Сардор Рашидов: "Насаф" мухлисларидан гол учун узр сўрайман

мар 25 / 2016

alt

"Интерфутбол" газетасига берган интервьюсида Сардор Рашидов терма жамоа тайёргарлиги, футболчилар ҳолати ва «Насаф»га урган голи ҳақида қуйидаги фикрларни билдирди:

"Анчадан бери, терма жамоадаги йигитлар билан кўришмаётган эдик. Йигитларнинг кайфияти жуда яхши. Машғулотларда астойдил ишлаяпмиз. Мен қолган футболчиларга қараганда кечроқ терма жамоа сафига келиб қўшилдим. Одил Аҳмедов ва Виталий Денисов ҳам душанба куни Тошкентга етиб келишди. Сешанба кунидан машғулотларда иштирок эта бошладик. Кўриниб турибдики, футболчиларнинг ҳолати, спорт формаси жойида. Бир сўз билан айтганда, биз ўйинга тайёрмиз. Насиб қилса, чиройли ўйин ва ғалабамиз билан мухлисларни хушнуд қиламиз. Мураббийлар хотиржамликка берилмасликка чақиришяпти. Барчамиз рақибга нисбатан ҳурмат билан қараяпмиз. Тўғри, сафардаги ўйинларда ҳар иккала рақибимизни ҳам йирик ҳисобда мағлуб этганмиз. Лекин ўйин билан ўйиннинг фарқи бўлади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам бор кучимиз билан ўйнашимиз шарт".

- «Насаф»га қарши эсда қоларли ўйин ўтказдингиз. Айнан сизнинг ягона голингиз «Ал-Жаиш»га ғалаба келтирди, аксинча, «Насаф»­нинг аламли мағлубиятини таъминлади. Ана шу ўйин ҳақида қандай фикрдасиз?

- Авваламбор, ўз клубим «Ал-Жаиш»га ёрдам беришни истайман. Бундан бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Ҳақиқатан ҳам жуда муҳим ғалабага эришдик. Гуруҳнинг кетма-кет учта учрашувида зафар қучиб, имкониятларимизни ошириб олдик. Тўғри, бу голим бизнинг мухлисларга ёқмаган бўлиши мумкин. Айниқса, «Насаф» ишқибозлари бу голдан хурсанд бўлишмади. Голни нишонлаганим учун қаршилик мухлислардан узр сўрайман. Ўша пайтда эҳтиросларни жиловлаш осон эмасди. Ўз голим билан жамоам ғалабасига ҳисса қўшганимдан хурсандман. Клуб раҳбарияти ва мураббийлар ҳам бундан хурсанд бўлишди.

- Баъзи футболчилар бундай ҳолатларда голни нишонлашмайди. Лекин сизни ҳам тушуниш керак. Профессионалликка содиқ қолдингиз. Қолаверса, ўйин якунида жуда ҳам муҳим голни урдингиз. Голни нишонлаганингиз ўша пайтдаги эмоция, яъни эҳтирос билан боғлиқдир?

- Анчадан бери гол ура олмаётган эдим. Охирги тўпим «Ал-Садд» дарвозасига киритилганди. Ўшандан бери рақиб жамоалар дарвозасига йўл топа олмаётгандим. Бу гол мен учун жуда ҳам керак эди. Ўзим учун нохуш бўлган анъанани қачондир бузишим керак эди-ку! Балки шунга бўлса керак, бу голдан хурсанд бўлдим. Айримлар айтиши мумкин, «Насаф» жамоасида ўйнамагансиз-ку, гол урсангиз нима бўлибди, деб. Йўқ, қайси жамоада ўйнамайлик, ўзбек клубларига ҳамиша мухлислик қиламиз. Лекин тақдир тақозоси билан бир-биримизга қарши ўйнашга тўғри келиб қолса, унда ҳар бир футболчи ўз бурчини бажаришга мажбур. Яна бир бор «Насаф» мухлисларидан гол учун узр сўрайман.

Манба: olamsport.com

  • Мехмон
    28 март 2016, 20:28

    "Насаф"га гол урганида хурсанд булгани яхши эмас. Чунки, миллатнинг бир клубига карши уйнаганда, озгина хиссиётни ичга ёширган маъкул. Бошка чет кулубларга гол урганда, билган ишингини килавер Сардоржон ука.

  • Мехмон
    25 март 2016, 12:42

    Насафга гол угран булсангиз хам термада буш келмаётганлигингиз тақсинга лойик. Астойдил бўлинг. Омад тилайман термамизга.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *