фронт, чунки сайловларда асосий ролни ҳарбийлар ўйнайди. Бош вазир бўлиш учун номзодлар ҳам бу йил хилма-хил, бири ўтган йилнинг 30 декабрида сайловда номзоди қўйилиши таъқиқланган аммо халқнинг жуда катта қисми томонидан қўллаб-қувватланаётган Имрон Хон; яна бири бир вақтлар коррупцияда айбланиб қамалган собиқ бош вазир Навоз Шариф ҳамда йирик сулола вакили Билавал Бхутто Зардорий . Якуний натижаларни 8 декабрда аниқ бўлади.

Европа Иттифоқи парламенти

27 давлат аъзо бўлган Евро Иттифоқ парламенти учун сайловлар жорий йилнинг 6-9 июнь кунлари бўлиб ўтади. Жами 720 нафар вакил беш йил муддатга сайланади ҳамда бу давлатлар кесимида аниқланади, хусусан Германияга 96 ўрин берилган бўлса, Кипрга бундай ўринлардан фақат олтитаси насиб этади. Ушбу партия жуда катта ваколатга эга бўлмасада, бюджетни тақсимлаш ҳуқуқи уларнинг қўлида.


Теги :
Jamiyat