$
 12170.67
20.83
 14048.60
44.69
 152.30
1.2
weather
+26
Кечаси   +14°

"Олинг қуда, беринг қуда": Ортиқхўжаев Magic City'ни қудасига сотганми?

Ortiqxo

Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев пойтахт ҳудудида жойлашган ва бир вақтлар шаҳар аҳолисига тегишли бўлган Magic City ҳамда 6 та йирик компаниясини сотганини маълум қилди.

“Бизнес Марафон”да бошқача "марафон" сирлари очилди

Маълум бўлишича, собиқ пойтахт ҳокими Сурхондарё вилоятида ўтган “Бизнес Марафон”да сўзга чиққан ва юқоридаги маълумотларни ошкор қилган. Айни вақтда ушбу маълумотларга нисбатан ижтимоий тармоқдаги кўплаб норозиликлар янграмоқда. Сабаби Magic City Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йилдаги қарори билан, Тошкентдаги Миллий боғнинг 21 гектарга яқин ҳудуди ўша пайтда AKFA компаниясига алоқадор бўлган Stargate Systems'га 49 йилга ижарага берилган. Очиқ манбаларда бу фирманинг ҳозирги 100 фоизлик эгаси сифатида Абдувоҳидов Алишер Абдужабборович кўрсатилган бўлиб, аниқланишича, Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва Ўзбекистон президентининг собиқ маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов ўзаро қуда ҳисобланади.

Парда ортида ким турибди?

Шундай қилиб, Magic City’га бугунги кунда эгалик қилаётган Stargate Systems компанияси 99 фоиз улуш билан Tashkent Aquarium, қолган 1 фоиз улуш билан эса Абдувахитов Алишер Абдужабарович эгалик қилмоқда. Tashkent Aquarium компанияси 2019 йил 21 январда давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиб, унга 100 фоиз улуш билан Абдувахитов Алишер Абдужабарович эгалик қилади. Яъни, Magic City’нинг бевосита ва билвосита эгаси бугунги кунда Абдувахитов Алишер Абдужабарович ҳисобланади. Ушбу шахс собиқ ҳоким, Ортиқхўжаевнинг куёви бўлади. Қолаверса, зийрак муштарийларимиз сезгани ва юқорида келтирганимиздек,Алишер Абдувахитов президентнинг собиқ маслаҳатчиси Абдужаббор Абдуваҳобовнинг ўғли ҳисобланади.

Ўзини ҳар 5 йилда "тўпорилаволадиган" Ортиқхўжаев

Жаҳонгир Ортиқхўжаев тадбир давомида қолган олти компаниясини нима сабабдан сотганини изоҳлаб берган. “Яна битта яхши практикамни айтиб бераман, рухсат берсанглар. Кўпчиликка айтмагандим, майли, айтвораман. Туркларда “ўзингни тўпорилавол” деган нарса бор, яъни ўзингни йиғиштириб ол. Мен эса ҳар 5 йилда ўзимни йиғиштириб, “тозалаб” олишга ҳаракат қиламан. Мен 7 та компаниямни сотдим.

Crafers'ни сотдим, чунки бу соҳада обрў қозона олмадим, озиқ-овқат ишлаб чиқаришни эплай олмадим. Mediapark'ни ҳамма магазинлари билан сотдим – ким ишлаётган бўлса, ўшанга сотдим. Ecobozor'нинг биттасини сотдим. Akfa Lighting'ни сотдим. Magic City'ни сотдим. Basalt'ни ҳам немисларга – Knauf'га сотдим. Айтмоқчиманки, 5 йилда ўзимни ўзим бир “тозалаб” оламан. Керак эмасми, унга қизиқмаяпманми, унга пул тикмаяпманми – сотаман. Ва яна бошқа очавераман. Яхшисини олиб қолиб ривожлантираман, қолганларини тозалаб ташлайвераман. Масалан, Akfa Lighting'га 15 йил вақтим кетди, умрим кетди, лекин бундан кейин мен лампочка билан, “включател” билан шуғулланмоқчи эмасман, шунчаки хоҳламайман холос. Керак эмас нарсадан қутулиб туриш керак”, – деган Ортиқхўжаев.

Маълумот учун, Жаҳонгир Ортиқхўжаев Тошкент шаҳар ҳокими лавозимида 2018 йил апрелидан 2023 йил 16 январига қадар ишлаган.