$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Авариялар серияси ёхуд босим остида қолган шаҳар

ЙТҲ

Охирги вақтларда жамоат транспорти билан боғлиқ йўл транспорт ҳодисаси деярли ҳар куни учраяпти. Ачинарли бўлса-да, одам ва бошқа машиналар билан содир бўлувчи ҳодисалар доимий бўлиб турувчи ҳолат-куя, лекин эндиликда умуман кутилмаган ишлар бўлмоқда. Бир қарасангиз симёғочга бориб уриляпти, бир қарасангиз бинога ёки бошқа автобусга бориб уриляпти. Яна бошқа ерда пиёдалар йўлагида йўл транспорт ҳодисаси рўй беряпти. Ҳаммасидан ҳам ўтиб тушгани, автобуслар дастидан самoлётлар ҳам омон қололмаяпти. Бугун жамоат транспорти, яна ҳам аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, автобуслар ҳақида ёзамиз.

ЙТҲлар серияси

9 декабрь — Тошкентнинг Мирзо-Улуғбек туманида автобус симёғочни уриб йиқитди. Бунинг натижасида иккита маҳалла электр токисиз қолган.

8 декабрь — Пойтахтда янги Yutong автобуси қандайдир тарзда пиёдалар йўлагида ҳаракатланган ва йўл транспорт ҳодисасига учраган.

7 декабрь — Андижон шаҳрида 1965 йилда туғилган фуқаро йўловчи ташувчи автобусни маст ҳолатда бошқариб, ухлаб қолиш натижасида йўлдан чиқиб кетиб, бинога бориб урилган. Ҳодиса оқибатида жабрланганлар йўқ. Руҳий жабрланганлар ҳам йўқмикан?

29 ноябрь — 132-маршрут йўл транспорт ҳодисасига учраган. Ҳодиса таъсирида жабрланганлар бор.

25 ноябрь — Тошкент шаҳридаги “Шаҳристон” метроси яқинида электробус ва автобус тўқнашиб кетди.

22 ноябрь — Самарқандда автобус ағдарилиши натижасида 1 киши вафот этган. 17 нафар йўловчига тиббий ёрдам кўрсатилган. Ҳодисага автобус ҳайдовчисининг бошқарувни йўқотиб, бетон тўсиққа урилгани сабаб бўлган.

18 ноябрь — Тошкентда Spark ва автобус тўқнашган. Ушбу ЙТҲга қоидага амал қилмай ҳаракатланган Spark ҳайдовчиси айбдор бўлган.

17 ноябрь — Тошкент аэропортида автобус Airbus 320 йўловчи лайнери билан тўқнашди ва самолётнинг тумшуқ қисмига шикаст етди. Ҳодисага автобус ҳайдовчисининг аэродром ҳудудида ҳаракатланиш қоидаларини бузгани сабаб бўлган. Рўйхатни ҳали узоқ давом эттириш мумкин эди. Бу ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинган автобус ва электробуслар билан боғлиқ бўлган ЙТҲлар. Ўйлаб кўринг, биз билганимиз шунча бўлса, билмаганимиз қанча?

Ғалати парадокс

1991 йили Тошкент шаҳар жамоат транспортида, метродан ташқари, 2236 та автобус, 527 та трамвай, 428 та троллейбус бўлган экан. Қизиғи аҳоли сонининг ўсиб боришига қарамай, учта транспорт турида ҳам давомли камайишлар кузатилган. Масалан, 1995 йилда автобуслар сони 1654 тага, трамвайлар сони 425 тага, троллейбуслар сони эса, 354 тага камайган. 2001 йилда бу кўрсаткич автобуслар учун 1444 тани, трамвайлар учун 223 тани ва троллейбуслар учун 236 тани ташкил қилган. Орадан 20 йил ўтиб, яъни 2021 йилга келиб, трамвай ва троллейбуслар йўқ ва автобуслар сони 1179 тани ташкил қилган. Тошкент шаҳар Статистика бошқармасининг маълумотига кўра, 2023 йил 1 апрел ҳолатига пойтахтда доимий аҳоли сони 2 978 200 нафарни ташкил этган.

Икки баробар босим

Транспор вазирлигига кўра, ўтказилган транспорт макромодели таҳлилларига биноан пойтахтдаги мобил аҳолининг кунлик ҳаракатланиш (қатнов) сони ўртача 9 млн.тани ташкил этиб, шундан 6 млн қатнов транспортда амалга оширилади. Транспортда амалга оширилаётган қатновларнинг 1,7 млн.таси (28 фоиз) жамоат транспорти, 4,3 млн.таси енгил автотранспорт ҳиссасига тўғри келмоқда. Пойтахтнинг транспорт воситалари доимий ҳаракатланадиган асосий 73 та кўчасининг узунлиги 472 кмни ташкил этиб, ўртача 380-400 мингта автотранспорт ҳаракатланишига мўлжалланган. Ҳозирда шаҳарда кун давомида ўртача 1 миллионга яқин автотранспорт ҳаракатланмоқда. Бу йўлларда бир вақтда ҳаракатланиш сиғимидан 2 баробар кўп.

Ислоҳот ва таҳлил

Таҳлилларга кўра, битта енгил автотранспорт воситасида бир кунда ўртача 4,3 та йўловчи, битта автобусда эса ўртача 580 та йўловчи ташилмоқда экан. Бу автобуснинг енгил автотранспортга нисбатан самарадорлиги 135 баробар кўплигини англатади. Сўнгги 2 йилда автобуслар сони 2 баробарга (1 959 та), ҳаракат таркибининг ўртача сиғими эса 74 фоизга (155 минг нафар йўловчи) ошган. Кунлик йўловчи оқими 1,7 баробарга кўпайиб, 1 млн. нафарга етган. Солиштириш учун, илгари кунига 650 минг йўловчи ташилган. Пойтахтга кириб келадиган аҳолининг шаҳар марказига етиб бориш вақти 45 дақиқадан 30 дақиқагача қисқарган. Маълумот учун, пойтахтга кунига 900 мингдан ортиқ аҳоли жамоат транспортида кириб келар экан. 2020 йилда шаҳар жамоат транспортида автоматлаштирилган тўлов тизимидан 45 244,4 минг йўловчи фойдаланган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 78 515,3 минг нафарга етган, тушум эса 28,4 млрд сўмдан 98,6 млрд сўмга ошган.

Теги :
Jamiyat