“Қора дайжест”: 2024 йил 29 январь воқеалари
27 миллионни “ухлатган” фирибгар, Ўзбекистонга депортация қилинган аёл, 1,1 млрд. сўмли газ ўғрилари — куннинг “қора” хабарлари билан танишинг.
2 daqiqa o‘qiladi

1,1 млрд. сўмли газ ўғрилари ушланди
Қашқадарёда ўтказилган тезкор тадбирда 5 нафар шахс ўзаро жиноий гуруҳ тузиб, Нишон тумани Ширинобод маҳалласи ҳудудидан кесиб ўтувчи “Epsilon Development company” МЧЖ хорижий корхонасига тегишли газ конденсати қувурини тешиб, жўмрак ўрнатиш орқали қиймати 17,4 млн сўмлик 8,9 тонна конденсат ёқилғисини ўғирлаб чиққан вақтида далилий ашёлар билан ушланган. Олиб борилган текширув ҳаракатлари давомида мазкур жиноий гуруҳ томонидан жами 1,1 млрд сўмлик 568,5 тонна газ конденсати ёқилғиси талон-торож қилингани аниқланган.
Фирибгар аёл Ўзбекистонга депортация қилинди
Кўп миқдордаги пул маблағларни фирибгарлик билан ўзлаштиришда айбланиб Туркияда қўлга олинган аёл Ўзбекистонга депортация қилинди. Қайд этилишича, 66 ёшли Рита Халилова ИИВ томонидан 2016 йилдан буён қидирувда бўлган. У 13 январ куни Ўзбекистон ва Туркия Ички ишлар вазирликлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Истанбул шаҳрида қўлга олинган.
Аёл 28 январ куни консулхона дипломатлари иштирокида Истанбул халқаро аеропортидан Ўзбекистонга депортация қилинган.
Божхона ходимининг қўполлиги акс этган видео тарқалди
2024 йил 27 январ куни ижтимоий тармоқларда Андижон вилоятида жойлашган “Дўстлик” божхона постида божхона ходими чегарани кесиб ўтаётган аёлга жуда қўпол муносабатда бўлгани ва унинг сумкаларини тепиб ташлагани тасвирланган видео тарқалди. Андижон вилояти божхона бошқармаси ўз муносабатида видеодаги ҳодиса 2023 йил 25 октябр куни бўлганини маълум қилди. Қайд этилишича, ҳозирда ходимнинг хатти ҳаракатига нисбатан хизмат текширув тайёрланиб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
27 миллионни “ухлатган” фирибгар қўлга тушди
Сурхондарёда ўзганинг пластик картасидаги 27 млн сўмни ўзлаштирган шахс ушланди. Унга кўра, Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида яшовчи 23 ёшли М.М. ИИО га мурожаат қилиб, ўзига тегишли бўлган банк картасидан номаълум шахс томонидан 27 млн сўм ечиб олинганини маълум қилган. Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирида мазкур жиноятни Сурхондарё вилояти, Жарқўрғон туманида яшовчи 28 ёшли К.Б. содир этгани аниқланган. Шунингдек, ушбу шахс интернет фойдаланувчиларига Телеграм мессенжери орқали турли хил мазмундаги ёлғон эълонлар остида сохта ҳавола жўнатиб келган. Бу ҳаволага банк картаси маълумотларини киритган фуқароларнинг карталари бошқарувини қўлга киритиб, улар ҳисобидаги пулларни ўзининг банк картасига ўтказиб олиб, эҳтиёжларига ишлатиб юборган.
“Тахтақорача”да қатновлар тўхтатилди
Душанба куни соат 10:20 дан Китоб туманидан ўтган М-39 автомобил йўлининг “Тахтақорача” довони автомобиллар ҳаракати учун вақтинча ёпилди. Бунга кучли қор ёғаётгани сабаб бўлган. Шундан нкейин ФВВ довонни 15:00 да автомобиллар ҳаракати учун қайта очилганини маълум қилди.



