“Кафанлигингга буюрсин”: қоидабузарлар қарғишига қолаётган хабарчилар
Савол: Қонунни била туриб бузган одам унинг қонунбузарлиги ҳақида хабар берган ва жамиятга шу тарзда наф келтирган одамни ҳақоратлаши қанчалар адолатли? Агар бу бутун бир жамиятга хос бўлсачи?
5 daqiqa o‘qiladi

Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда кўплаб инсонлар, айниқса, автомобил ҳайдовчилари автомашина билан боғлиқ бўлган қоидабузарликлар ҳақида тегишли органларга хабар бераётганлардан нолиб, жуда кўп видеочиқишлар қилмоқда. Бугунги кунда бу қатлам халқ орасида, асосан, "терпилалар" номи билан танилган. Улар ҳақида жуда кўп нафрат ва юморга оид видеолар ишланиб келинмоқда. Бироқ ушбу қатлам гарчи ўзимиз бир қарашда англамасак-да, ўзингизнинг фойдангизга ишлаётган, қаҳрамон бўлиб чиқиши мумкин. Ҳа, худди, шундай. Бу гапдан сўнг асабийлашиб, хаёлингизда бир қатор саволлар айланаётган бўлса, ўриндиғингизга яхшилаб жойлашиб олинг. Биз бугун шу мавзуда ҳикоя қиламиз.
"Терпилами" ё хабар берувчи?
Инглиз тилида "whistleblower", деган сўз бор. Бу сўз ўзбек тилига ҳуштак чалувчи ёки хабар берувчи деб таржима қилинади. Халқ ичида бундай одамлар чақимчи, "терпила" каби сўзлар билан номланади. Биз матннинг қолган қисмида хабар берувчи сўзидан фойдаланишни маъқул кўрдик. Хабар берувчи — нотўғри хатти-ҳаракатни тўғрилаш имкониятига эга бўлган шахсга фирибгарлик, коррупция ёки жамоат хавфсизлиги, саломатлиги учун эҳтимолий юз берувчи ва содир этилган хавф ҳақида хабар берувчи инсон. Хабар берувчиларга бутун дунёда давлатнинг солиқ тўловчилардан олган маблағини исроф бўлиши, нотўғри ишлатилиши каби номақбул ишларни фош қилиш ва олдини олишда энг яхши воситачиларидан бири сифатида қаралади. Масалан, АҚШда кўплаб катта ташкилот ва компаниялардаги фирибгарликларнинг олдини олиш ва фош қилишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан олдин мана шу тизим ишга тушади.
Мисол тариқасида
Швейцариянинг UBS номли банки АҚШда узоқ муддат солиқ тўлашдан қочиб келаётган бўлган. Бу маълумот аниқлангач, АҚШ ҳукумати Швейцария банкини 780 миллион доллар жаримага тортган. Маълумотни етказган инсонга эса, 104 миллион доллар рағбат сифатида берилган. 1971 йилда АҚШ ҳукумати Вьетнамдаги урушни асослаб бериш учун нотўғри маълумотларга асосланган ҳужжатлар тайёрлаб, ўз халқини алдамоқчи бўлади. Бироқ Пентагонда фаолият олиб борувчи кишилардан бири барчасини очиқлаб, халққа тўғри маълумотни етказади.
Рағбатлар
Ахборот берувчиларга нисбатан давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан, одатда, икки хил рағбат қўлланилади. Бири қопланган ёки қўйилган жариманинг маълум бир қисмини мукофот сифатида берилиши бўлса, яна бири уларни ҳуқуқий томонлама хавфсизлигини таъминлашдир. Мисол учун, Қўшма Штатларда маълум бир фирибгарликни фош этганлик учун қопланган сумманинг 30 % гача бўлган миқдори хабар берувчига мукофот сифатида берилади. Бундай катта суммаларнинг берилишига сабаб, хабар берувчининг рискка қўл уришида. Ҳар қандай хабар берувчи кейинчалик ўз иш жойида босим остида қолиши ёки бўшатилиши мумкин.
Хабар берувчиларнинг турлари
Хабар тарқатувчиларнинг икки тури мавжуд. Ички ва ташқи хабар берувчилар. Ички хабар берувчилар маълум ташкилотнинг ичидаги бирор шахс, раҳбарга хабарни етказса, ташқи хабар берувчилар хабарни ОАВ, тегишли орган ёки юқори даражадаги ташкилотларга етказади.
Жамоат назорати
Ахборот берувчилар кўплаб жамоат назорати юқори даражада шакилланган мамлакатларда тўғри қабул қилинади. Ҳаттоки, улар қилган ишларига қараб қахрамон сифатида ҳам кўрилади. Бундай жамиятларда одамлар қайсидир органлардан эмас, атрофидаги одамлардан чўчиб, нопок ишлар қилишдан тийилади.
Ўзбекистондаги муносабат
Бизнинг жамиятда бу каби инсонлар жуда ҳам қаттиқ қораланиши ва таҳқирланишини яхши биласиз.Биз юқорида хабар берувчиларнинг катта-катта ишларда ҳал қилувчи ўрин эгаллаганини, йирик миқдордаги маблағларнинг ўзлаштирилишини, ўмарилишининг олдини олганига тўхталдик. Энди Ўзбекистондаги вазиятга тўхталамиз. Ўзбекистонда жуда кам ҳолатларда "катта ишлар" ахборот берувчилар воситасида фош этилади. Деярли, бундай ҳолатлар учрамайди ҳам. Бизнинг юртимизда асосан маиший муаммолар ахборот берувчилар орқали ҳал қилинади. Асосан, автомобил йўлларидаги майда безориликлар шулар жумласидан. Шунга қарамай, ахборот берувчилар жуда катта хейт ва босим остида қолишади. Дўстлар, автомобиль йўлларида оғир бемор олиб кетаётган бўлсангиз, ёкида аёлингизни тўлғоқ тутаётган бўлса майлига, аммо бошқа барча вазиятларда айб ўзимизда эмасми? Биз эмасми шу қонунларни бузаётган, айланиб ўтиш йўлларини қидираётган, кимнингдир билмаслиги учун тиришиб ётган? Нега ўзингиз қилган хатолик, ҳуқуқбузарлик учун ўзгани айблайсиз, нафратланасиз?
Жамоатчилик муносабати
Ўз вақтида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси собиқ депутати Расул Кушербаев йўллардаги қоидабузарликни расмга олиб пул ишлашга оид тартибни "козёллар" жамиятини яратиш, деб баҳолаганди. Расул Кушербаев ўз Телеграм каналида йўллардаги қоидабузарликларни суратга олиб ДЙХҲБга жўнатувчилар ҳақида видеомурожаат шаклида пост қолдирган. Кушербаев аввал хусусий радар (ўрнатиб) ҳамда қоидабузарликни расмга олиб, сотиб пул ишлаётганлар ҳақида: улар бугун 10 минг сўм учун одамларни сотса, эртага 100 минг сўм учун Ватанини ҳам сотиши мумкин», дея изоҳ қолдирган эди. Бироздан сўнг изоҳ "Қоидабузарликни расмга олиб пул ишлаётганлар ҳақида: улар бугун 10 минг сўм учун одамларни сотса, эртага 100 минг сўм учун Ватанини ҳам сотиши мумкин", деб ўзгартирилган. Azon.uz сайти асосчиси Мубашшир Аҳмад йўл ҳаракати қоидалари бузилишини расм ёки видео кўринишида хабар қилиш борасида ўз муносабатини телеграмдаги саҳифасида қуйидагича ёзиб қолдирган: "Йўл ҳаракати қоидаларини тартибга солиш — шаръий сиёсат маҳсули. Шаръий сиёсат — шариатда далили йўқ масалаларни ҳоким томонидан жамиятга манфаатни жалб қилиш ва зарарни даф этишни ўйлаб жорий қилган фармон ё ҳукмидир ва унга риоя қилиш вожиб саналади. Масалан, светофор қоидалари, ўқ чизиқни босмаслик ва тезликни оширмаслик инсон ҳаёти ё соғлигини сақлаб қолиш учун жорий қилинган. Бинобарин бу ишлар жамиятга фойда келтиради ё зарарни даф қилади. Гарчи бу қоидалар янги пайдо бўлгани учун Қуръон ва Суннатда сариҳ ва равшан далилга эга бўлмаса-да, аммо бу икки манбадан олинган қоидалар ичида "манфаатни жалб қилиш ёки зарарни даф этиш" ҳам мавжуд бўлгани сабабли, бу қоидаларга риоя қилиш вожиб бўлади. Энди ана шу қоидаларни бузганларни масъул жиҳатларга етказиш мавзусига келсак, қадимда ислом диёрида муҳтасиблик ва иҳтисоб ишлари жорий қилинган. Муҳтасибнинг вазифаси жумладан жорий ҳукм ва қоидалар халқ томонидан қандай бажарилаётганини назорат қилишни ва ҳуқуқи берилган бўлса ҳатто жазолашни ўз ичига олган. Бинобарин ҳозирги ҳолатимизда йўл ҳаракати қоидаларига риоя этмаётганларни суратга олиб, тегишли жиҳатларга юбораётган кишиларни ана шу муҳтасибларга ўхшатсак бўлади. Чунки улар итоат этилиши керак бўлган қоидабузарликлар ҳақида хабар беришмоқда. Буни қонун чиқарувчи жиҳат жорий қилган ва уларни бу ишларини қўллаб-қувватлайди. Агар ҳақлари йўқ ва қонуний бўлмаган ишларни етказишса, яъни шариатда буюрилмаган ёки ҳоким амр этмаган ишларда айғоқчилик қилишса, у ҳолда хоин дея аталишлари мумкин. Мавзуни яхшилаб ўрганмоқчи бўлганлар "Шаръий сиёсат" ва "Ҳисба ва муҳтасиблик" мавзуларига мурожаат қилсинлар."



