$
 12170.67
20.83
 14048.60
44.69
 152.30
1.2
weather
+26
Кечаси   +14°

Тирик қолишни истасангиз, кўчада юрманг

ЙТҲ

Биз пандемия ёки уруш даврида эмас, тинч замонларда яшаяпмиз. Бироқ бир фожиа борки, у бугун кунига юртимизда камида 6-7 нафар одамнинг бевақт ҳаётдан кўз юмишига сабабчи бўляпти. Бу автоҳалокатлар! Ҳа, Ўзбекистонда кўчага чиққан одамнинг ЙТҲга учраб ўлиши эҳтимоли ривожланган давлатларга қараганда 3 баробарга юқори экан.

Янгиликлар тасмасини айлантирар экансиз, кун давомида ҳеч бўлмаса бир марта автоҳалокат ҳақидаги хабарга кўзингиз тушади. Бу каби ахборотлар, автоҳалокатлар акс этган видеоларни худди кино кўргандай кўришга ўрганиб қолганмиз, дийдамиз қотиб кетган, рақамлар эса кундан-кунга ўсиб бормоқда. 

Ҳар куни 3,5 минг одам қурбон

БМТ маълумотларига кўра, ЙТҲ туфайли Ер юзи бўйлаб ҳар 24 секундда бир нафар, ҳар куни 3,5 минг одам қурбон бўлади. Бир йилда 1,3 млн нафар ва ундан кўпроқ одам ҳалок бўлади. ЙТҲда ҳалок бўлганларнинг асосий қисмини 5 ёшдан 29 ёшгача бўлганлар ташкил этади.

Афсуски, юртимизда ҳам ҳолат анчайин ташвишланарли

2021 йилда 10 мингдан ортиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, уларда 2 минг 426 нафар инсон ҳалок бўлган, 9 минг 230 нафар инсон тан жароҳати олган

2022 йилда эса 9 минг 902 йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиши оқибатида 2 минг 356 нафар инсон ҳалок бўлган ва 9 минг 606 нафар инсон тан жароҳати олган.  

2023 йилнинг 11 ойида 8 минг 693 ЙТҲ содир этилиб, уларда 2 минг 80 нафар инсон ҳалок бўлган ва 8 минг 55 нафар инсон тан жароҳати олган.  

Бу “авария”ларга сабаб нима?

Охирги йилларда мамлакатимизда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасида кўплаб чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Аввалига ҳайдовчилик гувоҳномаси олишда қатор ўзгаришлар бўлди, тезлик пасайтирилди, таъмирталаб йўллар таъмирланди, жарималар оширилди, бироқ вазият ҳеч яхшиланмаяпти. 

Хўш, шу ўринда савол туғилади, автоҳалокатларга қайси омиллар энг кўп таъсир кўрсатмоқда? Фожиаларда пиёдалар айбдорми, ёки ҳайдовчилар? 

45 фоиз ҳайдовчилар қоидаларни менсимайди

Ишга, ўқишга,уйга кетаркансиз йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаётганларни кузатасиз, эҳтимол ўзингиз ҳам тартиб бузувчилардандирсиз. Кимдир қизил чироқда йўлни кесиб ўтади, бошқа биров пиёдалар йўлакчаси йўқлиги боис белгиланмаган жойдан ўтади.

Ҳайдовчилар тезликни оширади, маст ҳолда машина бошқаради, телефонга жавоб беради… Натижада, бировнинг умрига зомин бўлади, ўз ҳаётини барбод қилади…

Автоҳалокатлар юзага келишига сабаб бўлган омиллар қаторида 45 фоизи ҳайдовчиларнинг қоидаларни менсимаслиги;10 фоизи ҳайдовчиларнинг тажрибасизлиги; 25 фоизи йўл ҳолати ва инфратузилмаси талабга жавоб бермаслиги; 20 фоизи пиёдаларнинг қоидаларга амал қилмаслиги оқибатида содир бўлмоқда. 

Маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш ҳолати кўпайган

Шунингдек, маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш ҳам энг оғриқли масаладир. Қайд этиш лозимки, маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш билан боғлиқ 2020 йилда 25 минг 35 та, 2021 йилда 40 минг 542 та, 2022 йилда 47 минг 365 та ва 2023 йилда 41 минг 866 та ҳуқуқбузарлик аниқланган.  

6 минг нафар ҳайдовчи такроран транспорт воситасини маст ҳолатда бошқарган

Ачинарлиси, фақатгина 2023 йилда қарийб 6 минг нафар ҳайдовчи маст ҳолда транспорт воситасини бошқарганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилгандан сўнг такроран транспорт воситасини маст ҳолатда бошқаргани аниқланган.  

Маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш оқибатида 2020-2023 йилларда қарийб 500 га яқин йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган ва бунинг оқибатида ушбу даврда 271 нафар фуқаро ҳалок бўлган.  

Ҳаммаси яхши, лекин чўкяпмиз

Сир эмас, ҳамиша автоҳалокатлар олдини олиш ҳақида айтилади, тарғибот қилинади, тушунтиришлар олиб борилади. Бироқ натижачи? Кўриб турганингиздек, бугунги кунгача неки чора-тадбир қўллаган бўлсак, кутилгандек натижа бемади.

Йўл ҳаракати хавфсизлигига масъулларни гапиртирса, оламни бузгудек ишлар қилган бўлиб чиқади, лекин амалиётда бу деярли сезилаётгани йўқ.

Кунда-кунора “права”ни пуллаётганлар қўлга тушади, аммо қўлга тушмаганларичи? Жойларда гувоҳнома сотиб олиш “ставка”си 500-1000 АҚШ долларига чиққан.

Теги :
Jamiyat
Avto