Самвел Бабаян: Денисов майдонга тушмайди, Сергеев ва Шомуродовнинг иштироки сўроқ остида турибди

мар 23 / 2017

alt

ЖЧ–2018 саралаш босқичи “А” гуруҳи 6-туридан ўрин олган Сурия – Ўзбекистон учрашуви олдидан ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян ва ярим ҳимоячи Сервер Жепаров бўлажак ўйин борасида ўз фикрларини билдириб ўтди.

“Сурия ҳурматга лойиқ жамоа эканига нафақат биз, балки бутун Осиё амин бўлди. Тошкентда бўлиб ўтган ўйинда ташаббусга эга бўлишимизга қарамай, рақиб ҳимояда мустаҳкам ўйин намойиш қилганди. Жамоа тартибли ўйин кўрсатади, таркибида эса индивидуал маҳоратга эга бўлган футболчилар бор. Саралаш босқичида олтинчи ўйин остонасида турибмиз, бироқ оптимал таркибда ўйнаш насиб этмаяпти. Денисов жароҳати туфайди майдонга туша олмайди, ҳужум чизиғидаги Игорь Сергеев ва Элдор Шомуродовнинг эртанги баҳсда иштирок этиши сўроқ остида турибди. Шунга қарамай, беллашувга жиддий тайёргарлик кўрдик ва майдонда нимага қодир эканимизни кўрсатиб, биз учун керакли натижани қайд этишга ҳаракат қиламиз”, – деди Самвел Бабаян.

“Асосий мақсадимиз – ЖЧ–2018 финал босқичига чиқишдан иборат. Ушбу мақсадни рўёбга чиқариш учун ҳаракат қиляпмиз. Шу сабабли ҳар бир бўлажак ўйин катта аҳамиятга эга. Шундан келиб чиқиб, эртага энг муҳим ўйин арафасида турибмиз. Кейингилари эса ўз-ўзидан янада муҳим бўлиб кетаверади. Айни вақтда Россияга йўл олиш учун неча очко керак эканини ҳисоблаш ўринсиз бўларди. Муҳими ҳар бир ўйинга тайёргарлик кўриб, имкон қадар кўп очко олиш керак. Очколарни эса саралаш босқичи якунида ҳисоблаймиз”, – дея қўшимча қилди Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи.

“Сурияга қарши энг яхши ўйинимизни кўрсатамиз. Бу ерга бежизга келганимиз йўқ, учрашув натижаси бизнинг фойдамизга ҳал бўлишига умид қиламан. 3 очкони қўлга киритган ҳолда яхши кайфият билан ортга қайтамиз, деб ўйлайман”, – деди Сервер Жепаров.

Москванинг “Локомотив” сафида тўп сураётган Виталий Денисов “Спартак” клубига қарши (1:1) Россия чемпионати 20-турида жароҳат олганди. Шу боис, у Малайзияга йўл олмади ва Сурия билан ўйинни ўтказиб юборади. Унинг Қатарга қарши 28 март куни Тошкентда бўлиб ўтадиган ўйинда иштироки тиббий кўрикдан сўнг маълум қилинади.  

Эслатиб ўтамиз, Сурия ва Ўзбекистон қарама-қаршилиги бугун, 23 март куни Малайзиянинг Малакка шаҳридаги Hang Jebat Stadium стадионида бўлиб ўтади. Ўйин Тошкент вақти билан 17:00 да бошланади. 

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

  • Мехмон
    23 март 2017, 19:28

    Бардошингизга койилман ишкибозлар куникиб колдингиза

  • fsdsdfdsf
    23 март 2017, 13:44

    omad yor bo'lsian

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *