Самвел Бабаян иши билан прокуратура шуғулланади

янв 25 / 2018

alt

Ўзбекистон терма жамоаси собиқ бош мураббийи Самвел Бабаяннинг иши билан бундан буён прокуратура ходимлари шуғулланишади. Бу ҳақда ЎФФ президенти Умид Аҳмаджонов «Халқ сўзи» газетасига берган интервьюсида маълум қилди.

«Самвел Бабаяннинг футболдан четлатилиши, ушбу соҳада турли қинғирликлар билан шуғулланган, фақат ўз манфаатини ўйлаб футбол орқасидан кун кўриб келаётган айрим шахсларга огоҳлик қўнғироғи бўлиб хизмат қилиши лозим.

Бабаяннинг «Пахтакор» клуби бошқарувида ва Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи сифатида амалга оширган турли қинғирликлари бизга маълум. Биз ўз ваколатимиз доирасида, ўрнатилган тартибда Ўзбекистон футбол федерацияси уставидан келиб чиқиб, уни футбол фаолияти билан шуғулланишдан бир умрга четлаштирдик. Шу билан биргаликда, унинг ҳужжатлари ва материалларини прокуратурага топширдик. Бабаян иши билан бундан буёғига прокуратура ходимлари шуғулланишади ва унинг айби тўлиқ исботланса, у қонун олдида, албатта, жавоб беради», дейди ЎФФ президенти.   

Унинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда Ўзбекистонда футбол тизими бутунлай издан чиқиб кетган, «футбол атрофидаги шахслар» пайдо бўлган. Гарчанд соҳага ҳеч қандай алоқаси бўлмаса-да, масъул раҳбарларнинг эътиборсизлигидан фойдаланиб воситачилик билан шуғулланган. Улар асосан жамоалар ўртасида келишилган ўйинларни ташкил этишда, керакли натижага эришиш учун ҳакамлар билан келишишда, футболчиларнинг бошқа клубга трансфер қилинишида, ёш футболчиларнинг ёшини сунъий равишда кичрайтиришда  «жонбозлик» кўрсатишган. Айнан шундай иллатлар туфайли юртимизда футбол тизими йиллар давомида изидан чиқиб кетган. 

 «Бизда ана шундай «футбол атрофидаги шахслар»нинг бир нечтаси ҳақида ҳам маълумот бор. Футболимизни ана шундай иллатлардан тозаламас эканмиз, жаҳон чемпионатига чиқиш бизга армон бўлиб қолаверади», дея қўшимча қилади Умид Аҳмаджонов.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

  • Абуасил
    25 янвuary 2018, 15:36

    Таҳсинга лойиқ фикрлар. Қанийди компания ва федерациялар президентлари Сиз ўйлагандек ўйласа, фикрласа ва, энг асосийси, амалиётга қўллай олса.
    Ўзбекчиликнинг бир унсури бор: одамни мақташ керак бўлса осмону-фалакка чиқадиган қилиб махтаймизда, бироз вақт ўтиб, уни ёмонлаш керак бўлса, ернинг тагига киритиб юборгудек қилиб ёмонлаб ташлаймиз.
    Вақтида халқ шунча жавради, ҳеч ким эшитмади. Кимлардир мансабдан кетганидан кейин бу масала кўтарилиб қолди. Нега ҳаммасини ўз вақтида қилолмаймиз-ааа?
    Бечора жаноб Бабаян ҳаммасига якка ўзи айбдор. Ҳаммасини бўйнига олишга мажбур.
    Бир Навальный деган валлома жаноб Путин ва Медведевларга ёпишди, бечора Усмонов эса "туф" деб Навальныйни ҳақоратлаб, омманинг эътиборини ўзига тортишга ҳаракат қилди. Бу ҳам бир мардлик. Навбат бечора Бабаянга, айбларнинг ҳаммасини у қилган, шунақа муҳитни ўзи яратган, якка ўзи бажарган.
    Прокуратура бу иш билан шуғуллангани яхши-ю, лекин яна бошқа клубларнинг фаолиятлари билан ҳам шуғулланишга мажбур бўладимикан, деб қўрқаман.
    Тренерлар болаларни тарбиялайдими ёки тергов-суриштирувга ҳужжат олиб бориш билан шуғулланадими. Аммо қонун ҳамма учун баробарлигини ҳар бир фуқаро билиши керак.
    Фақат адолат билаш ишласагина кўп нарсага эришиш мумкинлигини ичидан ҳис қилиши керак, бу "мураббий" деган барака топкурлар.
    Бу бир шахсий фикр.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *