$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

Рақамли саводхонлик – кибероламда йўлкўрсаткич

digital literacy

 Замонавий боланинг иккита олами бор: реал ва кибер. Бизга параллел кибероламда болаларга бир қатор янги хавфлар таҳдид солмоқда. Бу шахсий маълумотларнинг дахлсизлигига путур етиши билан боғлиқ овершеринг – ўзи ҳақида жуда кўп ахборотлар, ҳатто уй манзили, телефон рақами каби шахсий маълумотларни бериш истаги, кибербуллинг – ёмон ниятли кимсалар томонидан рақамли технологиялар орқали таъқиб қилиш, кибергруминг – ўсмирларнинг интим характердаги суратларини қўлга киритиш ва бу орқали шантаж қилиш, ҳақиқий дунёни платформа сифатида ишлатадиган ўйин элементлари ўзида мужассамлаштирган муқобил реалликдаги ўйинлар ва бошқа киберфирибгарликлар бўлиши мумкин.

Боланинг кибероламда ўтказаётган вақти ошиб бораётгани таълим тизими зиммасига бир қатор янги вазифаларни юкламоқда. Жумладан, педагоглар болаларни ахборий оламга тайёрлаш, унда хавфсиз ҳаракатланиши учун рақамли саводхонлик кўникмасини шакллантиришга масъул. Муаммоли томони Интернетдаги хавфлардан ҳимоялаш деганда кўпчилик ҳалигача маънавий-мафкуравий жиҳатларни тушунишида. Ваҳоланки, киберхавфсизлик ахборотларни мазмунига кўра саралаб олишга хизмат қилувчи юксак маънавиятдан ўзгачароқ тушунча, у кўпроқ техник жараёнларга тегишли. Рақамли саводхонлик рақамли инструментлардан фойдаланиш, рақамли идентификация нималигини тушуниш, рақамли ҳуқуқ тўғрисида билиш, сунъий интеллект технологиялари билан боғлиқ хавфларни баҳолаш, рақамли коммуникация малакасини ривожлантириш, рақамли саломатлик бўйича малакага эга бўлиш, рақамли хавфсизлик ва ҳимоя инструментларини қўллаш каби кўникмаларни назарда тутади.

Агар бу компетенцияларни янада аниқлаштирадиган бўлсак, рақамли малакалар қуйидаги кўринишларда ўзини намоён этади:

-       лицензия ва сертификатга эга операцион тизим ва дастурлардан фойдаланиш;

-       дастурий таъминот ва операцион тизимларни энг сўнгги версияларига кўра янгилаш;

-       антивирус дастурларидан фойдаланиш;

-       ишончли пароллардан фойдаланиш;

-       паролни ўзгартирганда ҳисобга олиш ёзувлари учун катта ва кичик ҳарфлар, рақамлар, махсус белгилар ва минимал узунлиги 8 белгидан иборат пароллар яратиш;

-       пароль асосидаги аутентификациясини кучайтириш – маъмур аккаунти, хизмат кўрсатувчи провайдернинг веб-сайтидаги шахсий кабинети ва сервердаги ҳисобга олиш ёзувлари (аккаунт) учун мураккаб ва такрорланмайдиган паролдан фойдаланиш;

-       икки факторли аутентификацияни созлаш;

-       киришга уринишлар сонига чеклов қўйиш;

-       номаълум одамлардан келган почта хабарларини очмаслик, ҳаволаларга кирмаслик;

-       жамоат жойларида ҳимояланмаган Wi-Fi тармоқларидан фойдаланмаслик (Man-in-the-Middle, яъни мулоқотда ўртада учинчи одам бўлиши мумкин);

-       киберхавфсизликни таъминлаш учун зарарли дастурларни қидириш, ўчириб ташлаш ва улардан ҳимоя қилиш функцияларига эга хавфсизлик плагин (сайт ёки дастурнинг қўшимча функцияси)ларни қўллаш;

-       мунтазам равишда маълумотлар базаси, файллар, почта ва ҳоказоларни захиралаш ишларини амалга ошириш;

-       шахсий маълумотлар дахлсизлигини таъминлаш;

-       электрон ҳамён хавфсизлигини таъминлаш, ҳисоб ва карта рақами маълумотларини бегоналарга бермаслик;

-       тармоқда муаллифлик ҳуқуқи масаласини тушуниш ва бу борадаги ҳуқуқий меъёрларга амал қилиш;

-       нетикетга амал қилиш;

-       рақамли ижодкорлик.

