Келишилган ўйинлар учун иккита футбол клубининг лицензиялари қайтариб олинди

июн 12 / 2019

Ўзбекистон футбол ассоциацияси Ижроия Қўмитаси ҳамда Ўзбекистон профессионал футбол лигаси Ижроия Қўмитасининг қўшма йиғилишида “Зарангари” ва “Иттифоқ Бухоро” футбол клубларини B Про-лигадан четлаштириш масаласи кўриб чиқилди. 
 
“Зарангари” футбол клуби 23 апрель куни бўлиб ўтган B Про-лиганинг 3-тури доирасидаги “Зомин”га қарши учрашувга, 4 июнь куни бўлиб ўтган 9-тур доирасидаги “Орол”га қарши учрашувга белгиланган вақтда келмагани учун техник мағлубият қайд этилган. Қолаверса, “Зарангари” ЎзПФЛга 20 март кунига қадар тўлаши лозим бўлган аъзолик бадалини ҳозирги кунга қадар тўлиқ тўламаган.
 
“Иттифоқ” клуби ЎзПФЛ томонидан  футболчиларга берилган тегишли лицензиялар қалбакилаштирилган, U-18 жамоасини ташкил этмагани, аъзолик бадалини ҳозирги кунга қадар тўлиқ тўламаган, бош мураббий Шерзод Сатторов келишилган ўйинларда иштирок этган. 
 
ЎФА хабарига кўра, “Зарангари” клуби 2019 йилги мусобақаларни ўтказиш регламентининг 15.8.  ҳамда 6.24-бандига асосан, “Иттифоқ” клуби ҳам 2019 йилги мусобақаларни ўтказиш регламентининг худди шу бандлари ҳамда Интизом кодексининг 5.35-бандига асосан Ўзбекистон чемпионатининг B Про-лигасидан четлаштирилди.
 
Ушбу икки жамоа ҳозирга қадар мавсум ҳисобидан ўтказилиши лозим бўлган ўйинларнинг ярмини ҳали ўйнаб улгурмагани сабаб Регламентга кўра, уларнинг ҳозирга қадар ўтказган баҳслари натижалари тўлиқ бекор қилинади.
 
Мазкур клубларга ўзлари шартнома имзолаган футболчилар ва бошқа ишчи ходимлар билан шартномада шу кунгача белгиланган шартларни тўлиқ бажариш мажбурияти юкланади. 
 
12 июндан бошлаб ҳар икки клуб футболчилари эркин агентга айланади ва уларга 9 июль санасидан бошлаб бошқа клублар билан шартнома имзолашга рухсат этилади.
 
Клублар мазкур қарор юзасидан 10 кун ичида Ўзбекистон футбол ассоциацияси Аппеляция қўмитасига шикоят қилиши мумкин.
 
Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *