$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

Суна Парк: «Асосийси самимий бўлиш ва қилаётган ишингни севиш»

1 октябрда кўпчилик билим берган, қимматли маслаҳатларини ундан аямаган мактабдаги биринчи устози, рақс ёки кураш бўйича мураббийини хотирлайди.

Ўтган йили баҳорда ажойиб ва қатъиятли Суна Парк билан танишиб қолдим. Ўша пайтда у Hashar Week лойиҳасини фаол йўлга қўйган ва параллел равишда Сингапур менежментни ривожлантириш институтида ўқитувчилик фаолиятини олиб бораётганди.

Бугун ишонч билан айтишим мумкинки, Суна ўз мисолида энг муҳим нарсалар ҳақида гапириб берган инсон сифатида менинг мураббийим.

Суна Парк – халқаро маслаҳатчи, «SVB advisory»нинг ижрочи ҳамкори, Hashar Week лойиҳасининг муаллифи ва бошқарувчиси. 

Отам доим ўқитувчи бўлишимни хоҳларди

Мен Ўзбекистонда туғилганман. 6 ёшимда Олмаотага кўчиб кетдик, кейин узоқ вақт Лондонда яшадим. Бувимни кўришга келиб турардим. Ана шундай келишларнинг бирида мен шу ерда қолишим кераклигини ҳис қилдим. 2016 йилда дўстларим билан Бухорога бордик. Уйга қайтгач эса йиғлардим. Чунки Ўзбекистонга қайтишни хоҳлаётганимни тушуниб етгандим.

Кейинчалик Сингапур менежментни ривожлантириш институтидан таклиф бўлди Мутахассислигим бўйича сиёсатчиман. “Глобал сиёсат” йўналиши бўйича магистрлик даражасига эгаман. Буюк Британияда фаол академик фаолият олиб борганман. Сиёсий маслаҳатчи бўлиш билан бирга, тадқиқот марказлари билан тез-тез ишлаб турганман.

Атайлаб Тошкентдаги суҳбатга учиб келдим. Менда том маънода дарс бериш учун кўникма йўқ эди. Лекин одамлар билан ишлаш ва катта аудиторияларда чиқишлар қилишда орттирган тажрибам буларнинг ўрнини тўлдириб турди. Ўшанда мен Ўзбекистондаги таълим соҳасининг ўзига хос хусусиятларини яхши билмас эдим. 

Мени талабалар маърузаларни эшитмаслиги, ўзларини қўпол тутишларини айтиб қўрқитишарди. Бу менга қизиқ туюлди. Суҳбат муваффақиятли якунланди ва мен Тошкентга кўчиб келдим.

Мен – ўқитувчиман

Пойтахтга 31 август куни келганим эсимда. Байрамлар сабаб институт талабалар учун ёпиқ эди. Ва мен иститут ҳудудига кирмоқчи бўлганимда: “сиз талабасиз-ку!”, дея ичкарига қўйишмаганди. Бу жуда кулгили эди. Мен тезроқ ишни бошлашни, айниқса, ёшларни кўришни хоҳлардим. Ҳамкасбларимнинг ўқувчиларга нисбатан фикри, уларнинг дарсларда қатнашиши ва хулқ-атвори ҳақидаги гапларига шубҳа билан қарардим.

Биринчи йили “Тадбиркорлик” ва “Стратегик менежмент”дан дарс ўтдим.

Мен сезгир одамман, ҳар доим одамларнинг кайфияти ва муҳитни ҳис қиламан

Биринчи маърузамни ҳаяжон билан эслайман. Аудиторияга кираман, талабаларга қарайман ва бўлди — бу бир қарашдаги муҳаббат эди. Мен шу заҳоти уларнинг кўзларига аҳамият бердим. Уларда қизиқиш ва донолик бор эди.

Институтдаги 2 йиллик фаолиятим давомида 600 га яқин талабаларга билим бердим. Мен ҳозир ҳам ҳар бирининг исм-шарифини эслай оламан.

Мен ҳамма фарзандларини оппоғим дейдиган она каби эдим

Тошкентга кўчиб келгач, мен биринчи учратган нарса ёшлар эди – ёш, фаол, орзу ва мақсадлари бир олам ёшлар. Ана шу учрашув шарофати билан мен шу ерда қолишим кераклигини, уйим шу ерда эканини тушуниб етдим. Талабалар Ўзбекистондаги ҳаётимда ўзига хос қўлланма бўлишди.

Қолипларсиз дарс бериш

Мен ўз бурчимни мана шу нарсада кўрдим. Менинг вазифам ўқишга бўлган қизиқишни уйғотиш эди. Қолиплар бўйича дарс бермадим – зерикарли слайдлардан фойдаланмадим. Бизда мулоқот бор эди. Биласизми, агар ниманидир самимий ва чин юракдан қилсангиз, бошқа йўл йўқ, у албатта тўғри ва ҳаққоний амалга ошади.

Мамлакатимизда ўқитувчиларга бўлган муносабат менда катта таассурот қолдирди. Болаликдан устозга бўлган ҳурмат тарбияланади. Ўзинг билганларнинг бир қисмини ўргатиш ҳам устозликдир. Биз ҳар доим шогирдларимизнинг дунёсини тушунишга ҳаракат қиламиз. Устоз ақллилик қилмайди, энг аввало тинглайди, эшитади. Мен ўзимни айнан шундай тутганман ва ҳар бир талабанинг имкониятларини билиб олганман. Мен талабалар учун қайғурдим, улар эса буни кўриб ҳаракат қилишди. Талабалар худди лакмус қоғозига ўхшашади – ҳамма нарсани сўриб олади. Мен ҳанузгача уларнинг биринчи имтиҳондаги ишлари ва ёзувларини сақлайман. Улар менга ҳар бир ўқувчининг суратини яратишда ёрдам берган. Таъкидлаш жоиз, маъруза тугади дегани, устозлик тугади дегани эмас. Бу узлуксиз жараён, у билан яшаш керак. 

Таълим бериш — катта масъулият

Мен масъулиятли одамман, лекин ишимни натижа учун вазифани талаб даражасида бажариб қўйиб, 5 баҳо оладиган аълочи каби бажармайман. Ҳар бир маъруза олдидан керакли тўлқинга созланиб оламан. Ҳар бир айтилган сўз ўзидан, катта ёки қичик бўлса-да, из қолдиради.

Мен учун мулоҳаза муҳим эди. Биз фақат гаплашиб ўтирган дарслар ҳам бўлган. Ва ана шундай мулоқотлар ёрдамида мен талабаларга мавзунинг моҳиятини етказардим. Биз ҳаётий мисолларни таҳлил қилардик, мен ўз тажрибам билан бўлишардим. Дарс ўтишнинг бундай усули ўзаро ишончли муносабат ўрнатишда яхши самара беради. Афсуски, талабаларимиз маърузаларда жимлик сақлашга ўрганиб қолишган. Улар ҳатто муҳим савол бўлса ҳам сўрашмайди. Мен буни ўзгартиришга ҳаракат қилдим – уларни гапиришга мажбур қилдим. Ростини айтсам, уларнинг фикрини эшитиш қизиқарли бўлган.

Талабалар менга мен уларга бергандан кўра кўпроғини беришди

Ўқитувчи ҳамма нарсани билиши керак деб ҳисобламайман. Мен берилган саволга жавоб беролмаслигимни тан олишдан қўрқмаганман. Ҳеч қачон билағон бўлиб кўринишга уринмаганман. Институтдаги икки йиллик фаолиятим давомида бирон марта ҳамкасбларимга ёрдам сўраб мурожаат қилмаганман.

Ҳар куни янги бир нарса кашф қилинарди – ҳар бир суҳбат, ҳар бир талаба алоҳида дунё эди. Қандай қилиб ҳали жуда ёш йигитлар контрактини тўлаш учун Work and Travel дастури орқали хорижга чиқиб келаётгани ҳайратга солади. Мен уларга қойил қоламан. Шуни ҳам таъкидлаб ўтмоқчиманки, талабалар жуда меҳрибон. Аммо энг зўр кашфиёт, агар чин кўнгилдан бажарса, ҳар қандай шогирдни ўргатиш мумкинлигини тушуниб етганим бўлди.

Кун келиб тушуниб етдимки, агар яна бир йил дарс бериш учун қолсам, мен энди аввалги Мисс Сун бўлмайман. Кимдир тажриба бу – бир жойда 50 йил ишлаш деб ўйлаши мумкин. Гарчи бунда ходим йиллар давомида шунчаки қоғозларни бир жойдан иккинчи жойга таҳлаб юрган бўлса-да. Менимча, тажриба деганда мутлақо бошқа нарса назарда тутилади. 

Талабалар кўп нарсани кўрсатишди ва ўргатишди. Институтдаги икки йиллик меҳнат ҳаётимда муҳим рол ўйнади. Севимли талабаларим бетакрор муҳитни яратишди. Бу муҳит мени ҳануз илҳомлантиради. Бу касбни танлаш учун улкан масъулият ҳисси, касбга нисбатан ҳурмат туйғуси бўлиши керак деб ҳисоблайман.

Менимча, таълим беришнинг мукаммал формуласи йўқ. Асосийси, самимий бўлиш ва қилаётган ишингни севиш

Валерия Вааде суҳбатлашди

суратлар Суна Паркнинг шахсий архивидан