$
 12814.78
-14.29
 13442.70
97.9
 123.50
-1.41
weather
+26
Кечаси   +14°

ЎТМИШ ТАРИХИМИЗНИ ЎРГАНИШ – МАЪНАВИЙ-МАЪРИФИЙ РИВОЖЛАНИШ МАНБАИДИР

IES3

“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича кўзда тутилган тадбирлар доирасида, “Тўрақўрғон ИЭС қуриш дирекцияси” унитар корхонаси касаба уюшмаси қўмитаси томонидан 30 кишидан иборат электр станциясининг бир гуруҳ ишчи-ходимлари учун қўшни Фарғона вилоятининг муқаддас зиёратгоҳлари, қадамжолари ҳамда диққатга сазовор тарихий масканларига ички туризм саёҳати уюштирилди.

Саёҳат Марғилон шаҳрида жойлашган Пирисиддиқ мақбарасидан (XVII-XIX асрлар), XII асрда туғилиб, яшаб ва ижод қилган буюк аллома, ислом олами мавқеида 3-ўринда турувчи “Ҳидоя” асари муаллифи Бурхониддин Марғиноний чиллакхонаси (ижодхонаси) зиёратидан бошланди. 

Қўҳна ва навқирон Марғилон шаҳридаги зиёратгоҳлар – атоқли шоира Увайсий уй-музейи, давлат арбоби ва шоир Эркин Вохидовнинг мемориал музейи каби олис ва яқин тарихимиздаги обидалар авлодлар ўртасидаги ўзаро чамбарчасликни ўзида намоён қилиши билан кишини ҳайратга солади. 

Саёҳатчиларда Марғилондаги XIX асрнинг 80-йилларида барпо этилган “Ёдгорлик” пилла фабрикаси қатта қизиқиш уйғотди – ўзбек аёлларининг миллий кийими бўлмиш ипак атлас ва адрас (икат) тўқиш жараёнини акс эттирувчи тарихий экспонатлар, қадимий қўл дастгоҳлари чет эллик туристларнинг ҳам эътиборини тортиб келмоқда.  

Уста ҳунармандлар ва кулолчилар маскани Риштондаги ҳунарманд Рустам Усмонов уй-музейида миллий кулолчилик буюмлари кўргазмаси ҳам катта қизиқиш уйғотди. 

Қўқон шаҳрида XIX асрда бунёд этилган Худоёрхон ўрдаси билан танишиш зиёратнинг энг асосий қисми бўлди, чунки бу ердаги мавжуд стендлар ва экспонатлар ўтмиш ҳаётимизнинг барча саҳифаларини кенг очиб беради. Шаҳарда, шунингдек Мир ёҳуд Норбўтабий ҳамда Занбардор мадрасалари, буюк аждодларимиз ҳаёти ва ижодига тааллуқли кўпгина бошқа тарихий обидалар мавжуд бўлиб, уларни зиёрат қилиш ҳар бир инсон қалбида чуқур таассурот қолдириши бежиз эмас. 

Касаба уюшмаси қўмитаси Ёшлар иттифоқи бирламчи ташкилоти фаоллари билан биргаликда умуммиллий лойиҳа доирасида йил давомида мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларидаги тарихий обидалар ва зиёратгоҳларга ҳам саёҳат ташкил этиш режалаштирмоқда.