$
 12928.27
18.47
 13462.21
46.35
 129.66
0.57
weather
+26
Кечаси   +14°

Ёшлар ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш – барқарор ва инклюзив ривожланиш сари муҳим қадамдир

Адхамбек РАШИДБЕКОВ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида дунёда барқарор ва узлуксиз тараққиётни таъминлашга қаратилган қатор муҳим ташаббуслар илгари сурди. Улар қаторида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни қабул қилиш таклифи алоҳида ўрин тутади.

Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ғояси илк бор Ўзбекистон Президенти томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 2017 йил 19 сентябрда бўлиб ўтган 72-сессиясида илгари сурилган. Ёшлар ҳар қандай жамиятнинг ажралмас қисми, тараққиёт катализатори ҳамда ўзгаришларга ундовчи катта кучдир. Шу боис Ўзбекистон Президенти ушбу масалага доимий эътибор қаратиб келмоқда.

Бугун дунё аҳолисининг икки миллиарддан ортиғини айнан ёшлар ташкил қилади. Бироқ ҳанузгача ёшларга оид халқаро даражадаги долзарб муаммоларни самарали ечишга имкон берадиган халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд эмас.

Бугунги шиддат билан ўзгариб бораётган глобализация жараёнлари ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шу жумладан уларнинг ижтимоий, иқтисодий, маданий, фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга оид механизмларни ишлаб чиқишга ундамоқда.

Айни шу омилнинг ўзи ҳам Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни қабул қилишни тақозо этади. Ушбу ҳужжат бугунги глобализация ва АКТ тез суръатларда ривожланиб бораётган шароитда умумжаҳон ёшлар сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишга қаратилган, унификацияланган халқаро-ҳуқуқий ҳужжат сифатида хизмат қилиши кутилмоқда.

Боз устига коронавирус пандемияси сабаб дунёда, айниқса ёшлар орасида ишсизлик даражасини ошиб кетди. Халқаро меҳнат ташкилоти маълумотларига кўра, жорий йилда дунё бўйлаб иш жойлари 6,7%га қисқаради, бу 295 миллион киши иш жойидан маҳрум бўлади, дегани. Уларнинг 70 миллионидан ортиғини эса 24 ёшгача бўлган ёшлар ташкил қилиши муаммонинг қай даражада долзарб эканини кўрсатади. Меҳнат қилаётган ёшларнинг 40%га яқини қашшоқлик даражасида умр кечирмоқда.

Минтақамиз – Марказий Осиё дунёнинг энг ёш минтақаси ҳисобланиб, бу ерда аҳолининг ўртача ёши 28,6га тенг. Минтақа аҳолисининг қарийиб ярми Ўзбекистонда истиқомат қилади, 30 ёшгача бўлган йигит ва қизлар эса мамлакатимиз аҳолисининг деярли 60%ни ташкил қилади. Афсуски, ҳозирги кунда уларнинг 732 мингга яқиши ишсиз ҳисобланади.

Коронавирус пандемияси оқибатида вужудга келаётган мураккаб вазиятда Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциянинг қабул қилиниши нафақат Ўзбекистон, Марказий Осиё минтақаси, балки бутун дунё учун долзарб аҳамият касб этади.

Таъкидлаш керакки, Конвенция лойиҳаси устида икки йилдан ортик вақт мобайнида иш олиб борилди. Бунда ушбу соҳадаги минтақавий ва хорижий мамлакатларнинг энг яхши тажрибалари ўрганилди. Конвенция лойиҳасига оид нормалар минтақа ва мамлакат даражасидаги қатор тадбирларда муҳокама қилинди.

Хусусан, Ўзбекистонда сўнгги йилларда бу борада изчил ишлар амалга оширил келинмоқда. “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида” Қонун қабул қилинди. 30 июнь мамлакатимизда Ёшлар куни деб эълон қилинди.

“Мард ўғлон” Давлат мукофоти ва “Келажак бунёдкори” медали таъсис этилди. Бешта ташаббус ва Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури амалга ошириб келинмоқда.

Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Ёшлар парламенти ташкил этилди. Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясига асос солинган, унинг вакиллари дунёнинг 13 мамлакатида фаолият кўрсатмоқда.

Умуман олганда, Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциянинг қабул қилиниши ёшлар авлод ривожланишининг замонавий халқаро моделини, шу жумладан аниқ мақсадлар ва ўлчов кўрсаткичларини шакллантириш, ёшларнинг жамият ҳаётида тўлиқ, самарали ва конструктив иштирокини таъминлашга хизмат қилади.

Адхамбек РАШИДБЕКОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

ҳузуридаги СМТИ бош илмий ходими

Теги :
Jamiyat