"Шоҳ сохта экан": ҳайдовчининг автомобилидан наркотик деб топилган модда кўчат уруғи бўлиб чиқди
Ҳозирда ходимларнинг ҳаракатлари юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ томонидан хизмат текшируви ўтказилмоқда.
1 daqiqa o‘qiladi

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида фуқаронинг ИИО ходимларининг ҳаракатидан норозилиги акс этган видео тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан пойтахт ИИББ матбуот хизмат муносабат билдирди.
Воқеа Юнусободда содир бўлган
Маълум қилинишича, воқеа шу йилнинг 26 январь куни тахминан соат 03.00 ларда Юнусобод туманидаги «Уч қаҳрамон» ЙПХ масканида содир бўлган.
У ерда хизмат олиб бораётган ЙПХ ва ППХ ходимлари томонидан 1994 йилда туғилган О.К бошқарувидаги Lacetti русумли автомашина тўхтатилган.
Ҳайдовчи ўзини шубҳали тутган
Қайд этилишича, ҳайдовчи ўзини шубҳали тутганлиги сабабли автомашина текширилган ҳамда салони ичидан елим идишда гиёҳванд моддага ўхшаш модда борлиги аниқланган.
Ҳайдовчи ушбу модда нима эканлигига аниқ жавоб бера олмаганлиги сабабли ходимлар туман ИИО ФМБдан мутахассисларни чақиртиришган.
Хизмат текшируви ўтказилмоқда
Ўрганиш жараёнида ушбу модда оддий кўчат уруғи эканлиги аниқланган, ҳайдовчининг ҳаракатида қонун бузилиши ҳолатлари бўлмаганлиги сабабли унга нисбатан баённома расмийлаштирилмаган.
Ҳозирда ходимларнинг ҳаракатлари юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ томонидан хизмат текшируви ўтказилмоқда.



