$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

Қаршида инсон ўлимига сабабчи бўлган 5 қаватли бино қурилиши ноқонунийлиги маълум бўлди

қурилишда

Жорий йилнинг 23 июнь куни Қарши шаҳрида юк кўтарувчи темир-бетон конструкцияларининг қулаши туфайли 1 киши ҳалок бўлган 5 қаватли бинонинг қурилиши ноқонуний эканлиги маълум бўлди. Бу ҳақда Қурилиш вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд қилинишича, Қашқадарё вилоят Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси томонидан ўрганиш ишлари олиб борилганида, “Насаф-Травел” компаниясига тегишли ушбу объектидаги қурилиш ишлари руйхатга олинмасдан, ноқонуний олиб борилгани маълум бўлди. 

Буюртмачи “Насаф-Травел” компанияси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 майдаги “Архитектура ва қурилиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 370-сон қарорининг, 5-иловаси, яъни, “Қурилиш-монтаж ишларини бошлаш ҳақида хабарнома юбориш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти”га мувофиқ, Қашқадарё вилоят Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциясини хабардор этмаган.

Шунингдек, мазкур объект қурилиши бўйича, Қарши шаҳар ҳокимининг 2018 йил 5 июндаги “Насаф-Травел” компаниясига тегишли 4566,92 кв.м ер майдонида жойлашган “Меҳмонхона ва ресторан”ни реконструкция қилишга ҳамда ўз ҳудудидан ёрдамчи бинолар қуришга рухсат этиш тўғрисида”ги қарори билан, “объект атрофини тоза сақлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини доимий бажариш ҳамда объектда қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун вилоят давлат архитектура қурилиш назорати инспекциясидан рухсатнома олиш юклатилган” бўлсада, буюртмачи “Насаф-Травел” компанияси томонидан ушбу талаб бажарилмаган.

Инспекция томонидан ушбу объект қурилиши бўйича буюртмачи “Насаф-Травел” компаниясини бир неча бор огоҳлантирган бўлишига қарамасдан, ноқонуний равишда объектда қурилиш-монтаж ишларини давом эттирган. Ва қурилиш меъёрларининг қўпол равишда бузилиши натижасида мазкур ҳолат келиб чиққан. Тадбиркорлик субъекти қонунда кўрсатилган эркинликларни суистеъмол қилган. Ноқонуний қурилиш ишларини амалга оширган.