$
 12198.28
-30.3
 14241.49
-41.49
 156.57
0.61
weather
+26
Кечаси   +14°

Қор, ёмғир, чанг-тўзон: йўловчилар қаерда автобус кутсин?

bekat Фото: Gazeta.uz

Сўнгги вақтларда жамоат транспортларига эътибор қаратилиб, пойтахт аҳолиси учун бирмунча қулайликлар яратилаётгани бор гап. Бу каби ўзгаришлар барчамизни қувонтиради ҳам. 

Негаки, тирбандликлар соат сайин ортиб бораётган, экологик муаммолар гирдобида қолаётган шаҳримиз учун жамоат транспортларини ривожлантириш энг яхши ечим. 

Бироқ автобуслардан фойдаланувчи кўпчиликнинг таъбини бир манзара хира қилиши аниқ. Бу бозорга айланаётган бекатлар… 

Соябонсиз, ўриндиқсиз бекатлар

Ўн дақиқа аввал қуёш чиқиб турган ҳавонинг авзойи сониялар ичида ўзгаради, қор ёки ёмғир бошланди. Соябон олиб чиққан бўлсангизку, хўп-хўп, акс ҳолда автобус етиб келгунича шалобба бўлишингиз ҳеч гап эмас. 

Бекатда турай десангиз, бекатнинг ярмини бир уддабурон тадбиркор эгаллаб олган, қолган ярми эса дўкон пештахталарига сиғмай қолган маҳсулотлар учун омбор вазифасини бажаряпти.

Бекат майдонининг 70 фоизи йўловчиларники!

Аслида амалдаги меъёрларга кўра, бекат учун ажратилган майдоннинг камида 70 фоизи йўловчиларга хизмат кўратиши керак, қолган 30 фоизига бошқа хизмат кўрсатиш ёки хусусий субъектлар қурилишга рухсат берилади.

Ёзнинг жазирамасида ҳам, қишнинг қаҳратонида ҳам бир хил манзара, на илож, беш дақиқада автобус келади. 

Кўнгилни хира қиладиган манзара

Яна бир ҳолат бор, майдончаси кафтдеккина келадиган қаровсиз бекатлар. Шийпончаси тўртта темир устундан, орқа ва ён томонлари пўлат панжара ёки қалин шишадан иборат. 

Томи тунука ёки пластик материал билан қопланган. Маҳкам пайвандланган курсиси биттагина. Унга тўрт киши аранг сиғади. 

Яна бошқасида эса майдончаси бору шийпончаси ва ўриндиғи йўқ. Табиийки, бу бекатлар том маънода йўловчилар жонига аро киролмайди. 

Уларни қор-ёмғирдан ҳам, қиш чилласи совуғи ва саратон офтоби тиғидан ҳам асрай олмайди. 

Ёмғирли кунларда шийпончага сиғмаганларнинг уст-боши шалаббо бўлади. Айрим бекатлар олди кўлмаклашиб, автобусга чиқиб-тушиш учун қуруқ жой топилмайди. 

Буям камлик қилгандай, ҳовлиқма ҳайдовчилар бошқараётган автоуловлар сизга ифлос сув ва лой сачратиб ўтиб кетади.  

Ҳа, бекат деганимизда ҳаёлимизда фақат юқоридаги каби манзаралар шаклланади. 

62,9 фоиз бекатларда оддийгина чиқинди қутиси йўқ

Жамоат транспортидан фойдаланишда бекатлар муҳим аҳамият касб этади. Аммо республика миқёсида бекатларнинг аксарияти талаб даражасида эмас. Буни ўрганишлар ҳам тасдиқлайди. 

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги 850 дан ортиқ жамоат транспорти бекатларининг ҳолати бўйича ўрганишлар ўтказди. Унда келтирилишича, бекатларнинг 91 фоизида автобусларнинг йўналиш маршрутлари схемаси ва жамоат транспортининг ҳаракатланиш жадвали мавжуд эмас, 62,9 фоизи эса чиқинди қутилари билан таъминланмаган. 

Орзудаги бекатлар

Тегишли меъёрий ҳужжатларга кўра, автомобил йўллари тоифасига қараб, автобус бекатларида чиқиш майдончаси, тушиш майдончаси, кутиш жойи, ўтиш чизиқлари, автобуслар тўхташи учун йўлнинг махсус кенгайтирилган қисми, ажратувчи чизиқ, тротуар ва пиёдалар юриш йўлакчалари, пиёдалар ўтиш жойи, автопавилон, ўриндиқлар, чиқинди учун қутилар ва ёритиш ускуналари бўлиши керак. 

Тадбиркорлар дастидан дод!

Шунингдек, аксарият автобус бекатлари даромад олиш шохобчаларига айлантирилган. 

Бекатларнинг ҳажми кичиклиги ва уларнинг майдонларини дўконлар, фаст-фуд, кафелар эгаллагани сабабли истеъмолчилар автобусларни асосан қуёш ёки ёмғир остида кутишларига тўғри келмоқда. 

Имконияти чекланганлар учун имкониятлар чекланган!

Замонавий автобус бекатларининг яна бир муҳим муаммоларидан бири – ногиронлар аравачаси учун пандусларнинг мавжуд эмаслиги экани маълум қилинган. 

Ўрганишларга кўра: 

• 91 фоиз бекатда автобусларнинг йўналиш маршрутлари схемаси мавжуд эмас;

• 62,9 фоиз бекат чиқинди қутилари билан таъминланмаган; 

• 37,2 фоиз бекатда кутиш зали мавжуд эмас; 

• 36,5 фоиз бекатда йўловчилар учун ўриндиқлар етарли эмас; 

• 31,6 фоиз бекатда йўловчилар ўриндиғи умуман йўқ; 

• 28,9 фоиз бекатда кутиш хоналари белгиланган санитария-гигиена талабларига жавоб бермаслигини кўрсатган. 

400 дан ортиқ бекатда конструкциялар умуман мавжуд эмас

Кўриб турганингиздек, рақамлар ҳам муддаомизни тасдиқлаб турибди. Ҳар гал жамоат транспорти муаммоси кўтарилар, янги автобус йўналишлари қўйилар экан бекатлар муаммосини ҳам ёддан чиқармаслигимиз зарур. 

Ваҳоланки, шундоқ ҳам 2176 та автобус бекатларининг 400 дан ортиғида конструкциялар умуман мавжуд эмас.

Теги :
Jamiyat
Avto
Iqtisodiyot