Самвел Бабаян Сурия терма жамоаси билан қайд этилган натижа учун мухлислардан узр сўради

мар 27 / 2017

alt

ЖЧ–2018 турнирига саралаш босқичи “А” гуруҳи 7-туридан ўрин олган Ўзбекистон – Қатар учрашувидан олдин ўтказилган матбуот анжуманининг биринчи қисмида Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян ва ярим ҳимоячи Марат Бикмаев иштирок этди.

“Малайзияда қайд этилган натижалар учун мухлислар олдида узр сўрайман. Деярли барча ўйинлар ғалаба ва мағлубият орасида туради. Сурия билан ўйинда қаердадир мен хато ҳам қилгандирман. Йигитлар охиригача курашди, аммо сўнгги дақиқаларда ўтказиб юборилган гол барчасини ҳал қилди. 

Афсуски, ҳеч қайси ўйинда оптимал таркибда ўйнай олмаяпмиз. Аввалги ўйинларда йўқотишлар бўлди. Денисов эртага майдонга туша олмайди. Бундан афсусдамиз. Тўхтахўжаев эса сариқ карточкалари тўпланиб қолгани туфайли ўйинни қўйиб юборади.

Бу гуруҳда кураш сўнгги тургача давом этади, чунки рақиблар ҳам очко йўқотмоқда. Асосий мақсадимиз — эратага ғалаба қозониш ва шу йўл орқали ЖЧ–2018 турнирига йўл олиш. Айни вақтда энг кучли таркибга эга эканимиз ҳақидаги сўзлардан қочмайман. Бу ҳақиқатдан ҳам шундай. Балки эртага истеъфога чиқарман ҳам. Асосийси, Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ–2018 турнирига йўл олиши керак. 

Жамоа яхши ўйнаганда стадион тўлади. Мухлисларга мурожаат қилмоқчиман: стадионга қанча мухлис келишидан қатъи назар, улардан далда сўраб қоламиз ва бизни қўллаб-қувватлашларига умид қиламиз”, – деди Самвел Бабаян. 

Матбуот анжуманининг иккинчи қисмида қатарликлар устози Хорхе Фоссати ва ярим ҳимоячи Ҳассан ал-Ҳайдос ўз фикрларини билдирди.

“Гуруҳдаги ҳар бир ўйин қийин саналади. Ўзбекистонни ҳурмат қиламиз, лекин албатта, ғалаба қозониш учун бу ерга келганмиз. Тошкентдаги аввалги натижалар шунчаки рақамлар ва статистика. Тўғри, Қатар сафарда Ўзбекистонни ютмаган, аммо эртага янги ўйин бўлади ва янги саҳифа яратиш қўлимиздан келади.

Рақиб таркибида кучли футболчилар бор. Ҳа, Рашидов ва Абдухолиқов Қатар лигасида ўйнайди, аммо биз ҳам уларни кузатиб борамиз. Қатар таркибида ҳам кучли футболчилар бор.   

Ўзбекистон терма жамоаси тартибли ўйин кўрсатади. Жамоа доим режа ва стратегия асосида ҳаракат қилади. Ўзбекистон терма жамоасининг Сурияга мағлуб бўлгани кутилмаган ҳолат, дея олмайман. Юқорида айтиб ўтганимдек, ҳар бир ўйин қийин, осон беллашувнинг ўзи йўқ. Агар Сурия катта ҳисобда Ўзбекистонни ютганида, мана бу мен учун ҳайратланарли бўларди”, – деди Фоссати.  

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон – Қатар учрашуви эртага, 28 март куни Тошкентдаги “Бунёдкор” стадионида ўтказилади. Ўйин 18:00 да старт олиши режалаштирилган.  

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

  • Абу Али
    28 март 2017, 12:33

    Самвелни тиржайган калласини кўринглар! Мухлислардан узр сўрамоқда. Хамма айб боллада эмас, тренерда эмас, балки маъмуриятда, УФФ ва Спорт қўмитасидадир. Тренер - қўғирчоқ. Футболчилар - катта ўйин иштирокчилари. Ўзбекистон термасига мухлислик қилаётган халқимизга ачинаман. Умид қилишни фойдаси йўқ. Мамлакат чемпионатида хам барчаси келишилган бўлса керак, хаттоки қайси команда чемпион бўлиши олдиндан аниқ. Энг яхшиси европа футбол клубларига мухлислик қилинглар.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *