$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Тошкентнинг тарихий архитектураси “кушхона эшигида”

uza Фото: Kamol Azzam

Ижтимоий тармоқларда “Шарқ” нашриёти бинолари Моддий маданий мерос обектлари рўйхатидан чиқарилгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Бу эса ўз навбатида жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўляпти.

Тарихга назар

2023 йил 20 сентябрида Давлат активларини бошқариш агентлиги “Шарқ” нашриёт-матбаа корхонаси бинолари ва ЎзА биносини ягона мулкий мажмуа сифатида савдога қўйган эди. Бу орқали ушбу биноларни хусусийлаштириш режа қилинган деса ҳам бўлади. Аммо ушбу янгилик жамоатчиликнинг кескин норозилигини келтириб чиқарган, бунинг орқасидан Маданий мерос агентлиги ҳар иккала бино Ўзбекистон моддий-маданий мероснинг кўчмас мулк обектлари миллий рўйхатига киритилганини эслатиб, уларни ауциондан олиб ташлаш бўйича огоҳлантириш берганди.

Шундан сўнг Давлат активларини бошқариш агентлиги объект ҳудудида жойлашган бино-иншоот ёки ер майдонининг қайси бири маданий мерос объекти ҳисобланишига аниқлик киритиш бўйича Маданий мерос агентлиги билан иш бошлаган эди. Бу орқали агентлик Тошкент рамзларидан бири ҳисобланган 16 қаватли модернизм ёдгорлиги — ЎзА биноси маданий мерос объектлари рўйхатига киритилмаганига даъво қилган.

Ўз навбатида Маданий мерос агентлиги берган баёнотида “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида"ги қонуннинг 23-моддасига мувофиқ, давлат мулкида турган моддий маданий мерос обектлари давлат тасарруфидан чиқарилиши ва хусусийлаштирилиши мумкин эмаслиги белгиланганини ҳам қайд этиб ўтган.

Ушбу мнуосабатдан сўнг Давактив “Давлат мулкини бошқариш тўғрисида"ги қонуннинг 26-моддасида хусусийлаштирилмайдиган давлат мулкига эгалик қилишга ёки ундан фойдаланишга ижара шартномасига ёки давлат мулкини ишончли бошқариш шартномасига, давлат мулкидан текин фойдаланиш шартномасига, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга, шу жумладан консессия шартномасига асосан йўл қўйилиши мумкинлигини алоҳида эслатиб ўтганди.

Бугунги можаро нимада?

Бугун эса “Gazeta.uz” томонидан “Шарқ” нашриёт-матбаа корхонасининг Буюк Турон кўчаси, 41-уй манзилида жойлашган бинолари Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк обектлари миллий рўйхатидан чиқарилганлиги ҳақида мақола жойланди. Бунда Ўзбекистон Қонунчилик маълумотлари миллий базаси — “Lex.uz”даги Миллий рўйхатга киритилган ўзгартишларда ушбу иншоотлар чиқариб юборилганлиги исбот қилиб кўрсатилмоқда.

Маълумот учун, Ўзбекистонда моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхати Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги қарори билан шакллантирилган. Қарорнинг иловасининг аввалги таҳририда Тошкент шаҳридаги моддий маданий мерос обектлари рўйхатида 87-рақам остида 1927 йилда қурилган “Илгариги „Правда Востока“ газетаси босмахонаси биноси”, 88-рақам остида эса ХХ аср давомида шаклланган “Шарқ” нашриёти матбаа корхонаси бинолари” кўрсатиб ўтилган эди.

Қарор иловасига эса Вазирлар Маҳкамасининг 2024-йил 15-январдаги 28-сонли янги қарори асосида ўзгартириш киритилган. Янгиланган қарор иловасида Тошкент шаҳридаги моддий моддий маданий мерос обектлари рўйхатида 87 ва 88-обектлар йўқ, рўйхатда 86-обектдан кейин 89-обектга ўтиб кетган.

Қўшимча қилиш керакки, “Шарқ” НМАК Учтепа тумани Катта Хирмонтепа кўчаси 1-уй манзилида жойлашган янги бино-иншоотларга кўчирилмоқда. Бу эса муҳокамаларни икки бараварга жиддийлашишига ҳам олиб келишига сабаб бўлиши тайин.

Барчаси уюштирилган ишларми?

Мазкур хабар чиққанидан кейин жамоатчилик фаоллари, блогерлар буни уюштирилган ишлар эканлигидан шубҳа қилишмоқда. Жумладан, иқтисодчи блогер Отабек Бакиров ҳам бунга ўзининг қарашларини бериб ўтган. 

