Маррага неча қадам қолди?

июн 02 / 2017

alt

Нега бизнинг гуруҳда ўйинлар фақат 1:0 ҳисобида якунланди? Нега БАА терма жамоаси устози жамоани ярим йўлда ташлаб кетяпти? Берт ван Марвийк Саудияни мундиал финалида ҳам юқори босқичларга олиб чиқа олармикан? 7 та турдан сўнг бизнинг гуруҳда 29 та, нариги гуруҳда 55 та гол урилган. Бу нимадан дарак беради? Уларнинг ҳужуми кучлими ёки бизнинг ҳимоя? Эрон билан муҳим ўйиндан олдин вазиятга бир жиддий нигоҳ ташласак.

Россия-2018.

Терма жамоамиз ушбу раундни анча ишончли бошлади. Фақат голлар сал камроқ. Бошқа жамоаларда ҳам голлар танқислиги кузатиляпти. Лекин қувонтираётган жиҳатлар ҳам йўқ эмас. Ғалаба қозонган ўйинларимизда дарвозамиз дахлсизлигини сақлаб қолдик. Буёғига 3 та ўйин қолган. Тахминимизча, шуларнинг иккитасида ғалаба қозонсак, ЖЧ-2018 мундиалига тўғридан-тўғри боришимиз мумкин ва шундай бўлиши ҳам керак. Чунки қўшни гуруҳда 3-ўрин эгаси ўша пайтда бизнинг гуруҳдаги исталган жамоадан кучли бўлиш эҳтимоли юқори. Бу эса плей-офф ўйинлари орқали мундиалга йўл олиш жуда-жуда қийин бўлишини англатади.

ЖЧ-2018 саралаши. 3-раунд. “A” гуруҳи. 2-давра 2-турдан кейинги вазият:

Гуруҳимиздаги вазият ҳозирданоқ тушунарли. Эрон ва Корея 1-ўрин учун жиддий кураш олиб боради. Реалист бўлиш керакка ўхшайди! Суриянинг кейинги икки турда Хитой ва Қатар билан мезбон сифатида ўйнашини инобатга олсак, 3-ўрин бизга осонликча тегмайдиган кўринади.

Эрон ҳимоявий ўйин борасида қитъада яққол етакчиликка интилаётгани кўриниб турибди. Буниси анча кутилмаган ҳолат. 7 ўйинда жамоа биронта ҳам гол ўтказиб юбормади. Меҳди Тареми ҳужумнинг олдинги чизиғидаги жойни Сердар Азмундан тортиб олгани хусусида бош қотиришимиз керакка ўхшайди.

Қатар ва Хитой термаларининг 2-давра ўйинларига назар ташлаб, бу жамоалар бирон бир нарсага даъво қилишига ишониш қийин. Тактик ўсиш ва руҳият борасида етук жамоалардан бўлмаганликлари боис, айни пайтда Осиё Кубоги-2019 учун тайёргарлик кўраверсалар ҳам бўлади.

МТЖ    Ў         Ғ         Д         М        Т-Н     О

Эрон     7          5          2          0          6-0       17

Корея Рес.        7          4          1          1          8-6       13

Ўзбекистон      7          4          0          3          6-4       12

Сурия   7          2          2          3          2-3       8

Хитой   7          1          2          4          3-7       5

Қатар    7          1          1          5          3-8       4

ЖЧ-2018 саралаши. 3-раунд. “B” гуруҳи. 2-давра 2-турдан кейинги вазият:

3-раундга қуръадан сўнг кўпчилик мутахассислар ушбу гуруҳда салоҳият жиҳатдан бир-бирига тенг рақиблар йиғилган дея эътироф этгандилар. Сўнгги Осиё Кубогида жуда яхши ўйин намойиш этган Ироқ ва БАА ҳозирча у қадар юқори поғонада эмаслар. Ироқ фақат 3-ўринга умид қилиши мумкин. БААни эса бош мураббий Маҳди Али ташлаб кетди. Аргентиналик янги мураббий БААни 3-ўринга олиб чиқа олмаса керак. Омар Абдулраҳмон-Аҳмад Халил-Али Мабҳут учлиги рақиблар томонидан қуролсизлантирилди. Демак, янги бош мураббий ўзгача услуб ишлаб чиқишига тўғри келади.

