Қозоғистоннинг икки фуқаросида коронавирус аниқланди

мар 13 / 2020
alt
Қозоғистонлик икки нафар фуқарода коронавирус аниқланди. Бу ҳақда Tengrinews интернет-нашри хабар тарқатди.
 
Манба берган хабарда қайд қилинишича, касалликка чалинганларнинг ҳар иккиси ҳам Германиядан қайтган Қозоғистон фуқароларидир.
 
“Маълумки, биз уч ой давомида коронавирусга қарши курашдик. Унинг кириб келишининг олдини олиш бўйича барча зарур чораларни кўргандик. Бугун икки кишида вирус аниқлангани тасдиқланди. Улар Германиядан келган бўлиб, коронавирусга чалингани аниқланган. Улар Олмаотадаги юқумли касалликлар касалхонасига ётқизилган. Беморларда касалликнинг клиник белгилари йўқ, ўзларини яхши ҳис қилмоқда”, — дея гапириб ўтган Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири Элжан Биртанов.
 
Эслатиб ўтамиз, 11 март куни Қозоғистон президенти Қасим-Жўмарт Тоқаев махсус профилактика чоралари оширилишини эълон қилиб, оммавий тадбирларни бекор қилганди. Мактаб ўқувчилари эса муддатидан аввал таътилга чиқадиган бўлди.
 
Олдинроқ, давлат бош санитария шифокори Жандарбек Бекшин прогнозларига кўра, Қозоғистонда коронавируснинг биринчи ҳолати 11—16 март кунлари қайд этилиши мумкинлигини маълум қилган. Вирус аниқланган тақдирда ҳукумат зудлик билан махсус чораларни амалга оширишини айтган. Жандарбек Бекшин ушбу прогноз олимларнинг математик модели асосида аниқланганини таъкидлаган.
 
11 март куни Жаҳон соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусни пандемия деб эълон қилганди. Касаллик 128 мингдан ортиқ кишини қамраб олган.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *