Ҳар йили дунёда 311 минг аёл бачадон бўйни саратонидан вафот этади
18-45 ёшли аёллар орасида касалликлардан ўлим кўрсаткичи бўйича бачадон бўйни саратони кўкрак бези саратонидан кейин иккинчи ўринда туради.
2 daqiqa o‘qiladi

ЖССТ маълумотларига кўра, ҳар йили дунё миқёсида 570 мингдан ортиқ аёлда бачадон бўйни саратони биринчи бор қайд этилади. Уларнинг 311 мингги ушбу касаллик оқибатида вафот этади.
Бу борада мамлакатимиздаги вазият қандай?
Вирусология илмий текшириш институти ходими, тиббиёт фанлари доктори Шаҳло Садирова маълумоти кўра, Ўзбекистонда ҳам бачадон бўйни саратони барча ёшдаги аёллар ўртасида кўкрак бези саратонидан кейинги ўринда туради ва кенг тарқалган саратон хасталиги ҳисобланади.
Туғиш ёшидаги аёллар (18-45 ёш) орасида касалликлардан ўлим кўрсаткичи бўйича эса бачадон бўйни саратони кўкрак бези саратонидан кейин иккинчи ўринда туради.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, Ўзбекистонда бачадон бўйни саратони ҳар 100 минг аёлдан 11 нафарида учрайди.
1827 нафар бемордан 997 нафари вафот этган
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA)нинг 2021 йилдаги маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 1827 нафар аёлда бачадон бўйни саратони аниқланган ва улардан 997 нафари ушбу саратондан вафот этган.
Саратон йилдан йилга ортиб бориши мумкин
UNFPA таҳлилларидан келиб чиқадиган хулосалар эса анчайин аянчли бўлиб, Ўзбекистонда бачадон бўйни саратони билан касалланиш ва ундан бўлган ўлим кўрсаткичлари йилдан йилга ортиб боради. 2030 йилга келиб, 2100 нафар аёлда бачадон бўйни саратони кузатилади ва ўлимлар сони 1300 тага етади.
Айнан қайси ёшдаги аёлларда кўпроқ учрайди?
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, Ўзбекистонда бачадон бўйни саратонига чалиниш кўпроқ 35-55 ёшли аёллар орасида кузатилмоқда.
Саратоннинг олдини олиш учун нима қилиш керак?
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти аёлларга бачадон бўйни саратонига чалинмасликлари учун 25-49 ёш даврларида ҳар 3 йилда, 50-64 ёш даврларида эса ҳар 5 йилда скрининг текширувларидан ўтиб туришларини тавсия этади.
Эмланиш зарур
Қизларни келажакда бачадон бўйни саратони касаллигидан сақлаш учун эса уларни 9-14 ёш даврида одам папиллома вирусига қарши эмлаш тавсия этилади.
Бу қанчалик фойдали?
ВПЧ вакцина билан эмлашдан кейин инсон организми вирусга қарши таначалар ишлаб чиқаради. Агар вирус қачондир организмга кирадиган бўлса, унга қарши ҳимоя тизими ишлаб чиқилади.
ВПЧ вакцина билан эмлаш натижасида самарадорлик кузатилмоқда. Австралия, Бельгия, Германия, Швеция, Буюк Британия, АҚШ, Янги Зеландияда олиб борилган тадқиқотлар натижаларига кўра, эмланган аёллар орасида бачадон бўйи патологик ўзгаришлари юзага келиш ҳоллари камайиши яна ҳам аниқ кузатилди. Австралия ва Дания давлатларида касалланиш 80 фоизгача пасайди.