Булар қаторига ахборотларни фактчекинг қилувчи платформалардан, медиамаҳсулотлар ҳақиқийлиги, медиа маҳсулотнинг илк манбасини аниқловчи дастур ва хизматлардан фойдалана олиш кабилар ҳам киритилади.

Бошланғич синфдан тортиб, битирувчи синф ўқувчиларигача ўзининг ёши ва медиаистеъмоли ўзига хослигини инобатга олган ҳолда фанлар мазмунида, турли тадбир ва тўгаракларда рақамли олам, ундаги хавфлар, глобал тармоқнинг фойдали хусусиятлари ҳақида маълумотлар берилиши керак. Нисбатан мураккаб ва специфик бўлган бу қоидаларни болаларга ўргатиш маълумотларни содда ва тушунарли тилда, мисоллар ёрдамида, ўйин ёки муаммоли таълим методологиясига кўра ўқитилиши мумкин.

Масалан, бошланғич синфларда “Нўхатвой онлайн ўйинлар яхшиликка олиб бормаслигини тушунди”, “Яхши кайфият сири”(гаджетларга қарам бўлмаслик ҳақида), “Фойдали ва зарарли Интернет”, “Смартфон дўстми, душманми?”, юқори синфларда “Медиақарамликка қаршимиз”, “Мобил алоқадан қандай қилиб саломатликка салбий таъсир кўрсатмасдан фойдаланиш мумкин?”, “Рақамли ахлоқ” каби мавзулардаги кибердарслар ўтилиши шарт. “Одобнома”, “Тарбия”, “Она тили”, “Чет тили”, “Информатика”, “Ҳуқуқ” каби дарсларда мавзулар мазмунига кўра киберхавфсизлик қоидалари, нетикетга амал қилиш, шахсий маълумотлар дахлсизлигини таъминлаш, танқидий фикрлаш, нафрат тилига қарши туриш кабилар ўргатилиб борилиши мақсадга мувофиқ.

Киберхавфсизлик қоидаларини ўқувчиларга соддароқ тарзда қуйидагича тақдим этишингиз мумкин:

1. Катталардан сўранг. Агар сиз кибероламда нимадирдан қўрқсангиз, нимадир сизга ёқмаса, номаълум нарсаларга дуч келсангиз албатта катталарга мурожаат қилинг. Ёки бирор қизиқарли сайтдан рўйхатдан ўтмоқчи бўлсангиз, бирор ижтимоий тармоққа сурат ёки маълумотлар жойламоқчи бўлсангиз, буни катталардан бемаслаҳат амалга оширманг. Ота-онангиз, устозларингиз сизни турли хавфлардан ҳимоя қилади.

2. Фильтрлар ўрнатинг. Бу иш ҳам ота-онангиз кўмагида амалга оширилади. Реал дунёда, кўча куйда бўлгани каби интернетда хавфлар бор. Агар интернетда фойдасиз ва хавфли ахборотларни тўсиб қолувчи назорат дастурларини ўрнатсак, браузерда фильтр вазифасини ёқиб қўйсак, хавфсиз Интернетдан фойдалана оламиз. 

3. Шубҳали ва нотаниш одамлардан келган хабарлар ва файлларни очманг. Текинга жуда кўп қизиқарли нарсаларни ваъда қилаётган ёки сиздан ёрдам сўраётган бўлса ҳам эътибор берманг. Бу орқали фирибгарлар сизни алдаши мумкин. Ўзингиз мустақил бирор бир файлни Интернетдан юклаб, уни ўрнатишга ҳаракат қилманг. 

4. Антивирусдан фойдаланинг. Реал оламда кўчада турли микроб, инфекция ва вируслар бўлгани каби кибер оламда ҳам турли зараркунанда дастурлар бор. Уларни антивируслар аниқлай олади. Антивирус бизнинг дўстимиз. Агар у бирор сайт ёки дастурни хавфли деса, унга қулоқ солинг. Бўлмаса, компьютер, смартфон каби қурилмаларимизни зарарлаб қўйишимиз мумкин.

5. Хабар жўнатманг. Агар сиздан бирор мусиқа ёки суратни юклаб олиш учун хабар жўнатишни сўраса, буни амалга оширманг. Бу шахсий маълумотларингиз(телефон рақами, почта)ни қўлга киритиш учун сўралган бўлиши мумкин.

6. Нотаниш кимсалар билан мулоқот қилманг. Интернетда бу қоидага амал қилиш жуда қийин. Бироқ реал ҳаётда танимайдиган инсонлар билан гаплашманг, уларнинг хабарларига жавоб берманг. Агар фотосурат юборишни сўраса, уни блокировка қилинг.

7. Шахсий маълумотларни ҳеч кимга берманг. Телефон рақами, уй манзили, мактаб ва синф рақами, ота-оналарнинг иш жойи, иш жадвали, уйда катталар бўлмайдиган вақт, шунингдек банк картаси рақамлари ҳеч қачон бошқа одамларга узатилмаслиги керак.

8. Дўстларингиз ҳақидаги маълумотларни алмашманг. Шахсий маълумотлар ҳимояси нафақат сизга, балки бошқаларга ҳам дахлдор. Демак, ижтимоий тармоқларда дўстлар ва синфдошлар ҳақида гапириш, қаерда яшаши ва ўқиши, қайси тўгаракларга бориши ҳақида гапириш керак эмас. Сиз уларнинг фотосуратларини тармоққа жойлай олмайсиз. Агар сиз байрам ёки машғулотдан гуруҳ фотосуратини жойлаштирмоқчи бўлсангиз, аввал уни расмда тасвирланганлар билан муҳокама қилишингиз керак. Уларнинг ота-оналари фотосурат Интернетда эълон қилинишига рухсат бергандан кейингина жойланса янада яхши бўлади.

9. Ўйинлар учун пул тўламанг. Агар онлайн ўйинлар пайтида сизга қўшимча имкониятлар учун пул тўлашни сўрашса, карта рақамини киритманг. Бунда сиз ёлғончи ва жиноятчиларнинг қурбонига айланасиз.

10. Мураккаб пароллар ўрнатинг. Шахсий қурилмангиздан тортиб, ижтимоий тармоқдаги аккаунтингизга киришгача бўлган паролларнинг мураккаб бўлишига эътибор қаратинг. Исм, телефон рақами ёки "12345" бу яхши парол эмас. Паролда катта ва кичик харфлар, сонлар, белгилар бўлгани мақсадга мувофиқ. Ҳатто энг мураккаб парол ҳам камида олти ойда бир марта ўзгартирилиши керак. Ва сиз уларни фотосурат шаклида сақлашингиз тавсия этилади.

11. Тармоқда хушмуомала бўлинг. Асоссиз ёки мантиқсиз хабарларга, фикри сиз билан мос келмаётган одамларга дуч келсангиз ҳам қўпол бўлмаслигингиз, одоб доирасидан ташқарига чиқмаслигингиз, ҳақорат қилмаслингиз керак. Агар суҳбат ёки муҳокама сизга ёқмаса, шунчаки ноутбукни ёпишингиз ёки смартфонингизни ўчириб қўйишингиз мумкин. Ҳақоратларга ҳақорат билан жавоб бериш шарт эмас.

Ўқув жараёнида Финландия тажрибасига кўра, медиатаълим ва психологияни ўзида жамлаган “Эмоцияларни ўрганиш” усулини қўллаш мумкин. Рақамли саводхонлик инсон сифатида дунёқарашни кенгайтириш, ўз ҳис-туйғуларини тан олиш ва қабул қилишдан бошланади. Бу ҳаракат ва муносабатлар сабабларини аниқлашга ёрдам беради, турли қарашларга очиқликни таъминлайди. Буни аниқлаш учун ўқувчиларга “Ўзингизникига тўғри келмайдиган қарашлар ёки фикрларга дуч келадиган вазиятларда сизнинг ҳаракатларингизни қайси ранг энг яхши тавсифлайди?” деган савол берилади. Агар қизил ёки кўк ранг танланса, қандай қилиб очиқроқ ва толерантроқ бўлиш учун фикрлаш ва ҳаракатланиш бўйича тавсия ва вазифалар берилади. Англатган маъносига кўра, бошқа рангларда ҳам ўз устида ишлаш учун топшириқлар берилади. Бундай усул ва ёндашувлар қаторида “Рақамли ўйин қўрқинчли хобби”, “Тўғри маълумотлар асосида иқтисодиётни ўрганиш”, “Ўз ахборот истеъмолини кузатиш”, “Сиз қандай медиа истеъмолчисиз?”, “Веб таркибни танқидий баҳолаш”, “Сохта янгиликларни аниқлаш” кабиларни ҳам келтириш мумкин.  

Бундай ёндашувга кўра ўқитилган ўқувчилар замонавий ахборот чангалзорида тўғри йўл топа олишади. Рақамли саводхонлик замонавий ахборот чангалзорида йўлкўрсаткич вазифасини бажаради.

 

Санобар ЖУМАНОВА,

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникация университети катта ўқитувчиси, филология бўйича фалсафа доктори(PhD)