$
 12170.67
20.83
 14048.60
44.69
 152.30
1.2
weather
+26
Кечаси   +14°

Ўзбекистондаги қайси соҳа "нопокроқ"?

corruption2

Ўтган йилда Коррупцияга қарши курашиш агентлигига қайси соҳа ходимларининг соҳадаги қонунбузилиши ҳолатлари бўйича нисбатан кўпроқ мурожаатлар келиб тушганлиги ҳақида АОКАда ўтказилган брифингда Агентлик ахборот хизмати раҳбари Шерзод Сапаров маълумот берди.

Мурожаатлар соҳалар кесимида

2023 йилда Коррупцияга қарши курашиш агентлигига жами 3 545 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг энг кўпи, яъни 511 таси таълим соҳаси ходимларининг хатти-ҳаракатлари ва соҳадаги қонунбузилиши ҳолатлари бўйича бўлган. Бундан ташқари, 406 та суд қарорларидан норозиликлар ва 301 та давлат харидлари ва тендер савдолари жараёнидаги қонунбузилиши ҳолатлари бўйича мурожаатлар бўлган. 

Қонунбузарларга қандай чоралар кўрилди?

Агентлик томонидан давлат харидлари, бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш йўналишларида ўтказилган ўрганишлар натижасида аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш юзасидан вазирлик ва идораларга 225 та тақдимнома, жавобгарлик масаласини ҳал қилиш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга 227 та сўровнома юборилган бўлиб, улар асосида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан 23 та жиноят иши ва 96 та маъмурий ишлар қўзғатилган ва 74 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилган.

Очиқлик ва ошкоралик

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 27 ноябрда қабул қилинган Фармони билан Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати кенгайтирилиб, “Ҳаж” тадбирига бориш учун навбатда турган зиёратчиларнинг ягона онлайн навбати, болаларни давлат мактабгача таълим ташкилотига қабул қилиш учун берилган аризалар навбати (рўйхати), бўш иш ўринлари, ишга қабул қилиш шартлари, номзодларга қўйиладиган талаблар ва тақдим қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар; нодавлат нотижорат ташкилотларига ажратилган грант ва ижтимоий буюртма лойиҳалари, шу жумладан, ғолиб бўлган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва уларнинг буюртма доирасида бажарган ишлари юзасидан ҳисоботларни эълон қилиб бориш мажбурияти белгиланган.

Ўзбекистон дунё рейтингида

Маълумот учун, куни кеча сайтимизда 2023 йил якунларига кўра, Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилган ишлар бир қатор халқаро ташкилотлар томонидан ижобий эътироф этилиб, “Transparency International” ташкилотининг коррупцияни қабул қилиш индексида мамлакатимиз 5 поғонага ўсишга эришиб, сўнгги 10 йилда барқарор ўсишга эришаётган давлатлар қаторига киритилгани ҳақида хабар берган эдик.