$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

«Эрон – Афғонистон – Ўзбекистон» йўналишида илк мультимодал автокарвон ташкил этилади

«Эрон – Афғонистон – Ўзбекистон» йўналишида илк мультимодал автокарвон ташкил этилади

Ўзбекистон Республикаси, Афғонистон Ислом Республикаси ва Эрон Ислом Республикаси вакиллари иштирокида видеоконференция шаклида транспорт соҳасидаги алоқаларни ривожлантириш, учала томон учун бирдек манфаатли бўлган истиқболли лойиҳаларни рўёбга чиқариш масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақида “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.

Онлайн-йиғилишда Ўзбекистон делегациясига Транспорт вазири Элёр Ғаниев, Афғонистон делегациясига мамлакат транспорт вазири Ямо Шамс, Эрон делегациясига эса мамлакатнинг йўл ва шаҳарсозликни ривожлантириш вазири Муҳаммад Исломий раҳбарлик қилган.

Мулоқот давомида трансафғон темир йўлининг қурилиш масаласи ҳамда «Шимол-Жануб» транспорт коридори доирасида Эроннинг «Чохбохор» порти имкониятларидан унумли фойдаланиш масалалари атрофлича муҳокама қилинган. 

Музокаралар давомида Ўзбекистон томони «Эрон – Афғонистон – Ўзбекистон» йўналишида илк автокарвонни ташкил этиш таклифини билдирган. Ушбу автокарвоннинг ташкил этилиши йўналиш бўйлаб юзага келиши мумкин бўлган муаммолар бўйича тасаввурга эга бўлишга ва уларнинг ечими юзасидан аниқ чораларни кўришга имконият яратади. Мазкур таклиф Афғонистон ва Эрон томонидан ҳам маъқулланди.

Эрон томони айнан мазкур йўналишда мультимодал транспорт коридорини ташкил этиш давлатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларнинг янада ривожланишига катта туртки беришини алоҳида қайд этди. Муҳаммад Исломий, шунингдек, 2021 йилда Эрон томони Чохбохор портидан мамлакатнинг Захедон шаҳригача темир йўл қуриб битказилиши ва ишга туширилишини, бу эса ўз навбатида давлатлар ўртасида юк ташувлар ҳажмининг ортишига ҳисса қўшишини таъкидлаган.   

Афғонистон транспорт вазири Ямо Шамс давлатлар ўртасидаги транспорт ва транзит алоқаларини ривожлантиришга ва бу борадаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган лойиҳаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдириб, бу борада Афғонистон ҳукумати томонидан хавфсизлик масалалари тўлиқ таъминланишини таъкидлаган. 


Теги :
Avto
Iqtisodiyot