$
 12149.84
7.74
 14003.91
-76.07
 151.10
0.57
weather
+26
Кечаси   +14°

“Авторитет”нинг нархи қанча?

avtoraqam

Қарийб 4 йилдан буён давлат учун “соққа” қилиш йўли, одамлар учун эса “авторитет”га айланган нарса бу автомобилларга “чиройли” рақам тақиш. Бу учун алоҳида платформа ҳам тузиб чиқилган. Одатий рақамларни давлат тўловини қилган ҳолда текинга олса, “чиройли” рақамлар (777,001,404,900 мисолида) эса платформа орқали сотиб олиниши керак. Ҳаттоки, қандайдир рақамга буюртма бериш имконияти ҳам бугунги кунда мавжуд.

Тушган пул қаерга кетади?

Шунингдек, авторақамлар платформада чиройлилигига қараб тоифаларга бўлинган. Рақамнинг тоифаси қанчалик юқори бўлса, нархи ҳам шунчалик ошиб бораверади. “Оддийгина рақамлардан тушган пул қаерга сарфланади?” деган савол туғилиши мумкин. Маълумот учун, авторақамларни онлайн-аукционларда сотилишидан келиб тушган маблағларнинг 80 фоизи – Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига, 20 фоизи – Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг моддий-техник базасини ривожлантириш, ходимларини моддий рағбатлантириш ва бошқа харажатлар Махсус жамғармасига йўналтирилиши белгилаб қўйилган.

“Соққали” иш

Қачонлардир бу ғалати ишдек қабул қилинган ва ҳеч ким пулга рақам сотиб олмаслиги тахмин қилинган эди. Афсуски, талаблар буни аксини кўрсатди. Айни ушбу “соққа” йўли ҳам талаблардан келиб чиқиб амалга оширилди. Бугунги кунда ушбу рақамлар одамларга “авторитет” сифатида хизмат қилмоқда. Авторақамларнинг нархи ҳам озмунча эмас. Масалан, аукциондаги энг паст, 7 тоифага мансуб рақамларнинг бошланиш нархи 1,7 млн. сўмга тенг.

Энг қиммат сотилган рақам

Шунингдек, рақамлар юридик ҳамда жисмоний шахслар учун ҳам тоифаланган. Шу кунгача энг қиммат сотилган авторақам(01 777 RRR) Тошкент шаҳри ҳудудига тегишли бўлган. Мазкур рақам юридик шахслар учун мўлжалланган бўлиб, ўтган йили 894 млн. сўмга сотилган. 2022 йилда эса энг қимматга сотилган авторақам 348 млн сўмни ташкил қилган ва у 90 777 UZB рақамига тўғри келган эди.

Бир ҳафтада 18 миллиард

Маълум бўлишича, 29 январдан 4 февралгача бўлган давр мобайнида авторақамлар савдо тизимига жами 38 068 та автотранспорт воситалари учун рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари жойлаштирилган бўлиб, шундан 33 869 таси жисмоний шахслар учун ва 4 199 таси юридик шахслар учун мўлжалланган. Айнан шу давр оралиғида 4 390 та авторақамлар бўйича аукцион савдолар амалга оширилган бўлиб, уларнинг жами суммаси 18,7 млрд. сўмни ташкил этган.

Юридик шахслар улуши атига 8 фоиз

Юқорида амалга ошган битимларнинг 92 фоиз улуши жисмоний шахсларга 17,2 млрд. сўмга тенг 4 184 та авторақам билан ва 8 фоиз улуши юридик шахсларга 1,5 млрд. сўмга тенг 206 та авторақам билан тўғри келди.

Энг қиммати 345 миллионга сотилган

Тузилган битимларнинг биттаси бўйича ўртача қиймат 4,3 млн. сўмни ташкил этиб, сотилган авторақамларнинг энг паст баҳоси 1,7 млн. сўмни, энг қиммат авторақамнинг баҳоси эса 345,1 млн. сўмни ташкил қилди. Бундан ташқари, платформанинг ахборот тизимида рўйхатдан ўтган талабгорлар сони 644 090 нафарни ташкил этмоқда, шулардан 617 498 нафари жисмоний шахслар ва 26 592 нафари юридик шахсларга тўғри келади.

Тоифа улушлари

Юқоридаги ҳолатга кўра, энг кўп сотилган рақамлар 2 тоифага тўғри келмоқда (26 фоиз). 9 фоиз улуш билан 5 тоифага тегишли рақамлар энг кам сотувга эга бўлган. Шунингдек, 1 тоифа рақамлар улуши 23 фоизга, 3 тоифа 18 фоизга, 4 тоифа 11 фоизга, 7 тоифа эса 13 фоиз улушга эришган.

Ҳудудлар кесими

Шунингдек, 1 ҳафталик битимларнинг энг кўпи Тошкент шаҳрида тузилган. Ундан кейинги ўринда эса 570 та билан Самарқанд вилояти турибди. Авторақамларга унчалик қизиқмайдиганлар эса 97 та битим билан жиззахликлар бўлиб турибди.

Маълумот учун, “чиройли” рақамлар сотилишида ўсиш кўрсаткичи 36 фоизга ошган.

 

Теги :
Avto