$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Феликс Бас “қадаган уруғлар”: Қатар терма жамоасининг кечаси ва бугуни

ф 2 3

Футбол мухлислари соғиниб кутган ўйинга ҳам оз қолди. Қатар майдонларида бўлиб ўтаётган Осиё Кубогида ватанимиз жамоасига рақиб бўлаётган ҳар бир жамоани ўрганиб, улар ҳақидаги маълумотларни имкон қадар сайтимиз муштарийларига ҳавола қилб келмоқдамиз. Мусобақа давомидаги ушбу норасмий анъанамизни бузмаган ҳолда, навбатдаги рақибга тўхталамиз. Бу галги рақибимиз мусобақа мезбонлари — Қатар.

Қатар миллий терма жамоаси

Жамоа бош мураббийи — Тинтин Маркес. Жамоа сардори — Ҳасан Ал Ҳайдос. Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, айни дамда таркибидаги энг тажрибали ўйинчи ҳам, айнан, Ҳасан Ал-Ҳайдос. Ҳайдос бу натижага эришиш учун 170 ўйинда майдонга тушган. Тарихдаги энг яхши тўпурари — Муборак Мустафо (42). Ҳозирги таркибидаги тўпурар эса, Алмоез Али (39). Жамоанинг ўртача ёши 27,8 ёшни ташкил қилмоқда.

Рейтинг 

Қатарнинг FIFA рейтингидаги энг яхши натижаси 2021 йилда кузатилган бўлиб, ўшанда жамоа 42 - ўринда бўлган. Энг ёмон натижаси 2010 йилда кузатилган. Бунда жамоа 113 - поғонани банд этган. Ҳозирги кунда эса, 58 - ўринда турибди.

Қизиқарли рақамлар

Жамоанинг айни дамдадаги нархи 15,90 млн. еврони ташкил қилиб турибди. Таркибдаги энг қиммат футболчи — Акром Афиф. Афифнинг трансфер нархи 4,50 млн. евро. Бундан ташқари таркибда миллионлик довондан ошган яна икки футболчи мавжуд. Булар 2019 йилги "Осиё Кубоги" юлдузи Алмоез Али (2,50 млн. евро) ва Ҳасан Ал Ҳайдос (650 минг евро).

Жамоанинг позициялар бўйича нархи қуйидагича тақсимланади: 

Дарвоза — 1,08 минг евро

Ҳимоя — 3,58 млн евро

Ярим ҳимоя — 1,83 млн евро

Ҳужум — 9,43 млн евро 

Кўриб турганингиздек, жамоанинг асосий бўғини — ҳужум чизиғи.

Қатар билан Осиёни “титратган” Феликс Санчез Бас

Феликс Санчез Бас. 1975 йилнинг 13 декабрида Испаниянинг Барселона шаҳрида туғилган. Фаолиятини 1996 - 2006 йиллар оралиғида Барселонанинг ёшлар жамоасида бошлаган. Испаниялик мураббий 2006 йилдан Доҳанинг Aspire академиясида ишлашни бошлаган. Айнан, мана шу йилдан Санчезнинг Қатардаги эртаклари бошланади. 2013 йилда у Қатар U19 жамоасини қабул қилиб олди ва кейинги йилнинг ўзидаёқ шу жамоа билан Осиё кубогини қўлга киритди. 2017 йилда U20 ва U23 жамоалари билан машғулот ўтказади. 2018 йилда бўлиб ўтган 23 ёшлилар ўртасидаги Осиё чемпионатида Қатар U23 жамоаси билан бронза медалларни қабул қилиб олади. Кейинчалик эса уругвайлик Хорхе Фоссати ўрнига асосий жамоага мураббий этиб тайинланади. Бунга сабаб сифатида, амалдаги мураббийнинг кексалиги ва испанияликнинг амалда кўрсатган ва кўрсатаётган сермаҳсуллигини англаб олишимиз мумкин. Санчез Қатар миллий терма жамоаси билан Россия мундиалига чиқа олмагач, табиий равишда асосий эътиборни "Осиё кубоги 2019"га қаратади. Ва сўнгида, Қатар ўз тарихида 10 - бор Осиё кубогида иштирок этиб, биринчи маротаба Санчез қўл остида Осиё кубоги чемпиони бўлади. Жамоа турнир давомида умуман мағлубиятга учрамайди ва тўплар нисбатини ҳам 19:1 кўринишига олиб келади. Бундан ташқари жамоа 2021 йилда бўлиб ўтган "Араб Кубоги"да учинчи ўринни қўлга киритади. Мақоламизнинг шу жойига келганда сизда нима учун бугунги кундаги мураббий бошқа инсон бўла туриб Баснинг атрофида айланиб юрибмиз деган савол туғилиши мумкин. Ушбу инсон бугунги терма жамоа натижалари ва жамоа шакилланишида асосий фигура бўлган. Худди Эронда бўлгани каби, Қатарда ҳам жамоа аввалги мураббий инерцияси остида ҳаракатланаётгандек. Жаҳон чемпионати якунлангач, бугунги кунда жамо штурвали яна бир испанялик мутахассис Тинтин Маркесга топширилган. Унинг ҳикояси энди яралмоқда.