Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси Руслан Нуриддинов билан боғлиқ ҳолатга ойдинлик киритди

дек 27 / 2018

alt

Оғир атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Руслан Нуриддиновнинг қонидан тақиқланган модда аниқлангани учун вақтинча мусобақалардан четлатилгани хабар қилинганди.

Ўзбекистон оғир атлетика федерациясининг биринчи вице-президенти Шаҳрулло Маҳмудов бу ҳолатга изоҳ берди.

— Халқаро олимпия қўмитаси ёки бошқа спорт ташкилотларига эътироз билдирганимиз билан ҳеч нарса ўзгармайди. Сабаби, бу олти йил олдинги ҳолат. Русланнинг асосий спортчилик фаолияти эса 2013 йилдан бошланган. Шундан бери у оғир атлетика спортида қўлга киритиши мумкин бўлган барча совринларни, Осиё чемпионатидан тортиб жаҳон чемпионати, Универсиада ўйинлари, Рио олимпиадаси ва ниҳоят охирги катта муваффақияти Осиё ўйинлари ғолиблигини қўлга киритди ҳамда мусобақа рекордини янгилади. Мана шу ютуқлар ва унвонлар спортчимизнинг ўзида сақланиб қолинганлиги биз учун катта натижа аслида. Негаки бугун бутун дунёда допинг билан боғлиқ муаммоли ҳолатлар бор. Русланнинг қонидан топилган моддага келсак, спортчимизда тестостерон моддаси меъёридан юқори эканлиги аниқланган. Тестостерон моддаси ҳар бир инсоннинг организмида мавжуд ва бу айниқса айни балоғатга етган ёшлар, яъни йигитларда фаол даражада бўлади. Спортчимиз Лондон олимпиадасидаги иштирокидан кейин антидопинг текширувидан ўтган ва тоза чиққан. Ўша қон таҳлиллари музлатиб қўйилган ҳолда қайта текширувдан ўтгач, юқоридаги муаммолар келиб чиқди. Ушбу масала бўйича ВАДАга мурожаат қилганимизда бизга айтишдики, ҳозир энг сўнгги ва замонавий технологиялар ёрдамида қон таҳлили қайта текширувдан ўтказилган ҳамда Русланнинг қонида тестостерон моддаси белгиланган меъёридан ортиқлиги аниқланган. Қайта текширувдан фақат Ўзбекистон вакили эмас, балки Украина, Белорус, Арманистон, Озарбайжон, жами беш мамлакат спортчилари ўтказилган. Савол туғилиши мумкин – бу нарса кимга ва нима учун керак бўлди, ахир ўшанда Руслан медаль олмаганку, десак Халқаро олимпия қўмитаси қайта текширувдан ҳозир спортчилик фаолиятини давом эттираётган атлетлар ўтказилаётганлигини маълум қилди. Биз мазкур ҳолатни чуқур таҳлил қиламиз, спортчимизнинг қонида қандай қилиб тестостерон моддаси миқдори меъёридан ошиб кетган? Биласизми, тестостерон моддасини спортчи истеъмол қилган биоқўшимчалар, ҳатто оддий таблеткалар ҳам ошириб юбориши мумкин. Тестостероннинг ошиши – бу қувват ошиши дегани. Оддий қилиб айтганда 20 ёшли эркакка қараганда 35 ёшли эркакдаги тестостерон моддаси миқдори кам бўлади. Руслан ўша пайтда 21 ёшда бўлган, яъни тестостерон моддаси энг юқори бўлган ҳолат. Спортда эса тестостерон моддасининг белгиланган миқдори – 407% деб белгиланган, агар шундан юқори бўлса – бу кишида шубҳа уйғотади. Бу узоқ ўрганиладиган жараён, дарҳол қарор қабул қилиб бўлмайди. Шу ўринда бир мулоҳазамни билдирмоқчи эдим: Руслан спортчи сифатида барча мусобақани ютди, кўп бора Ўзбекистон байроғини юқори кўтарди, унинг ғалабалари шарафига мадҳиямиз янгради. Шу маънода ҳозирги вазиятда ҳар хил гап-сўзлар билан ватанимиз фахрига айланган спортчимизни асло ранжитиб қўймаслигимиз керак. У ҳам инсон, унда ҳам юрак бор. Кўпчилик ўйлашдики, бу Руслан чемпион бўлган даврдаги ҳолат деб, йўқ, ундай эмас, бу атлетимизнинг энди-энди катта спортга кириб келаётган даври. Шундан кейин Нуриддинов қанча мусобақада қатнашган бўлса, баҳслар бошланиши олдидан ва кейин албатта допинг текширувидан ўтган ва шу кунгача биронта салбий ҳолат кузатилмаган. Мен мамлакатимизда оғир атлетика спортига масъул инсонлардан бири сифатида айтмоқчиман, Русланнинг Риодаги ғалабаси тасодиф эмаслигини Токиода ҳам исботлаши учун уни қўллаб-қувватлашимиз керак. Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси ва мамлакатимизда спортга масъул бўлган мутасадди ташкилотлар спортчимизни қўллаб-қувватлайди.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *