$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

Ахборот-психологик уруш даврида медиаистеъмоли: нималарга эътибор қаратиш керак?

axborot urushi

 “Ахборот уруши” атамасини биринчи марта 1976 йилда Т.Рона “Boing” компанияси учун тайёрланган ҳужжатда қўллаган. 1992 йилдан бошлаб, “ахборот уруши” атамаси АҚШ Мудофаа вазирлиги томонидан расмий равишда ишлатилган. Ахборий-психологик кураш, кибер урушни ўрганувчи илмий ёндашувларнинг хилма-хиллиги ҳодисага нисбатан ягона қараш йўқлигини кўрсатади. Бугунги кунда илмий соҳада қуйидаги асосий ёндашувлар аниқланган: геосиёсий, психологик, коммуникатив, конфликтологик.

Геосиёсий ёндашувга кўра, ахборот уруши бу – давлатлараро қарама-қаршилик. Унга кўра, давлатлар ахборот орқали бошқа давлатларга таъсир ўтказиб, стратегик соҳаларда устунликка эришишга ҳаракат қилади. Психологик ёндашув тарафдорлари фикрича, ахборот уруши моҳияти ахборот орқали оммавий равишда инсонлар онгига яширин таъсир кўрсатишдир. В.А.Лисичкин фикрича, тафаккурни манипуляция қилиш ахборот таъсирини интеллектуал-психологик ва ижтимоий-маданий жараёнларни бошқариш мақсадида объектлар буни сезмайдиган ҳолда яширин амалга оширишдир. Коммуникатив йўналишда ахборот уруши бу қарама-қарши тарафларнинг разведка ва сиёсий ва психологик ҳаракатлар амалга ошириладиган алоқа технологияси сифатида талқин этилади. Конфликтологик ёндашув ахборот уруши, қарама-қаршиликларни нафақат давлатлараро, балки гуруҳ, шахслараро зиддиятларни ҳам ҳарбий, ҳам сиёсий призма чиғириғи орқали кўриб чиқишга имкон беради.

Ахборот уруши ўз мақсади, мазмун-моҳиятига кўра, махфий ёки ошкора, аҳамияти кам ёки радикал таъсирли сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маънавий-психологик, тижорий, ҳарбий ҳодиса бўлиши мумкин. “Ахборот уруши” ва “ахборий кураш” тушунчалари фарқланади. Ахборий-психологик кураш тушунчаси нейтрал маъно англатиб, салбий мазмунда ахборий уруш, психологик уруш, кибер уруш шаклларида ҳам қўлланади. Бугунги кунда ахборот-психологик уруш жанговар операцияларни таъминлашдан ташқари ўзи алоҳида мустақил уруш турига айланди ва геосиёсий даражадаги стратегик вазифаларни ҳал қилишга қодир ҳодиса ҳисобланади. Шу билан бирга, агрессив ахборот ва психологик курашнинг ўзи уруш ва қуролли тўқнашувларни келтириб чиқаради. Ахборот ва психологик қуролларнинг хавфи улардан фойдаланишдаги шахссиз хусусиятидадир, бу ҳужум ҳаракатларини, ҳатто уруш эълон қилмасдан ҳам номаълум ҳолда амалга оширишга имкон беради. Бундан ташқари, ахборий қуролларни ишлаб чиқиш ва улардан фойдаланишни тақиқлаш деярли мумкин эмас (масалан, кимёвий ёки бактериологик қуролларга нисбатан тақиқ ўрнатилган). Ахборий уруш шахс, жамият, тузилма ва давлатлар ўртасида манфаатлар тўқнашуви, қарама-қаршилик юз берган ҳолатларда устунликка эришиш, бирор сиёсий, иқтисодий ёки бошқа мақсад йўлида маълумот олиш, қайта ишлаш ва етказиш, сиёсий ва ҳарбий мақсадларга эришиш, ахлоқий ва психологик таъсир кўрсатиш мақсадидаги курашдир. Ахборот уруши компютерлар, дастурий таъминотга ҳужум қиладиган ва ахборий тизимларни издан чиқарадиган кибер урушлардан фарқ қилади. Ахборот уруши муайян мақсад йўлида маълумотларни манипуляция қилиш, қайсидир шахс, гуруҳ, тузилма ёки давлатнинг манфаатларига қарши, лекин бошқа томон учун манфаатли бўлган, ахборий босимга асосланган ҳаракат ҳисобланади. Ахборот уруши қачон бошланиши, тугаши ва унинг қанчалик кучли ёки ҳалокатли эканлиги аниқ эмас. Ахборот уруши тактик маълумотларни тўплаш, ўз манфаатларига йўналтирилган ахборотларни тарқатиш, ташвиқот, дезинформация кампанияси, деморализация (маънавий, ахлоқий таназзул) ёки манипуляция қилишни ўз ичига олиши мумкин. Ахборот уруши психологик уруш билан чамбарчас боғланган. Ахборий, психологик, кибер урушлар умумийлаштирилиб, “ахборот операциялари” атамасидан фойдаланган ҳолда ҳам ифодаланади. Бунда технологиялар билан бир қаторда ахборотдан фойдаланишнинг инсон билан боғлиқ жиҳатларига, жумладан, ижтимоий тармоқ таҳлили ва инсонни ахборот орқали бошқаришга эътибор қаратилади. Кибермаконда кураш C4ISR(Command, Control, Communications, Computers, Intelligence, Surveillance and Reconnaissance), яъни бошқарув, назорат, коммуникация, компьютерлар, интеллект, кузатув ва разведкага асосланган шаклда олиб борилади.

Киберҳужум ва кибер потенциали юқори киберкучлар АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Россия, Норвегия ва Польша каби давлатларда мавжуд. Ҳозирги вақтда ушбу тузилмалардаги кибер жангчилар сони бир неча ўн минглаб ҳарбий ва фуқаролик ходимларидан ошади. АҚШ кибер қўмондонлиги (USCYBERCOM) – 64 мингдан ортиқ, Германиянинг кибер тузилмалари 14,5 минг ва Франция – мос равишда 4 минг. Кибер қўшинлар сони психологик операцияларни ўтказиш учун қуролли кучларнинг махсус тузилмаларининг ҳарбий хизматчиларини ўз ичига олмайди. Бельгия ахборот операциялари гуруҳи 60 дан ортиқ, Нидерландия кибер операциялар қўмондонлиги 250, Норвегия кибер қўмондонлиги 1230, Польша кибер мудофаа кучлари қўмондонлиги 2000 ва кибер операциялар маркази 500, Чехия киберкучлар ва ахборот операциялари қўмондонлиги 500 ходимга эга. АҚШ Мудофаа вазирлиги операциялари орасида ахборий-психологик операциялар мавжуд.

Ахборий-психологик, кибер урушлар бир неча шаклларда амалга оширилиши мумкин:

§ матбуот, телевидение, радио, интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали ўз мақсадига йўналтирилган ахборотларни узатиш;

§ дезинформация кампанияси;

§ алоқа ва коммуникация тармоқлари ўчирилиши;

§ алоқа тармоқлари сохта бўлиши;

§ рақамли аралашув билан махфий маълумотларни ошкор қилиш ёки дезинформацияни жойлаштириш орқали саботаж;

§ дронлар ва бошқа кузатув роботлари ёки веб камералардан фойдаланиш;

§ коммуникацияни бошқариш;

§ синтетик воситалар;

§ онгни манипуляция қилиш;

§ вандализм, яъни хакерлар томонидан веб саҳифаларга зарар етказиш, мазмунни алмаштириш;

§ ахборот йиғиш, махфий маълумотларни тўплаш, сохта маълумотлар жойлаштириш учун шахсий саҳифалар ёки серверларни бузиш ва ҳоказо.

Сунъий йўлдош телевидениеси ва интернет каби рақамли тараққиёт намуналари манипуляторларга анъанавий ОАВдан кўра одамлар онги ва ҳаракатларини бошқаришда янги, илгари ишлатилмаган самарали воситаларни берди. Замонавий ахборот истеъмолчиси оммавий ахборот воситаларидан маълумот олганда, уларни “дўстларига улашиши” мумкин ва 99 фоиз ҳолатда унинг тўғрилигини текшириши, таъсирини таҳлил қилиши мумкин эмас. Манипуляция муваффақиятининг асосий сабаби шундаки, аксарият ҳолларда одам ўзига берилган хабарларни текшириш учун вақтини ҳам, ақлини ҳам сарфлашни хоҳламайди. Ахборотни зарур талқинда узатиш учун жамиятда обрўга эга одамлар — академиклар, шоирлар, санъаткорлар, чиройли қизлар ёлланади. Маълумотлар турли манбалар орқали такрор ва такрор, кичик дозаларда тақдим этилади. Шундай қилиб, одамлар мустақил фикрламай қўяди. Онг остига таъсирни кучайтириш учун инсон ҳиссиётларидан фойдаланилади ва уларнинг энг кучлиси қўрқувдир. Бунда сенсацион (шов-шувли) озиқлантириш технологияси кенг қўлланади. Қўрқув билан таъсир кўрсатувчи ёлғон визуал тасвир билан берилади.  

В.Алешченконинг тадқиқотида қуролли тўқнашувлар пайтида ахборот-психологик таъсир масалалари, тенденциялари акс этган бўлиб, АҚШ, Германия, Буюк Британия, Франция, Хитой, Россия каби мамлакатлардаги ҳарбий ҳаракатларда ахборот ва психологик таркибий қисм ва қуролли кучлар ахборотига юклатилган асосий вазифалар кўриб чиқилади. Қуролли ҳаракатлар жараёнида ахборот-психологик таъсирга қарши курашишнинг айрим устувор йўналишлари таклиф этилади.

Шиддатли геосиёсий рақобат шароитида ахборот компоненти ҳар қандай давлатнинг ташқи ва ички сиёсий фаолиятида тобора муҳим роль ўйнамоқда. Бу эса дунёнинг кўпқиррали ахборот манзараси, ахборот харитасини пайдо қилмоқда. Яъни ҳар бир мамлакатдаги ОАВ сони, ахборот узатиш каналлари, коммуникация тизимлари, интернет тезлиги, ахборотни олишга имконияти, аҳолининг ахборотга бўлган эҳтиёжи, сўз эркинлиги кўрсаткичи, мамлакатга қаратилган сиёсий, иқтисодий, маънавий, ҳарбий ва бошқа турдаги ахборий ҳуружлар, ахборот хавфсизлиги таъминланганлиги ҳолати, истеъмол қилинаётган ахборотларнинг мазмуни, рақамли иқтисодиётнинг жорий этилиш ҳолати турлича. Бу эса ҳар бир мамлакатда турли ахборий манзарани ҳосил қилади ва буни ахборий харита шаклида, яшил – ахборий ҳолат аъло, сариқ – ахборий ҳолат ўртача, қизил –ахборий ҳолат хавфли шаклида кўрсатиш имконини беради. Дунёнинг ахборий манзараси фавқулодда ҳолатларда ўзгариши, ҳар бир мавзу, жараён, ахборий-психологик кураш ҳолати бўйича алоҳида ахборий харита яратилиши мақсадга мувофиқ. Масалан, 2022 йилдаги Россия ва Украина масаласида ахборий-психологик урушда дунё мамлакатлари ўз позициясини намоён этди. Уларнинг қарши, бетараф, қўллаб-қувватловчи позициясини ҳам ахборий харитада акс эттириш мумкин (1.1-расмга қаранг).

1.1-расм. 2022 йилда Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларига халқаро муносабат:      Ҳарбий ҳаракатларни қораловчи мамлакатлар      НАТОни уруш келтириб чиқарган провакацияда айблаган мамлакатлар      Нейтрал мамлакатлар      Маълумотлар йўқ.     Россия     Украина.

Бугун айнан дунёнинг ахборий харитаси дейилмаса-да, унинг компонентларини ўзида жамловчи бир қатор хариталар, индекслар яратилган, юритиб борилмоқда. Масалан, сўз эркинлиги индекси (1.2-расмга қаранг), ахборотнинг ижобий кўрсаткичи (индекси) – компания, бренд ёки шахс ёки бирор воқеа-ҳодиса ҳақидаги ахборий вазиятни баҳолаш кўрсаткичи, интернет тезлиги рейтинги ва ҳоказо.

1.2-расм. Матбуот эркинлиги индексининг 2022 йилги ҳолати.   Яхши вазият   қониқарли вазият   сезиларли муаммолар   оғир вазият   жуда жиддий вазият   таснифланмаган / маълумотлар йўқ.

1.3-расмда С.Хантингтон яратган концепцияга кўра, тамаддуннинг этномаданий бўлиниши, Ғарб маданияти (тўқ кўк), Лотин Америкаси маданияти (бинафшаранг), япон маданияти (оч қизил), Син маданияти (тўқ қизил), ҳинд маданияти (тўқ сариқ), ислом маданияти (яшил), православ маданияти (ферузаранг), будда маданияти (сариқ), Африка маданияти (жигарранг).

Замонавий медиамакондаги ахборий-психологик курашнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва ҳуқуқий сабаб ва оқибатлари турлича. Ахборий-психологик кураш давлат хавфсизлигига дахл қилади, халқаро тинчликка таҳдид солади, жамиятда хаос келтириб чиқаради, маданиятлар емирилишига сабаб бўлади, носоғлом рақобат муҳитини вужудга келтиради, инсонлар маънавияти ва соғлиғига салбий таъсир кўрсатади. Бу жараёнда асосий қурол, таъсир воситаси ахборот ҳисобланади. Шу боис журналистика ва оммавий коммуникация йўналишида ахборий-психологик курашнинг ахборий муҳитга таъсири масаласи, хусусан, ахборот-психологик кураш шароитида ахборот истеъмолига таъсири ва медиа истеъмолида келтириб чиқараётган муаммоларини ўрганиш долзарбдир. Ахборот-психологик курашнинг таъсирини 2 та йўналишда ўрганиш мумкин: комплекс ва индивидуал таъсир. Комплекс таъсир давлат, жамият, гуруҳга таъсир ўрганилса, индивидуал таъсирда инсонга, унинг тафаккури, руҳияти, саломатлигига қаратилган бўлади.

Ахборий кураш ахборий жамиятдаги ахборий муҳитнинг “ифлосланиши”, ахборот экологиясининг бузилишига сабаб бўлади. Қарама-қарши томонларнинг бир-бирини обрўсизлантириши, ўз манфаатларига хизмат қилувчи ахборотлар тарқатиши сабаб бирёқлама ва ёлғон ахборотлар кўпайиб боради. Бундай ахборотларнинг инсонга таъсирини қуйидаги бир неча йўналишларда ўрганиш мумкин.

Сиёсий йўналишда, манипуляция таъсирида шахсда бирор сиёсий масала тўғрисида асосланмаган ижтимоий фикр шаклланади, қайсидир масалага қарши, қўллаб-қувватловчи ёки бетараф фикр билдира бошлайди. Бунда фейклар, сохта уюштирилган митинглар, троллар фабрикалари таъсирида оммавий ғайриихтиёрий онг, жамоавий интеллект юзага келади. Масалан, Украинадаги уруш, Россия билан Европа Иттифоқи ва НАТО давлатлари ўртасида кучайиб бораётган дипломатик таранглик вазиятида тасдиқланмаган ёки бутунлай ёлғон маълумотлардан келиб чиққан оммавий ваҳима намоён бўлди. Бундай вазиятларда маълумотни узатишга масъул бўлган ижтимоий тармоқлар ҳам ёлғон ахборотлар пайдо бўладиган платформага айланади. Ҳарбий ҳаракатлар пайтида маълумот ташвиқоти ва қасддан дезинформация содир бўлади. Ахборот урушларида томонлар бир-бирини чалғитиш учун турли технологиялар – астротурфингдан (фикрни кўпчилик қўллаб-қувватлаётгани ҳақидаги иллюзияни яратиш) бот ишлаб чиқаришгача фойдаланишади. Аудитория сиёсий масалада, можаролар бир куни ўз ечимини топишини, ҳақиқат нимадан иборатлигини билмаган ҳолда қарор қабул қилади, фикр билдиради, сиёсий жараёнларда иштирок этади. Бу фаол фуқаролик позицияси эмас, кўр-кўрона эргашишдир. Бунда қатлам ёки гуруҳ ўз сиёсий қарашига эга бўлмайди, манфаатдор томонлар яратган концепцияга кўра фикрлайди.

Иқтисодий таъсир давлатлар мисолидагина эмас, рақобатчи бизнес объектлари ўртасида юз беради. Иқтисодий ахборот реклама кўринишида бўлиб, унда ишонтиришнинг ассоциация, ностальгия, чиройли қиёфалар, эфемизм, экстраполяция, аналогия, чалғитиш, гуруҳ динамикаси, юмор, қўрқув каби усулларидан, сотувчи медиамаҳсулот яратишнинг AIDA, PPPP каби формулалари, таъсир усулларидан фаол фойдаланилади, ахборот таъсири ва қамровини ошириш SEO ва SMM технологиялари орқали амалга оширилади. Натижада ахборот истеъмолчиларининг харид жараёнидаги танлови реклама, бренд маҳсулотлар орқали бошқарилади. Натижада, айниқса, болалар ва ўсмирлар реклама қилинган маҳсулотни тановул қилиш, бренддаги кийимни кийишга интилади.

Маданий. Америкалик таниқли сиёсатшунос Самюэль Хантингтон Учинчи жаҳон уруши ҳақида шундай ёзган эди: “Менинг фикримча, янги шаклланаётган дунёда ихтилофлар манбаи мафкура ҳам, иқтисод ҳам бўлмайди. Инсониятни ажратиб турган қалтис чегара ва асосий ихтилоф манбаи маданият бўлиб қолади. Миллий давлатлар халқаро муносабатларда бош иштирокчи мақомида қолса-да, глобал сиёсатнинг энг йирик ихтилофлари турли миллат ва тамаддунга мансуб гуруҳлар ўртасида юз беради. Ушбу тамаддунларни ажратиб турувчи чизиқлар келажакда фронт чизиқлари бўлади”. Глобаллашув жараёнида давлат ва халқлар ўртасидаги интеграция ва ҳамкорлик алоқалари кучаймоқда, натижада “супер этнос”, “глобал инсон” пайдо бўлмоқда. Маданиятлараро коммуникация (инг. cross-cultural communication, intercultural communication) ёки маданиятларнинг ўзаро таъсири деганда дунё халқларининг турли маданиятлари вакиллари ўртасидаги турли шакллар (тил, нутқ, ёзма, электрон ва бошқа коммуникация турлари)даги бевосита ва билвосита коммуникация, мулоқот жараёни тушунилади.

Маданиятлараро коммуникация жараёнида ахборот асосий хомашё, товар, мулоқот ва муносабатларни таъминлаб берувчи омилдир. Кўплаб одамлар кўнгилли ёки мажбурий равишда у ёки бу ижтимоий гуруҳлар таркибига киради. Бу гуруҳлар ўз маданий хусусиятларига эга бўлиб, тузилмавий нуқтаи назардан улар микромаданият (субмаданият) деб аталади ва макромаданиятнинг таркибий қисми ҳисобланади. Ҳар бир микромаданият ўзининг оназамин маданияти билан ўхшашлик ва тафовутларга эга бўлади. Айни пайтда оназамин маданияти микромаданиятдан этник ва диний мансублик, географик жойлашув, иқтисодий аҳвол, шахснинг жинси ва ёши, оилавий аҳволи ва аъзоларининг мақоми жиҳатидан фарқланади ва бу ҳолат зиддиятларни келтириб чиқаради.

“Маданиятшунос олимларнинг фикрича, “одамлар қанча бўлса, фикрлар ҳам шунча”, одамларнинг фикрлари бир-бирига доимо қарама-қарши бўлади, айрим ҳолларда можарони келтириб чиқаради. Маданиятшуносликда можарога маданиятлараро муомалада тўқнашув ёки рақобат сифатида эмас, балки коммуникациянинг бузилиши сифатида қаралади”.

