“Оғриқлар рақами” кескин ўсиб бормоқда: Оилавий ажримлар – жамиятнинг таназзули
Ҳар бир рақам ортида бир неча тақдирлар бор. Нима учун Ўзбекистонда ажримлар сони бунчалар кескин юқорилаб боряпти?
3 daqiqa o‘qiladi

Охирги вақтларда телевидение ёки ижтимоий тармоқларда оила, эр ва хотин ўртасидаги муносабатларга тегишли мавзуларда кўплаб кўрсатув ва видеолойиҳалар тақдим этиб борилмоқда. Буларга пропорционал равишда негадир ажримлар сонида ҳам кескин юқорилаш кузатилган. Қизиқ, нима учун Ўзбекистонда ажримлар сони бунчалар юқорилаб кетди?
“Оғриқлар рақами” кескин ўсмоқда
Ўзбекистонда 2012 йилда 17 879 та ажрим ҳолати кузатилган. Айни шу йилга қадар ажримлар сони нисбатан стабил равишда шу рақам атрофида бўлган. Шундан сўнг, 2013 йилда 24 мингдан ортиқ, 2014 йилдан бошлаб бу “оғриқлар рақами” 28 мингдан 32 мингга қадар ўсиб борган. 2021 йилга келиб, вазият кескин ёмонлашиб, 39 349 тани ташкил қилган. Энг ёмони, охирги 4 йилликда кескинлаша бошлаган ажримлар сони 2022 ва 2023 йилда яна 10 мингтага ошган.
Ғалати парадокс
Аксар ҳолларда мутахассислар томонидан қишлоқ жойларидаги одамларнинг етарлича иш билан таъминланмагани, таъминланса-да, маошларнинг озлиги сабаб, фуқароларнинг мигрант сифатида четга йўл олиши ҳам оилаларнинг парокандаликка юз тутишига сабаб бўлиши айтилади. Баъзи кўрсатув ва бугунги рақамлардан ҳам қишлоқ жойлардаги турмуш тарзи нисбатан оғирлигини англаш қийин эмас. Бу қийинчиликлар ўз-ўзидан инсонларда қандайдир жиззакилик ва жаҳл, муносабатларда агрессивликни келтириб чиқариши мумкин. Аммо “оғриқлар рақами” бизнинг бу хаёлотимизга кескин терс келмоқда. Рақамларга қаралса, қишлоқ ҳудудлардаги ажримлар сони 2022 йил ҳолатига 18 647 тани, шаҳар ҳудудларидаги жаримлар сони эса нақд 30 086 тани ташкил қилмоқда.
Энди йўқчилик эмас, тўқчилик ҳам муаммоми?
Бундан келиб чиқадики, аввалги сценарийлар эскирган. Бундан буёғига вазият йўқчилик билан эмас, тўқчилик билан боғланаётгандек кўриниш олмоқда. Эндиликда, бу яна бир янги муаммоларни келтириб чиқариши тайин. Эндиликда қишлоқ жойларидаги шарт-шароитлар, яшаш сифатини яхшилашга эришиб ҳам оила аталмиш қўрғонни сақлаб қолиш мушкуллашиши мумкин.
Ҳар бир рақам — бир неча тақдирлар
Тўғри, бу статистика ким учундир, шунчаки, ўсиб бораётган рақамлар бўлиши мумкин, аммо бу жуда катта фожиа. Ҳар бир рақам ортида бир неча инсоннинг бутун умрини ўзгартириб юборувчи бурилиш, ҳаёт давомида унутилмас руҳий жароҳат, эҳтимолий ночорлик ва йўқсиллик ётган бўлиши мумкин. Бундай ажримлар сони аслида бундан ҳам кўп бўлиши мумкинлиги инсонни яна-да қўрқувга солиб, ёқимсиз ўйга чўмдиради.
Ажримларнинг асосий сабаби нима?
Хўш, ажрашиш нима сабабларга кўра юз беради? Фарзандсизлик, ичкилик ва бунинг натижасидаги оиладаги нотинчликлар, моддий етишмовчиликлар, миграция... Сабаблар топай десак, тугамайдигандек, гўё. Умуман олиб қараганда, оила ҳам бир давлат. Мамлакат ичидаги кичик бир “давлатча”лар. Нима деб ўйлайсиз, кичик бир давлатда бўлган ёки бўлаётган парокандалик кўплаб инсонлардан иборат жамиятга ё мамлакатга таъсир қилмайдими?
Бефарқ бўлиш иложсиз
Масалан, бугунги кунда бўлаётган Исроил - Фаластин, Россия - Украина, Хитой - Тайван, Жануби Корея - КХДР уруши ҳамда можаролари. Бу бир нечта давлатлар ўртасида содир бўлаётган зиддият ва тўқнашувлар бутун дунёга ўз таъсирини ўтказаётганидек, юқорида келтирган 49 мингга яқин оиланинг ажрими ҳам бутун бошли Ўзбекистонга ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Майли, фақатгина жисмоний соғлом одам бунга парво қилмас, англамас, аммо руҳий соғлом инсон борки, атрофидаги бундай вазиятдан оғринади, жабрланади.
Барча йўллар бир манзилга элтади
Юқорида келтирган маълум бир сабабларимизга, мисол учун, биологик сабабларга ечим топиш, балки, муаммодир. Бироқ қолган ажримлар сабаб йўли тўғридан-тўғри бизни бир манзилга элтмоқда. У манзил бу ҳолатларни олдини олишга жиддий уриниши муаммодек кўринади. Бундай вазиятга фақатгина келажак авлодни илмли қилиб нисбатан барҳам бериш мумкин. Шу орқалигина ўша асарда айтилганидек “ёмон қон” тозаланиши мумкин. Аммо бу иложсиздек кўринади. Ҳамма-ҳаммаси бу “туманлар” ичида эътиборсиз қолиб кетадигандек.



