$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Икки ўн беш бир ўттиз: Олганинг учун ҳам, йўқотганинг учун ҳам тўлайсан

qonun palata

Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Ички ишлар вазирлиги ташаббуси билан киритилган миграция ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасини такомиллаштириш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси мунозараларга сабаб бўлмоқда.

Қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон фуқаросининг паспортини, идентификацияловчи ID картасини ва (ёки) хорижга чиқиш учун биометрик паспортини қасддан яроқсизлантириши ёхуд уни эҳтиёт қилиб сақламаганлиги оқибатида йўқотиб қўйиши, шунингдек Ўзбекистон ҳудудида доимий яшовчи чет эл фуқаросининг ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг ҳаракатланиш ҳужжатини ва (ёки) идентификацияловчи ID картасини (Ўзбекистонда яшаш гувоҳномасини) қасддан яроқсизлантириши ёхуд уни эҳтиёт қилиб сақламаганлиги оқибатида йўқотиб қўйганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари (амалда ярим баравар) миқдорида (680 минг сўм) жарима қўллаш белгиланмоқда.

Қасддан йўқотиш ва эҳтиётсизлик билан йўқотиш орасида фарқ бор

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ўктам Исломовнинг таъкидлашича, ушбу қонун лойиҳасида маъмурий жавобгарлик чоралари аслида амалдагидан кўра оғирлаштирилаётгани яққол сезилиб турибди.

223-модда икки қисмга ажратиляпти. Биринчи қисмда паспортни муддати ўтгани ёки маълумотлари ўзгаргани сабабли алмаштириш масаласида БҲМнинг бир баравари миқдоридаги жарима кўзда тутилмоқда. Амалдаги тартибда 0,5 дан 3 бараваригача эди. Модданинг 2-қисмида паспортни йўқотиб қўйса ёки қасддан шикаст етказса, БҲМнинг 2 баравари дейиляпти. Амалда эса бу ҳолатда ҳам 0,5-3 бараваргача эди.
Амалиётдаги ҳолатлар таҳлил қилинганда, бу турдаги жавобгарликлар учун асосан БҲМнинг 0,5 миқдорида жарима қўлланилган. Энди эса ярим оклад бўлиб турган жарима 4 бараварга ошириляпти. Бу нотўғри. Ўйлашимча, амалдаги БҲМнинг 0,5 баравари ҳолатида қолдириш, агар такрорланса, миқдорини ошириш лозим, — деди Ўктам Исломов.

Депутат қасддан йўқотиш ва эҳтиётсизлик билан йўқотиш орасидаги фарқни айтган. Унинг таклифига кўра, ҳар иккаласини алоҳида кўрсатиб, жавобгарликни ҳам шунга қараб енгиллаштириш керак.

Нега энди ID картани расмийлаштириб олишда тўлов тўлаган фуқаро ўз мулкини йўқотганда ҳам жарима тўлаши керак? 

Айтиш керак, бугунги кунда фуқароларимизнинг деярли ҳаммаси фуқаролик паспортларини ID картага алмаштириб бўлди. Тўғри, илгари йўқотилган паспортлардан ғаразли мақсадларда фойдаланиш имкони бор эди. Лекин ҳозирги рақамли технологиялар ривожланган даврда бунинг имкони йўқ. Яна бир муҳим масала. Қонун лойиҳасида ID карта эгаси уни йўқотганда ёки эҳтиётсизлик туфайли яроқсиз ҳолга келганда икки баравар жарима тўлаш белгиланяпти. 

Нега энди ID картани расмийлаштириб олишда тўлов тўлаган фуқаро ўз мулкини йўқотганда ҳам жарима тўлаши керак? Бу жазо керакми? Лекин қонун ташаббускорлари жим. Шахсан мен маъмурий жазони олиб ташлаш тарафдориман, — деди депутат.

Маъмурий жарима қўллаш – мантиқсизлик

Қонун лойиҳасининг муҳокамасида иштирок этган депутат Дониёр Ғаниевнинг айтишича, тўловнинг оширилиши тугул, бу жараёнда фуқарога маъмурий жарима қўллаш – мантиқсизлик.

“Кўтаришга асос нима ўзи? Асос қилиб кўрсатишаётган давлат раҳбари имзолаган ҳужжатда [жарима миқдорини] кўриб чиқиш кераклиги айтилган, кўтариш керак дейилмаган.
Жойларда ID картани янгилаш учун тўланадиган жаримани кўпчилик одамлар жарима эканини ҳам билишмас экан, шунчаки тўлов деб билишади. Нечта ҳолатда маъмурий жарима билан, нечта жойда маъмурий жаримасиз янгилаб берилди, деган савол билан статистика сўраган эдим, ҳали беришгани йўқ. Одамлардан олган маълумотимга кўра, ҳар қандай ҳолатда ҳужжатни янгилаш учун пул тўланар экан. Демак, бу ерда қандайдир манфаатлар бор, деган фикр келди. Иккинчи мантиқли савол ҳам бор: ўзи нега тўлов қилиш керак?
ID картани олиш учун тўлов қилинади, бу хизмат учун бўлади. Шу тўлов қилингач у ID карта қайсидир маънода фуқаронинг шахсий мулкига айланади. Тўғри, паспортда давлат мулки деб ёзилади, аммо бу ҳужжат дегани эмас, балки фуқаролик статусига нисбатан айтилади, менимча. Аммо ID картада бундай нарса ёзилмаган. Шундан келиб чиқиб савол туғиляпти. Дейлик, мен уни йўқотиб қўйсам, нега жарима тўлашим керак, ишлаб чиқариш харажатларини тўлаганман-ку? Яна қайта оладиган бўлсам, бу сафар ҳам фақат ишлаб чиқариш харажатларини тўлашим керак, бу тўғри. Лекин нега бу маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида кўрилиши керак?”– деди у.

Ғаниевнинг қўшимча қилишича, банк пластик карталари билан боғлиқ ҳолатда ҳам янги карточка учун фақат ишлаб чиқариш харажатлари қопланади, аммо қўшимча равишда жарима ундирилмайди. Фуқаролик ҳужжати йўқотилган тақдирда унга жарима қўлланиши ёки жариманинг оширилишида мантиқ йўқлиги айтилди.

Теги :
Jamiyat
Iqtisodiyot