Ғарб олими К.Делхес “Маданият назарияси” китобида коммуникациявий можароларнинг учта асосий сабабини кўрсатади, коммуникантларнинг шахсий хусусиятлари, ижтимоий (шахслараро) муносабатлар ва ташкилий муносабатлар. Можароларни бартараф қилиш кўринишлари унинг иштирокчилари маданиятларининг хусусиятлари билан белгиланади. Диний ва этник зиддиятлар ўта мураккаб халқаро муаммоларга айланиб бораётган ҳозирги даврда маданиятлараро, конфессиялараро ва миллатлараро ҳамкорлик, мулоқот турли негатив стереотипларга қарши, зиддиятларни бартараф этишда турли маданий ва диний бирликлар ва уюшмалар ўртасидаги ҳамкорликни шакллантиришда муҳим восита ҳисобланади. Медиамаданият ташувчи восита сифатида атроф-оламни ноадекват қабул қилиш, коммуникатив хатоликлар ва маданиятлараро тушунмовчиликларга йўл қўйиш, келгусида ўзаро конфликтларга олиб келиши мумкин бўлган нотурғун вазиятларни юзага келтириши мумкин.

Маънавий. Ахлоқий таназзул, ахлоқий оғишлар, ғайриинсоний хатти-харакатларга ундаш сабаб маънавиятнинг емирилиши.

Жисмоний (ёки соғлиққа таъсир). Бунда индивидуал таъсир устуворлик қилади. Медиақарамликнинг инсоннинг жисмоний ҳолати, саломатлигига салбий таъсири – кўриш қобилияти сусайиши, умуртқа поғонаси қийшайиши (медиа истеъмолида “Lean back”(орқага суяниш) моделидан “Lean forward”(олдинга энгашиш)га ўтиш сабабли), болаларнинг ривожланишдан ортда қолиши, диққат етишмаслиги, ирода бузилиши, руҳий саломатликда стресс, депрессия, хотира сусайиши кабилар, шунингдек, ахборот таъсирида ўз танасига зарар етказиш кузатилади.

Ахборот-психологик курашнинг бу ва бошқа салбий таъсир ҳамда оқибатларидан ҳимояланиш муҳим вазифа. Ахборотни узатиш каналлари ва воситаларини назорат қилиш имконсизлиги туфайли медиа истеъмолчиларида зарур малакани шакллантириш тақозо этилади. Ахборотдан баҳрамандлик, ахборотдан тўғри фойдаланиш, тўғрини нотўғридан ажрата олиш, репрезентация ва реалликнинг фарқини англаш учун ахборот истеъмолчиларини ахборий жамиятга тайёрлашга қаратилган мазкур вазифани замонавий медиамаконда медиатаълим бажармоқда.

Ахборий-психологик кураш шароитида медиасаводхонликка қўйиладиган талаблар:

-               қарама-қарши томонлар бир-бирига қарши агитация, қасддан дезинформация тарқатиши мумкинлигини тушуниш;

-               кенг кўламли воқеаларга таъсир ўтказа олмаслигини ҳақиқат сифатида қабул қилиш;

-               ишончи комил бўлмаган ахборотларни тарқатмаслик, ахборот оқимида ғарқ бўлмасликка интилиш;

-               ахборот урушида томонлар бир-бирини чалғитиш учун фойдаланган технологияларни аниқлай олиш;

-               фикрларни фактлардан ажрата олиш;

-               шошилинч хулоса чиқармаслик, ҳиссиётларни бошқариш;

-               фақат ўзи ёки яқинлари гувоҳ бўлган, тўғрилигига ишончи комил бўлган фактларни эълон қилиш;

-               баҳс-мунозара маданиятига эга бўлиш, фикри бир хил бўлмаган инсонларга нисбатан ҳам ҳурматни сақлаб қолиш;

-               ваҳима ҳолатида қарор қабул қилмаслик;

-               эртами-кечми ҳар қандай можаро тугаши ва вазият ўз ечимини топишини тушуниш, шунинг учун бундай вазиятларга бутун эътиборни қаратиш тўғри эмаслигини англаш.


Санобар ЖУМАНОВА,

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникация университети катта ўқитувчиси, филология бўйича фалсафа доктори(PhD)