$
 12198.28
-30.3
 14241.49
-41.49
 156.57
0.61
weather
+26
Кечаси   +14°

Ўзбекистон “госпиталь”идан дараклар

MTJ

Ўзбекистон терма жамоаси айни кунларда Қатарда бўлиб ўтаётган Осиё Кубоги мусобақасида Қатарга қарши чорак финал ўйини учун машғулотларни давом эттирмоқда. Жамоа лагери ва лагердан ташқаридаги онлайн ҳудудлардан кунда кунора янгиликлар чиқиб турибди. Кимдир янги клубга кўчган, кимдир касал яна кимдир клубидан кетган. Демак, барча янгиликларни имкон қадар батафсил кўриб чиқишга ҳаракат қиламиз.

“Исириқланмаган ҳудуд”

Осиё Кубоги аввали ва мусобақа давомида терма жамоамиз таркибида бир қатор йўқотишлар содир бўлди. Йўқотишлар шу қадар кўпки, томошабин бирор футболчимиз майдонга ётиб қолса, юрак ҳовучлайдиган даражага етиб келди. Аввалига Элдор Шомуродов ва Ҳусниддин Алиқулов, кейинчалик Хожиакбар Алижонов ва Шерзод Насруллаев ҳам жароҳат олгани маълум бўлди. 

Хавотирли миш-мишлар

Бир ҳужумчимиздан айрилганимиз етмаганидек, Игорь Сергеев ҳам ўта оғир ва тузалиш муддати узоқроқ бўлган жароҳат билан турнирдаги фаолиятини якунлади. Куни кеча Отабек Шукуров ва Умар Эшмуродовларнинг ҳам соғлиғида муаммоси борлиги ҳамда Қатарга қарши ўйинда жамоага ёрдам бера олмаслиги ҳақида миш-мишлар урчий бошлади. Етмаганига, асосий ва умидли ҳимоячиларимиздан бири Абдуқодир Ҳусанов ҳам Таиландга қарши баҳсдаги сариқ карточкаси сабаб навбатдаги ўйинни ўтказиб юборадиган бўлиб турган бир паллада, ҳар қандай жонкуяр мухлис учун бу хабарлар табиий равишда оғирлик қилади.

ЎФА расмий баёноти

Бу миш-мишларга жавоб сифатида ЎФА расмий баёнот билан футболчиларнинг ҳолати ҳақида маълумот берди. Унга кўра, айни кунларда Ўзбекистон миллий терма жамоаси Қатарга қарши 1/4 финал ўйинига тайёргарлик жараёнини давом эттирмоқда. Отабек Шукуров ҳамда Умар Эшмуродов респиратор касаллик натижасида бироз бетоблиги сабаб сўнгги машғулотда иштирок эта олмаган бўлса-да, шифокорлар иккала футболчимиз ҳам бўлажак ўйинга қадар тузалиб, сафга қайтишини маълум қилган. Афсуски, Шерзод Насруллаевнинг жароҳатдан тўлиқ тикланиши қийин кечмоқда экан ва у турнирда иштирокини давом эттира олмаслиги аниқ бўлган. Тиббий штаб, мураббийлар, клубдаги шифокорлар билан маслаҳатлашган ҳолда Насруллаевнинг муолажаларни Ўзбекистонда давом эттиришига рухсат берилган. Игор Сергеев ЎФА таклифига кўра АҚШлик таниқли жарроҳ доктор Зикриа Башир томонидан “Аспетар” клиникасида операция қилинган. Шифокорларнинг дастлабки тахминларга кўра, футболчимиз тўлиқ тикланиши учун 8 ой атрофида вақт талаб этилади.

Трансферлар ўйини 

Бундан ташқари, таркибдаги бир қатор футболчилар ва жамоа сардоримиз ҳам ўз клубини ўзгартирадиган бўлиб турибди. Миш-мишларга кўра, Жалолиддин Машарипов аввалроқ Наманган вилояти ҳокими билан “Навбаҳор” клубига кўчиб ўтиш масаласида келишиб олган. Келишувга кўра, футболчи бу вақт давомида юқори лига клубларидан яхшироқ таклиф тушса, амалдаги оғзаки шартномадан воз кечиши мумкин бўлади. Шунингдек, бу орада Фарруҳ Сайфиев ва Одил Ҳамробеков ҳам “Навбаҳор” футболчисига айлангани маълум бўлиб улгурди.