$
 12149.84
7.74
 14003.91
-76.07
 151.10
0.57
weather
+26
Кечаси   +14°

Сурхондарёдаги кўприк 6,5 млрд. сўмга қурилганди. Энди 9,6 млрд. сўмга таъмирланадиган бўлди (+видео)

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманида 6,5 миллиард сўмга қурилган кўприк 1 йил-у 7 ой деганда қулаб тушгани ҳақидаги видеолар тарқалганди. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги мазкур ҳолат бўйича тафсилотларни очиқлади.

Ҳокимликка кўра, умумий фойдаланишдаги давлат аҳамиятига эга 4Р-105 “Дарбанд қ. – Бойсун ш. – Элбаён қ.” автомобиль йўлининг Қумқўрғон тумани ҳудудидан ўтувчи 70-89 км. ҳамда автомобиль йўлининг 76-километридаги “Полвонтош” селгасидаги кўприк 2013 йилда содир бўлган табиий офат оқибатида зарар кўрган бўлиб, Қумқўрғон тумани ҳокимининг 2013 йил 5 сентябрдаги 74-сонли қарорига асосан мазкур объектга “Баҳром универсал қурилиш” МЧЖ пудратчи этиб белгиланган.

2014-2018 йилларда кўприкнинг асосий қурилиш ишлари якунланиб, автотранспорт воситалари ҳаракати учун очилган. Аммо, буюртмачи вилоят автомобиль йўллари ҳудудий Бош бошқармасининг расмий огоҳлантириш хатлари ва қонунда белгиланган тартибда қўллаган жарима тадбирларига қарамасдан пудратчи “Баҳром универсал қурилиш” МЧЖ томонидан лойиҳада кўзда тутилган қолдиқ иш ҳажмлари – қирғоқни мустаҳкамлаш ишларини бажариш узоқ вақт пайсалга солиб келинган.

Оқибатда эса 2019-2020 йиллар, жумладан, жорий йилнинг март-апрель ойларида сел оқими одатдаги ҳажмга нисбатан 3-4 баробар кўп келганлиги натижасида кўприкка жиддий зарар етган.

Жумладан, мазкур кўприк жойлашган сел йўлининг мавжуд сув сатҳи 3 йил давомида ўртача 5-6 метргача пасайиши натижасида кўприкнинг 3-таянч қисми 5-6 метргача очиқ ҳолга келган. Жорий йилнинг апрель-май ойларида ўта кучли сел келиши натижасида кўприкнинг 3-таянчи лойиҳавий ҳолати ўзгариб, чўкиш содир бўлган.

Шундан сўнг ҳудудда яшовчи аҳолига қатнов учун етарли шароит яратиш мақсадида вилоят автомобиль йўллари Бош бошқармаси ҳамда туман йўллардан фойдаланиш корхонаси томонидан кўприкда ҳаракатланиш чекланиб, вақтинча айланиб ўтиш йўли (объезд) қурилгани ҳолда автотранспорт воситалари ҳаракати тикланган.

Пудратчига нисбатан таъсир чоралари самарасиз қолаётганлиги инобатга олиниб, вилоят автомобиль йўллари Бош бошқармаси томонидан вилоят прокуратурасига мурожаат қилинган. Ҳозирда пудратчи томонидан шартнома шартларини бажармаслик ҳолати юзасидан Термиз транспорт прокуратураси томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмокда.

“Ҳозирда мазкур объектда пудратчи алмаштирилиб, такрорий содир бўлган табиий офат оқибатларини бартараф қилиш ва уни тиклаш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу жараёнда қурилиш ишлари сифати тўлиқ лаборатория назоратига олинган. Кўприкда содир бўлган табиий офат оқибатлари қисқа муддатларда тўлиқ бартараф қилинади”, дейилади ҳокимлик хабарида.

Мазкур ҳолат кескин муҳокамалардан сўнг телеканалларда ҳам ёритилди. Мутасаддилар кўприк кучли сел туфайли зарар кўргани, эндиликда уни қайта таъмирлаш учун 9,6 млрд. сўм ажратилганини маълум қилишди. Яъни умумий олганда битта кўприк учун давлат бюждети ҳисобидан жами 15,1 млрд. сўм сарфланяпти. Бу жамоатчиликда қатъий эътирозларни келтириб чиқарди. Ҳозирда Термиз транспорт прокуратураси томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Теги :
Jamiyat
Iqtisodiyot