$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Тилни сайратадиган ҳам, дилни яйратадиган ҳам пул

Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашнинг халқаро тизими жорий этиляпти

Ҳар бир одам ўзининг муаммоли ишини тез ва осон ҳал қилишни хоҳлайди. Озроқ маблағга эга инсон эса бу йўлда ишини ҳал қилиб берувчи ҳар қандай йўлга пул сарфлашга тайёр. Ҳозирги жамият шундай кўринишга келганки, кимнидир ишини ҳал қилиб бериш эвазига одамлардан очиқдан очиқ пул талаб қиладиган мансабдорлар кўпайиб кетган.

“Коррупция – жамият кушандаси” деган ибора бежизга эмас. Бугунги кунда жамиятда учровчи энг кўп коррупция ҳолатлари асосан, таълим ва тиббиёт йўналишларида. Аксига олиб, жамиятнинг томирини чиритувчи асосий йўналишлар ҳам шу. Бизда ҳам ушбу йўналишларда ҳам пора бериш, пора олиш ҳолатлари кўп кузатилади. Бугунга келиб эса, бунга қарши курашиш анчагина жадаллашган.

100 сўм ҳам пора

Жорий йилда Ўзбекистонда коррупция билан боғлиқ бўлган ва очиқланган жиноятларнинг 50 га яқини оммага эълон қилинди. Мамлакатимизда кузатилган энг кўп коррупция ҳолати эса ЙПХ ходимларига тақдим этилган поралардир.

Рақамларга қарайдиган бўлсак, энг кам пул миқдоридаги коррупция ҳолати “Ўзбекистон темир йўлларида” содир бўлган. Унда, Андижондан Тошкентга ҳаракатланаётган йўловчи поездида туркиялик сайёҳдан яхшироқ шароит қилиб бериш мақсадида поезд ходими пул талаб қилган. Бу борада турист расмийларга мурожаат қилганидан кейин, “Ўзбекистон темир йўллари” пул талаб қилган ходимни топа олмаган. Ходим талаб қилган сумма эса атиги 100 минг сўмни ташкил қилади, холос.

Мамлакатда кузатилган энг кўп миқдордаги пора эса 1,3 млрд. сўмни ташкил қилади. Ушбу ҳолатга кўра, “Хоразм йўл қурилиш” МЧЖда бўлим бошлиғи лавозимида ишловчи шахс Хива туманидаги оилавий корхонага тегишли 8 500 метр2 ер майдонига ҳеч қандай ҳужжат расмийлаштирмасдан, асфальт ётқизиб бериш эвазига корхона раҳбаридан 1 миллиард 306 миллион сўм талаб қилган. Шундан 48 минг АҚШ долларини олаётганида қўлга тушган.

Статистика қандай?

Ўтган йили Ўзбекистон коррупцияга қарши рейтингда ўз натижасини яхшилашга эришган эди. Мазкур рейтинг бўйича мамлакатимиз 100 баллик тизимда 32 баллни қўлга киритиб, 180 та давлат ичидан 126-ўринни эгаллаган. Ундан олдинги йилларга назар ташлайдиган бўлсак, 2020-йилда Ўзбекистон ушбу рейтингда 146-ўринда, 2021-йилда 140-ўринга кўтарилган эди. 2022-йилда эса Ўзбекистон ўз рейтингини 14 поғона юқорига кўтарган.

Жиноятга жазо муқаррар

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида пора берган, пора олган ва ҳатто, пора олди-бердисида воситачилик қилган шахсларга нисбатан жазо тайинланган. Унга кўра, пора берган ва олган, пора олди-бердисида воситачилик қилган шахсга нисбатан БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача жарима ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликдан чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазолари белгиланади.

Бундан ташқари, пора олган мансабдор шахс лавозимидан ва унга берилган ҳуқуқлардан маҳрум қилинади. Қўшимча қилиш жоизки, пора олган шахсга нисбатан содир этган жиноятидан келиб чиқиб, товламачилик бўйича ҳам айблов қўйилиши мумкин.

Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш борасидаги қонун эса 2017 йилда 4-январдан бошлаб кучга кирган. Мазкур Ўзбекистон Республикаси “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун 6 та боб, 34 та моддадан иборат.

Шунингдек, коррупция борасида қонунчиликдаги охирги янгилик жорий йилнинг 6-апрелида бўлган эди. Унда, Жиноят кодексининг 210, 211, 212-моддалари билан айбланган шахсга нисбатан қамоқ жазосини 20 йил муддатга узайтириш ҳақидаги қарор Сенат томонидан маъқулланган эди.

Теги :
Jamiyat