“Рўйхатдан чиқарилиш, катта эҳтимол, бу бинонинг ўзлигига хос архитектура ечимини сақлаб қолган ҳолда таъмирлаш эмас, "прихватизация қилиб" бузишни ва ўрнига бошқа бир дидсиз алламбалони қуришни англатади.” – дейди у ўз блогида.

Шунингдек, Муҳрим Аъзамхўжаев ҳам бу иш кутилган ишлигини айтиб, қайсидир мансабдор буюртмаси асосида қилинганлигидан шубҳа қилмоқда.

Шу билан бирга у “Қачондир навбатдаги ёпиқ қарор билан Самарқанддаги Регистон ва Бухородаги Пои-Калонни ҳам моддий маданий мерос объектлари рўйхатидан чиқариб, дўсту биродарларга текинга совға қилиб юборишмагунича – ҳисобмас. Сайлаб ва тайинлаб қўйилган бу вакилларимиздан мен таниш-билишчиликдан, коррупциядан холи шундай қарорларни кутаман. Улар мен билдирган ишончни яна бир карра оқлашларига ишончим 1984 фоиз комил.” – деб ёзмоқда.

 “Ўқчи” қолибдими, “Tashkent city” у

Умуман олганда, Тошкент шаҳридаги “тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари” кеча ёки бугун бошлангани йўқ. Ҳозирги “Tashkent city”ни ҳам қачонлардир ҳамма “Ўқчи” маҳалласи номи билан таниган. 2017 йилда бошланган лойиҳа ўрнида 2 000 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилган. Маълум бўлишича мазкур жойнинг ўрнида замонавий шаҳар барпо қилиниши 1950 йилдан буён аҳолига хавф солган. 2017 йилда эса бу амалга ошди.

Иш шу даражада мувофаққиятли амалга ошдики, мазкур жойда яшаб келган аҳолининг тақдири эса ҳеч кимни қизиқтирмай қўйди. Ҳозир эса “Tashkent city” пойтахтнинг замонавий рамзларига айланиб улгирган.

 ДХХ эски биноси тақдири

Аввалроқ Буюк Турон кўчасидаги бошқа бир иншоот — Давлат хавфсизлик хизматининг тўрт қаватли собиқ қароргоҳи шу тариқа хусусийлаштирилган эди. Моддий маданий мерос обектларининг 2019 йилда шакллантирилган ва ҳукумат томонидан тасдиқланган рўйхатида ДХХ эски биноси ҳам бор бўлган. Бироқ Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 июндаги ёпиқ қарори билан бино рўйхатдан чиқарилган. Шу куннинг ўзида Давактив ушбу бино Абдулазиз Комиловнинг ўғлига алоқадор компания томонидан сотиб олинганини эълон қилган. Тезкорликка қойил қолмай илож йўқ. Қандай хабар топгани эса, мутлақо тасодиф бўлиши керак.

2023 йил июлида ушбу бинони бузиш ишлари бошланди. Бугунги кунга келиб бинонинг машҳур ертўлаларига қадар демонтаж қилинган. Унинг ўрнида, жумладан, 22 қаватли меҳмонхона қурилиши режалаштирилган.

Иккига ажралган “Миллий боғ”

Бундан мисоллар талайгина. Улардан яна бири эски “ Миллий боғ” ” масаласи. 2020 йилда дарахтзор ҳамда кўллардан иборат бўлган шаҳарнинг марказий боғларидан бўлган “Миллий боғ” қайта реконструкция қилиниши ҳамда боғнинг бир қисмида кўнгилочар иншоотлар қурилиши режалаштирилгани эълон қилинди. Мазкур режада боғнинг яшиллиги сақлаб қолиниши айтилган эди. Лекин, кейинчалик боғнинг 7 гектар майдонидаги дарахтларнинг деярли ҳаммаси кесилиб, 27 та иншоот қурилиши айтилган. Боғда кафе, ресторан, дўконлар қурилган. Бундан ташқари боғдаги “Ёшлик” (эски “Комсомол”) кўлининг бир қисми қуритилиб, ўрнида кичик фонтан қурилди. Маълумотларга қараганда боғ ҳудуди иккига бўлиниб, “Миллий боғ” ва “Magic city” очилганда эски боғнинг 50 фоиз яшиллиги сақланиб қолган холос.

Бундай ҳоллар нимани англатишини билмадик-ку, аммо Тошкентни тошга айлантираётганлар бу шаҳар архитектурасига қаратилган “қотилликлар” учун авлодлар нафратига қолса керак...

Теги :
Jamiyat
Iqtisodiyot