Мексикалик қиличбоз ўз юртидаги коррупция сабаб Ўзбекистон фуқаролигини олди

июл 04 / 2019
paola-pliego (1).jpg
 
Мексикалик 24 ёшли қиличбоз Паола Плиего Ўзбекистон фуқаролигини олди ва эндиликда халқаро мусобақаларда Ўзбекистон номидан қатнаша бошлайди. Бу ҳақда у Twitter'ида маълум қилди. Спортчи бундай қарорга келишини Мексика Олимпия Қўмитасидаги коррупция ҳолати билан изоҳлаган.
 
Ҳозирда Халқаро Қиличбозлик Федерацияси расмий сайтида Паоло Ўзбекистон фуқароси сифатида кўрсатилган. Хабарларга кўра, Паоло Плиего 2019 йилги Жаҳон кубогида Ўзбекистон номидан қатнашади.
 
Плиего 2016 йилги Рио Олимпиадасига қадар халқаро миқёсда қатор ютуқларга эришиб келган, аммо Бразилия пойтахтига жўнаб кетишига уч кун қолганда допинг билан боғлиқ муаммо туфайли олимпия ўйинларида қатнаша олмай қолган. 2015 йилда Пан Америка чемпионатида бронза, Сателлит турнирида кумуш медални қўлга киритган. 2016 йилги ёзги Олимпиада арафасида Плиего топширган намунадан тақиқланган модафинил моддаси топилган. У буни рад этганига қарамай, олимпия ўйиларида қатнаша олмаган. Орадан бир ой ўтиб, қайта таҳлил ўтказилганда допинг тести салбий натижа берган. Бироқ бу вақтда Олимпиада якунланиб бўлган эди. Бу хатоликдан сўнг мазкур допинг таҳлилини ўтказган, Мексика Жисмоний тарбия ва спорт миллий комиссиясига қарашли лабораториянинг лицензияси бир йилга олиб қўйилган. Шунга қарамай, Плиегонинг Мексика қиличбозлик федерацияси ва Мексика Олимпия қўмитаси раҳбарияти билан муаммолари барҳам топмаган. Маҳаллий спорт мулозимлари унинг 2018 йилдаги Марказий Америка ва Кариб минтақаси ўйинларида қатнашишига изн беришмаган.
 
Натижада Паоло Плиего жаҳон чемпионати ва Олимпиадада ғолиб чиқиш орзусига Ўзбекистон байроғи остида эришишга қарор қилган.
 
15 июлдан Будапештда бошланадиган жаҳон чемпионати Плиегонинг Ўзбекистон терма жамоасидаги илк турнири бўлиши кутилмоқда.
 
Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *