$
 12940.44
-22.54
 13336.42
-41.38
 126.85
3.17
weather
+26
Кечаси   +14°

10 декабрь — Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинган кун

madhiya

Бундан роса 31 йил аввал Ўзбекистон Олий Кенгашининг (ҳозирги Олий Мажлис) 11-сессиясида Ўзбекистон давлат мадҳияси қабул қилинган. Мадҳиямиз маъқулланганига қадар кўплаб босқичлардан ўтган. Хўш, мадҳиямиз билан боғлиқ қандай қизиқарли воқеалар содир бўлган? Ушбу мақолада мадҳиямиз тарихи ва у билан боғлиқ қизиқарли воқеаларни ўқишингиз мумкин. 

Яратилиш тарихи

Аввало, мадҳия мусиқаси яратилиши тарихига назар солсак. Бу жараён мустақил Ўзбекистон тарихидан аввалроққа бориб тақалади. 1946 йилда СССРнинг илк мадҳияси пайдо бўлганидан сўнг Ўзбекистон ҳам ўз мадҳиясини яратишга киришади. Мадҳия мусиқаси бўйича танлов эълон қилинади. Унда ўша вақтлар энди ижодини бошлаган бастакор Мутал Бурҳонов мусиқаси ғолиб чиқади. "Бошқа юмушларни четга суриб, бутун вужудим билан ишга киришдим. Ўзбек халқ мусиқасининг рангин оҳангларини изладим, чунки унда шашмақомимизнинг гардун йўли бор... Ниҳоят, мадҳияни тугатдим. Ноталарини тайёрлаб, конвертга солдим-да устига “Поэма” деб шартли ном қўйиб, ҳайъатга жўнатдим", - дея ёзган бастакор ўзининг “Кўнгил хазинаси” китобида. 1967 йилга келиб, Ўзбекистон ССР мадҳияси матнига Туроб Тўла томонидан айрим ўзгартиришлар киритилади, аммо мусиқа ўзгартирилмайди. Бу ҳақида бироз кейинроқ... 

Мустақил Ўзбекистон мадҳияси 

1990 йилнинг 24 мартида Ўзбекистон Олий Советининг биринчи сессияси ўз ишини бошлайди. Олий Совет қарори билан Маданият, фан, халқ таълими ва маданий меросни асраш қўмитасига Ўзбекистон Республикаси янги мадҳиясининг матни ва мусиқасини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилади. 

1991 йил 5 апрель куни қўмитанинг Пиримқул Қодиров раислик қилган йиғилишида фақат битта “Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси” учун тақдим этилган шеърларни саралаш” масаласи кўрилади. Йиғилишда 90 га яқин тахаллуслар билан қатнашган шоирларнинг 12 та шеъри кейинги босқич учун танлаб олинади. 

Янги мадҳия асоси

Орадан икки ой ўтгач, давлат мадҳияси мусиқаси учун тақдим этилган асарлар танлови ҳам ўтказилади. Танловда 30 га яқин мусиқий асарлардан биронтаси ҳам комиссия аъзоларига тўла маънода маъқул келмайди. 2 та мусиқий асар эса қайта ишлаш шарти билан иккинчи турга ўтказилди. Йиғилиш якунида таниқли мусиқашунослар фикрига таянилиб, ҳозиргача жаранглаётган Мутал Бурхонов асарини янги мадҳияга асос қилиб олиш фикри маъқулланди. Ҳа, 40 йилдан бери ижро этиб келинаётган эски мадҳия мусиқаси ўзгаришсиз қолади. 

Якуний босқич

1992 йилнинг октябрь ойида шеър танлаш бўйича иккинчи босқич йиғилишида тахаллусларнинг “сири” очилиб, ғолиб шоирлар исм-фамилияси аниқ бўлади. Қўмита қарорига биноан Абдулла Орипов Мутал Бурхонов мусиқасига мослаб янги шеър ёзиб беради. Натижада навбатдаги сессияга Абдулла Орипов шеъри ва Мутал Бурхонов мусиқаси, Мирпўлат Мирзо шеъри ва Рустам Абдуллаев мусиқаси, Абдулла Орипов шеъри ва Бахтиёр Алиев мусиқаси тақдим этиладиган бўлади. 1992 йил 8 декабрда бошланган ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон Олий Кенгаши ўн биринчи сессиясининг дастлабки кунида Ўзбекистон Республикасининг янги Конституцияси қабул қилинади. Сессиянинг учинчи куни – 10 декабрда эса мустақил Ўзбекис­тоннинг Давлат мадҳияси вариантлари депутатлар ҳукмига ҳавола этилади. Овозга қў­йиш жараёнида А.Орипов ва М.Бурхонов варианти депутатлар томонидан тўла маъқулланади. Бу ҳақида Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси Иззатулла Норқувватов ҳикоя қилади. 

Мукофотлар 

Олий Кенгашнинг 1992 йил 10 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси матни ва мусиқаси вариантлари муаллифларини мукофотлаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Олий Кенгаш томонидан тасдиқланган давлат мадҳиясининг муаллифлари — Абдулла Орипов ва Мутал Бурҳонов 100 минг сўм миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланган. Давлат мадҳиясининг вариантлари сифатида тақдим этилган матн ва мусиқалар муаллифлари — Мирпўлат Мирзо ва Рустам Абдуллаевга 75 минг сўм, Абдулла Орипов ва Бахтиёр Алиевга эса 50 минг сўм миқдоридаги пул мукофоти берилган (таққослаш учун — 1992 йил 2 сентябрдаги ҳукумат қарорида бир доллар учун курс 85 сўм деб кўрсатилган).

“Мен ўзбекистонликман! Регламент бўйича Ўзбекистон мадҳияси янграши керак эди”

Андижон ўғлони Руслан Чагаев 2014 йил 6 июль куни Грозний шаҳрида бўлиб ўтган жангда пуэрто-риколик боксчи Фрес Окендо устидан ғалаба қозониб, WBA йўналиши бўйича чемпионлик камарини қўлга киритади. Ушбу жангдан олдин Руслан Чагаев шарафига Россия мадҳияси янграгани турли гап-сўзларга сабаб бўлади. Кўпчилик Чагаев Россия фуқаролигини олганлиги ҳақида фикр билдиради. Аммо Чагаев бундай гап сўзларни рад этиб чиқади. У Россиянинг Sovsport.ru сайтига берган интервьюсида бунга тўхталиб ўтади. Журналист унга "жангдан олдин Сизнинг шарафингизга Россия мадҳияси янграгани кўпчиликни ажаблантиради. Сиз фуқаролигингизни ўзгартирдингизми ёки бу жанг ташкилотчиларининг ғоясимиди?", дея савол беради. Ҳамюртимиз эса "Йўқ, мен фуқаролигимни ўзгартирмадим. Мен Ўзбекистон фуқароси бўлиб қоламан. Жанг Россияда бўлаётгани туфайли ташкилотчилар шундай йўл тутишга қарор қилди. Бунинг устига мен ушбу жангга Грознийдаги “Ахмат” клубида тайёргарлик кўрдим. Лекин регламент бўйича Ўзбекистон мадҳияси янграши керак эди", дея жавоб қилади.

Буни билармидингиз? 

Мадҳия билан боғлиқ яна бир ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокама ва кулгига сабаб бўлган воқеа 2021 йили Ўзбекистонда 9 май – “Хотира ва қадрлаш” кунига бағишланган байрам тадбирида бўлиб ўтганди. Сирдарё вилоятидаги тадбирда Ўзбекистон мадҳияси янграган пайт ҳарбийлар билан боғлиқ қизиқарли воқеа рўй берган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеога кўра, Қуролли кучлар ҳарбий оркестри томонидан Ўзбекистон мадҳияси ижро этилган. Мадҳия бошланганида минбарда Сирдарё вилояти ҳокими ортида турган ҳарбий ва давлатнинг бошқа хизматларининг махсус кийимида бўлган мансабдорлар мадҳия тинглаш вақтида қўлини қаерга қўйиш кераклигини билмай, бир неча бор адашиб кетган. Ўзи умуман олганда, барча ҳамюртларимиз ҳам бу ҳақда маълумотга эга эмас. 

“Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси тўғрисида”ги Қонунининг 7- моддаси бунга жавоб бор.

Унга кўра, Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси кўпчилик ҳузурида ижро этилганда, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, ҳозир бўлган кишилар мадҳияни тик туриб ва ўнг қўл кафтини кўкракнинг чап томонига қўйиб, ҳарбий ёки давлатнинг бошқа хизматидаги махсус кийимдаги шахслар эса қўлини бош кийимига қўйиб тинглайди. Агар Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг ижро этилиши Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг кўтарилиши билан биргаликда амалга оширилса, ҳозир бўлган кишилар унга юзи билан бурилади.