13,4 миллион киши озиқ-овқат хавфсизлигининг таъминланиши оғир бўлган шароитга тушиб қолган
Бу одамларда озиқ-овқат маҳсулотларининг тугаши, уларнинг очарчиликни бошдан кечириши ва энг ёмон ҳолатда ўз саломатлиги ва ҳаётини хатарга қўйиб, кетма-кет бир неча кун мобайнида овқатланмаслигини англатади.
3 daqiqa o‘qiladi

Бугун кўпчилик учун тўйиб овқатланмаслик, пул етишмаслиги сабабли озиқ-овқат миқдорини камайтириш каби тушунчалар тарихда қолгандек туйилади. Бироқ ундай эмас, дунёда, жумладан Марказий Осиёда ҳам озиқ-овқат хавфсизлиги, тўйиб овқатланмаслик билан боғлиқ ҳолатлар ҳали-ҳамон учрайди.
Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти мутахассислари БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти - ФАОнинг Европа ва Марказий Осиёда озиқ-овқат хавфсизлиги ва овқатланиш билан боғлиқ ҳолат ҳақидаги ҳисоботини таҳлил қилди.
Тўйиб овқатланмаслик билан боғлиқ ҳолатлар 3,0 фоизгача камайган
Унга кўра, 2020−2022 йилларда Марказий Осиёда тўйиб овқатланмаслик билан боғлиқ ҳолатлар 3,0 фоизгача камайган (жаҳон миқёсидаги ўртача кўрсаткич — 9,2 фоиз). Хусусан, Ўзбекистонда бу кўрсаткич 2020−2022 йилларда 2,5 фоиздан паст бўлган.
3,5 миллион киши озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ оғир аҳволга тушиб қолган
Қайд этилишича, 2022 йилда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ вазиятнинг кескинлашуви Марказий Осиё аҳолисининг 4,6 фоизига дахл қилган (дунё бўйича ўртача кўрсаткич 11,3 фоиз). Бу 2021 йил кўрсаткичига нисбатан 0,4 фоиз пунктига паст, лекин 2019 йилда COVID-19 пандемияси бошланишидан олдин қайд этилган 2,3 фоизлик даражадан юқори.
2022 йилда Марказий Осиёда 3,5 миллион киши озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ оғир аҳволга тушиб қолган. Бу 2021 йилдагига нисбатан 0,3 миллион кишига кам.
Озиқ-овқат хавфсизлигининг ўртамиёна таъминланиши
2022 йилда Марказий Осиёда озиқ-овқат хавфсизлигининг таъминланиши ўртамиёна ёки оғир аҳволда эканини акс эттирувчи* ўртача кўрсаткич 17,4 фоиз (дунё бўйича ўртача кўрсаткич 29,6 фоизга тенг) ни ташкил этди. Бу эса 2021 йилдаги ўртача кўрсаткичдан 2,7 фоиз пунктига паст.
Озиқ-овқат хавфсизлигининг ўртамиёна таъминланиши — бу одамлар зарур озиқ-овқат маҳсулотларини олишга ишончини йўқотадиган ва пул ёки бошқа ресурслар етишмаслиги сабабли йил давомида истеъмол қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ва миқдорини баъзан камайтиришга мажбур бўладиган ҳолат.
13,4 миллион киши оғир шароитга тушиб қолган
ФАО ҳисоб-китобларига кўра, 2022 йилда Марказий Осиёда озиқ-овқат хавфсизлигининг таъминланиши ўртамиёна ёки оғир бўлган шароитга тушиб қолганлар сони 13,4 миллион кишини ташкил этди. Бу 2021 йилдагига нисбатан 1,9 миллион нафарга кам.
Озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши оғир аҳволда эканлиги одамларда озиқ-овқат маҳсулотларининг тугаши, уларнинг очарчиликни бошдан кечириши ва энг ёмон ҳолатда ўз саломатлиги ва ҳаётини хатарга қўйиб, кетма-кет бир неча кун мобайнида овқатланмаслигини англатади.
5 ёшгача бўлган болалар орасида бўй ўсишида ортда қолиш кўрсаткичи
2022 йилда Марказий Осиёда 5 ёшгача бўлган болалар орасида бўй ўсишида ортда қолиш кўрсаткичи 7,7 фоизни ташкил этди. Бу 2020 йилдагига нисбатан 0,9 фоиз пунктига, 2000 йилдаги (28,0 фоиз) га нисбатан эса 20,3 фоиз пунктига кам. Хусусан, Ўзбекистонда бу кўрсаткич 2000 йилдаги 28,9 фоиздан 2022 йилда 6,9 фоизга камайган.
Камқонликнинг тарқалиши
Умуман, Марказий Осиёда 15 ёшдан 49 ёшгача бўлган аёллар ўртасида камқонликнинг тарқалиши 12,3 фоиз пунктига камайди — 2000 йилдаги 40,4 фоиздан 2019 йилда 28,1 фоизгача. Ўзбекистонда ҳам камқонликнинг тарқалишини камайтириш борасида муайян ютуқларга эришилди. Шундай қилиб, 2000 йилдан 2019 йилгача бўлган даврда бу кўрсаткич 21,7 фоиз пунктига камайди (46,5 фоиздан 24,8 фоизгача).