Саудия Арабистони терма жамоаси сафида ҳамма хавфни Муҳаммад Ал Саҳлавидан кутаётган бир пайтда катта саҳнага Наваф Ал Обид ва Яҳё Ал Шеҳри кўтарилишди. Саудия учун ҳақиқий синовлар ҳали олдинда.

Япония терма жамоаси сафида икки Шинжи - Оказаки ва Кагава бундан 4 йил олдин айнан шу паллада муҳим голлари билан терма жамоага қимматли очколарни тақдим этишганди. Жамоа мундиалга тўғридан-тўғри йўлланмани ўзидан узоқлаштириб юбормаса керак.

МТЖ    Ў         Ғ         Д         М        Т-Н     О

Япония 7          5          1          1          14-5     16

Саудия А.        7          5          1          1          13-5     16

Австралия        7          3          4          0          11-6     13

БАА      7          3          0          4          7-10     9

Ироқ     7          1          1          5          7-10     4

Таиланд            7          0          1          6          3-19     1

Бразилия-2014.

Биз учун 5-уриниш принципиал характер касб этарди. Терма жамоамиз таркиби айни кучга тўлган ва улкан мақсадларга эга эди. Бутун ОАВ улардан умид қиларди. Араб жамоалари биздан хайиқар, ҳатто Япония ва Корея биз билан ҳисоблаша бошлаганди. Бу ҳолат биз матбуот вакилари учун ёқимли эди.

ЖЧ-2014 саралаши. 4-раунд. “A” гуруҳи. 2-давра 2-турдан кейинги вазият:

Эрон ва Ливандан олинган ғалабалар бутун Осиё кўз ўнгида бизни фаворитга айлантириб қўйди. Тўғри Япония биздан 2 очко кўп жамғарган, лекин ҳимоявий футболда улардан кучли кўринардик. Қатар – Ливан баҳси (1:0) кейинчалик Ливан футбол раҳбариятида шубҳа уйғотди ва терма жамоанинг бу ўйинини “шармандали ҳолат” дея баҳолади. Улар футболчилар ўйинни сотишган деган хаёлга бордилар. Эрондаги баҳс эса ўйин сифати бўйича терма жамоамиз тарихидаги энг хши ўйинлардан бири бўлди.

03.06.2012 й. Ўзбекистон - Эрон - 0:1

08.06.2012 й. Ливан - Ўзбекистон - 1:1

11.09.2012 й. Ўзбекистон - Корея Рес. - 2:2

16.10.2012 й. Қатар - Ўзбекистон - 0:1

14.11.2012 й. Эрон - Ўзбекистон - 0:1

26.03.2013 й. Ўзбекистон – Ливан - 1:0

МТЖ    Ў         Ғ         Д         М        Т-Н     О

Ўзбекистон      6          3          2          1          6-4       11

Корея Рес.        5          3          1          1          11-5     10

Эрон     5          2          1          2          2-2       7

Қатар    6          2          1          3          4-7       7

Ливан   6          1          1          4          2-7       4

Якунда мундиалга йўл олган: Эрон ва Корея Республикаси

ЖЧ-2014 саралаши. 4-раунд. “B” гуруҳи. 2-давра 2-турдан кейинги вазият:

Муҳим паллага келганда “кунчиқар юрт” вакиллари тактикани ўзгартирмадилар ва рақибларни ҳар жиҳатдан ютишга интилдилар. Шинжи Кагава, Шинжи Оказаки ва Хироши Кийотаке терма жамоанинг янги юлдузлари сифатида гавдаландилар. Австралия бўлса тезликни аста-секин олди. Иордания ва Уммон бўлса бу жамоалар орасида салоҳият жиҳатдан йўқолиб қоладигандек таассурот уйғотганди. Ироқ стартда 2 та дурангдан сўнг, асосий рақибларидан 2 та мағлубиятни қабул қилиб олди ва мундиалга чиқиш умидини узди. Ироқнинг Иордания устидан ғалабаси Осиё учун фожиа десак муболаға қилган бўлармиз. Агар ўшанда Иордания баҳсни ютганида мундиалга Австралия эмас, балки Иордания борган бўларди.

