ЖЧ-2022 саралашига қуръа ташланди: Ўзбекистоннинг гуруҳдаги рақиблари ҳақида Эктор Купер фикрлари

июл 17 / 2019

Бугун Малайзия пойтахти Куала Лумпурда жойлашган Осиё футбол конфедерацияси бош қароргоҳида Жаҳон чемпионати-2022 ҳамда Осиё кубоги-2023 мусобақалари иккинчи саралаш босқичига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди.
 
Қуръа натижаларига кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоаси иккинчи саралаш босқичининг “D” гуруҳидан ўрин олди. Гуруҳда терма жамоамизга Саудия Арабистони, Фаластин, Яман ҳамда Сингапур термалари рақиблик қилади
 
Кейинги босқичга гуруҳ ғолиби ва қолган гуруҳлар ичида ҳам энг яхши кўрсатгичга эга 4 та 2-ўрин соҳиблари йўл олади.  
 
Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Эктор Купер қуръа ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
– Қуръа қандай жамоаларни тақдим этишини олдиндан таҳмин қилиб бўлмайди. Шу сабабдан ҳар қандай рақиб билан тўқнаш келишга тайёр туриш лозим бўлади. Жаҳон чемпионати саралаши иккинчи босқичи қуръаси бизга тақдим этган рақибларнинг барчаси ўзига яраша кучли жиҳатларга эга эканини таъкидлай оламан. Ҳеч бир рақибга беписандлик билан қараб бўлмайди. Гуруҳимиздан ўрин олган ҳар бир рақибни ҳурмат қилган ҳолда учрашувларга ҳозирлик кўрамиз. Ўзбекистон терма жамоаси барча учрашувларда мазмунли ўйин намойиш этиб, якунда келаси босқич йўлланмасини қўлга киритиш учун майдонга тушади, - деди мутахассис.   
 
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродов қуръа натижалари хусусида қуйидаги фикрларни билдирди:
– Гуруҳимиздан ўрин олган терма жамоалар орасида кучсизлари йўқ, деб  ўйлайман. Ҳамма ўз олдига қўйилган мақсадга эришиш учун ҳаракат қилади. Барча ўз мамлакати шаъни учун ўйнайди. Бу эса ўйинлар осон ўтмаслигини англатади. Лекин барчаси ўзимизга боғлиқ, деб ҳисоблайман. Чунки агар ҳар бир ўйинга жиддий ҳозирлик олиб борсак ва майдонга ҳар гал яхши руҳий тайёргарлик билан тушсак, ҳар қандай рақибни мағлуб этишга кучимиз етади, деб ўйлайман. Насиб этса, ушбу саралаш босқичи якунида гуруҳда 1-ўринни олишга ҳаракат қиламиз, - деди маҳоратли ҳужумчи. 
 
Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *