$
 12814.78
-14.29
 13442.70
97.9
 123.50
-1.41
weather
+26
Кечаси   +14°

Ўзбекистон давлат қарзи 2022 йилнинг тўққиз ойи якунлари бўйича 26,2 млрд долларга етди

Фото: Sputnik Uzbekistan Фото: Sputnik Uzbekistan

Ўзбекистоннинг давлат қарзи 2022 йилнинг дастлабки тўққиз ойи давомида 26,2 миллиард долларни ташкил этди. Учинчи чорак давомида у 300 миллион долларга ошган, аммо йил ҳисобида 100 миллион долларга камайган, дейилади Молия вазирлиги ҳисоботида.

Давлат ташқи қарзи тўққиз ойда 400 миллион долларга камайган — 23,2 миллиард долларга қадар (ЯИМга нисбатан 30,1 фоизи). Ушбу маблағларнинг 17 миллиад доллари — ҳукумат номидан жалб этилган қарз бўлса, 6,2 миллиард доллари — Ўзбекистон кафолати остидаги қарзлар.

Давлат ички қарзи қолдиғи 336,2 миллион долларга кўпайган — 3,1 миллиард доллар (ЯИМга нисбатан 4 фоиз). Шундан қимматли қоғозлар — 9,3 триллион сўм, давлат кафолатлаган ва ички мажбуриятлар бўйича давлат бюджетидан қайтариладиган қарз — 2,2 миллиард доллар.

Давлат қарзи ошганига қарамай, унинг мамлакат ЯИМга нисбати 2022 йил бошидан 1 октябрга қадар 34,1 фоизгача камайган. Молия вазирлиги маълумотларига кўра, бунга иқтисодиётнинг учинчи чоракда 5,8 фоизга ўсиши, давлат ташқи қарзининг 823 миллион доллари ҳисобига 1,7 фоизга камайиши, шунингдек, заёмлар портфели диверсификацияси, яъни айирбошлаш курсларининг ўзгариши давлат қарзи қолдиқларининг камайишига олиб келган.

Шу билан бирга, Ўзбекистон январь-октябрь ойлари давомида 2,059 миллиард долларлик давлат қарзлари тўғрисида 16 та янги битим имзолаган ва 6,7 триллион сўмлик давлат облигацияларини чиқарган. 2021 йил ва 2022 йилнинг тўққиз ойи давомида ҳукумат ички мажбуриятлар бўйича кафолат тақдим этмаган.

Қарзларнинг соҳалар бўйича тақсимоти

Давлат ташқи қарзи 2022 йилнинг тўққиз ойи якуни бўйича иқтисодиёт секторлари кесимида қуйидагича кўриниш олган:

  • бюджетни қўллаб қувватлаш — 6,6 миллиард доллар;
  • энергетика саноати — 2,9 миллиард доллар;
  • электроэнергетика саноати — 2,7 миллиард доллар;
  • транспорт ва транспорт инфратузилмаси — 2,4 миллиард доллар;
  • қишлоқ ва сув хўжалиги — 2,5 миллиард доллар;
  • уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш — 2,2 миллиард доллар;
  • тадбиркорлик фаолияти ва саноат ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш — 0,95 миллиард доллар;
  • кимё саноати — 1 миллиард доллар;
  • таълим ва соғлиқни сақлаш — 0,8 миллиард доллар;
  • ахборот ва коммуникация технологиялари — 0,2 миллиард доллар;
  • бошқалар — 0,94 миллиард доллар.

Давлат ташқи қарзининг кредиторлар кесимида тақсимланиши:

  • Осиё тараққиёт банки — 5,4 миллиард доллар;
  • Жаҳон банки — 4,4 миллиард доллар;
  • халқаро инвесторлар — 2,6 миллиард доллар;
  • Хитой давлат тараққиёт банки ва бошқалар — 2,1 миллиард доллар;
  • Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги — 1,7 миллиард доллар;
  • Хитой эксимбанки — 1,9 миллиард доллар;
  • Иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик жамғармаси ва бошқалар — 1 миллиард доллар;
  • Ислом тараққиёт банки — 0,9 миллиард доллар;
  • Япония халқаро ҳамкорлик банки — 0,4 миллиард доллар;
  • бошқа халқаро молиявий ташкилотлар — 2,8 миллиард доллар.
  • Молия вазирлигига кўра, давлат ташқи қарзининг манбалари диверсификацияси таъминланган бўлиб, хорижий ҳукумат молия ташкилотлари ҳиссасига давлат ташқи қарзи қолдиғининг 9,3 миллиард доллари ёки 40,1 фоизи тўғри келади.

Давлат ташқи қарзининг валюта таркиби:

  • АҚШ доллари — 74,8 фоиз;
  • Япония иенаси — 8,2 фоиз;
  • СДР (махсус қарз олиш ҳуқуқи) — 7,7 фоиз;
  • евро — 4,7 фоиз;
  • ўзбек сўми — 1,8 фоиз;
  • Хитой юани — 0,9 фоиз;
  • Корея вони — 0,7 фоиз;
  • Саудия Арабистони риали — 0,6 фоиз;
  • Кувайт динори — 0,4 фоиз;
  • ислом динори — 0,1 фоиз;
  • БАА дирҳами — 0,03 фоиз.
Теги :
Iqtisodiyot