МТЖ    Ў         Ғ         Д         М        Т-Н     О

Япония 6          4          1          1          14-4     13

Иордания         6          2          1          3          6-12     7

Австралия        5          1          3          1          6-6       6

Уммон  6          1          3          2          6-9       6

Ироқ     5          1          2          2          4-5       5

Якунда мундиалга йўл олган: Япония ва Австралия

ЖАР-2010

Ҳал қилувчи 4-раундга жамоалар қай тарзда танлангани ёдингиздами? Ўзбекистон, КХДР, БАА ва Қатар сўнги саватчадан ўрин олганди. Қатар ва Ўзбекистоннинг бир гуруҳга тушгани уларнинг Австралия ва Японияга нечтадан гол ўтказиши кўпчилик орасида муҳокама бўлганди. Лекин ўшанда ҳам ҳужумчилардан танқислик сезмасдик, Шацких, Тожиев, Солиев ва ҳоказо. Австралия бўлса янги қитъага катта мақсадалрни кўзлаб ўтгани ва Гарри Кьюэлл-Тим Кэйхилл дуэти бутун Осиёни хавотирга солганди.

ЖЧ-2010 саралаши. 4-раунд. “A” гуруҳи. 2-давра 2-турдан кейинги вазият:

Иккинчи даврани Баҳрайнга мағлубият билан бошладик. Маҳмуд Абдулраҳмоннинг 90+4-дақиқада узоқдан йўллаган ажойиб зарбаси орзуларимизни кўмгандек бўлди. Кейин уйдаги ишончли ғалаба. Фарҳод Тожиев хет-триги ва Анвар Солиевнинг голлари бизга умид берди. Футбол нашрлари турли арифметик жадвалларни оммага ҳавола қилди. Умидга берилдик. Бу орада Япония Австралия биан дуранг ўйнаб, Баҳрайнни енгди. Японлар ҳам ҳар икки баҳсни уйда ўтказишди. Австралия гол ўтказмасдан бир маромда ҳаракатланишда давом этарди.

06.09.2008 й. Қатар - Ўзбекистон - 3:0

10.09.2008 й. Ўзбекистон - Австралия - 0:1

15.10.2008 й. Япония - Ўзбекистон - 1:1

11.02.2009 й. Ўзбекистон - Баҳрайн - 0:1

28.03.2009 й. Ўзбекистон - Қатар - 4:0

01.04.2009 й. Австралия – Ўзбекистон - 2:0

МТЖ    Ў         Ғ         Д         М        Т-Н     О

Япония 5          3          2          0          8-3       11

Австралия        5          4          1          0          8-0       10

Баҳрайн            6          2          1          3          5-6       7

Ўзбекистон      6          1          1          4          5-8       4

Қатар    6          1          1          4          4-13     4

Якунда мундиалга йўл олган: Австралия ва Япония

ЖЧ-2010 саралаши. 4-раунд. “B” гуруҳи. 2-давра 2-турдан кейинги вазият:

Масъуд Шожаи ва Жавод Некунам бу циклни шунчаки бой беришмади. Улар бутун бошли жамоани тортиб кета олмадилар. Бунга КХДР ва Кореянинг ўзаро принципиал қарама-қаршилиги ҳам халақит берди. КХДР ўз бошидан баланд сакради ва эйфорияга берилди. Шимолликлар таркибида Мун Ин Гукнинг ўйини мутахассисларга манзур бўлди. БАА эса таркибдаги муаммолар ва жисмоний тайёргарликдаги муаммолар туфайли сўнгги ўринга михланиб қолганди.

МТЖ    Ў         Ғ         Д         М        Т-Н     О

Корея Рес.        5          3          2          0          9-3       11

КХДР   6          3          1          2          7-5       10

Саудия А.        6          3          1          2          8-8       10

Эрон     5          1          3          1          6-6       6

БАА      6          0          1          5          6-14     1

Якунда мундиалга йўл олган: Корея Республикаси ва КХДР.

Хулоса. Кўриниб турибдики, биринчи давра якунига кўра жадвалнинг юқорисида турган жамоалар саралаш сўнггида ҳам бу ўринларни бўшатишмаган. Ўзбекистон термаси бу “анъана”га барҳам бериши мумкин. Ҳозирги ҳолатда Ўзбекистон ва Австралия ўз гуруҳларида 3-ўринда туришибди. Саралаш якунида бу ҳолат ўзгариб, Корея ва Австралия бўлиб қолиши ҳам мумкин. Худди Осиё Кубоги финали каби! Шунга чин дилдан умид қилиб қоламиз!

Музаффар Файз-Шамс тайёрлади

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *