"Бунёдкор" офиси МИБ томонидан муҳрлангани ростми? Вазият қанчалик жиддий?

мая 02 / 2019

alt

Мураббий Сергей Лушан "Бунёдкор" клубида қолиб кетган қарзлари бўйича давлат органларига мурожаат қилган эди.

"Бунёдкор" клуби офиси муҳрлангани ва клубга тегишли автобуслардан фойдаланиш тақиқлаб қўйилгани ҳақида хабарлар чиқди. Ушбу ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида championat.asia "Бунёдкор" клуби бош директори Улуғбек Мирзаев билан суҳбат қилди.

– Тўғри Чилонзор МИБ вакиллари келиб "Бунёдкор" клубига тегишли автобус, енгил автомобилларни банд қилишди. Яъни транспорт воситаларидан фойдаланиш тақиқлаб қўйилди. Ходимларимиз ишлайдиган офислар эса муҳрланди. Бугун ушбу ҳолат юзасидан Республика Мажбурий Ижро Бюросига бордим. Аслида Лушан талаб қилаётган суммани битта автобусни сотиш орқали тўлаб юборишимиз мумкин. Шу боис офисларимиз муҳрланиши ортиқча эди. Вазият кўпчилик ўйлаганчалик ваҳимали эмас. "Бунёдкор" клуби кўп қийинчиликлардан ўтди, бундан ҳам ўтади. Тўғри айни пайтда клуб ҳисоб рақамида бунча пул йўқ. Аммо яқин кунларда бир қатор реклама ҳамкорларимиздан пул тушиши кутилмоқда. Бундан ташқари "Пахтакор" клуби Акром Комилов бизнинг академиямизда ўқигани учун пул ўтказиши лозим, Шоҳруз Норхоновни "Сўғдиёна"га трансфер қилганмиз, Даврон Умировни ижарага берганмиз. Мана шу пуллар тушиши билан "Бунёдкор" бу муаммони ҳал қилади. Бу йилги харажатлар сметасида кўзда тутилмаган жуда кўплаб харажатлар пайдо бўлаётганидан футбол жамоатчилиги жуда яхши хабардор.

2015-2016 йилларда "Бунёдкор"да ишлаб кетган Сергей Лушан ва Бахтиёр Бобоев Лушаннинг бош мураббий сифатидаги шартномасига 2015 йил учун 400 миллион сўм, 2016 йил учун ҳам 400 миллион сўм, жами 800 миллион сўм кўтарма пулларини ёзишган экан. Лекин негадир Бобоев раҳбарлигида бу пулларни олишмаган ва ҳозиргача қарз тўланмай келмоқда. Зукко футбол мухлислари Лушан нима мақсадда ҳар йили жамоага янги легионерларни олиб келганини жуда яхши билишади. Шунча йил бу жамоада ишлаганлар инсонийликни бир четга суриб қўйишди.

Якунда шуни айтмоқчиманки, яқин кунлар ичида биз ҳам Сергей Лушан устидан давлат пулларини ўзлаштириш бўйича прокуратурага ариза ёзамиз. Бу мураббий қўл остида "Бунёдкор" ҳозиргидан бир неча баробар катта сметага эга бўлган ва Осиё чемпионлар лигасида биронта ўйинда ғолиб бўла олмаган йиллар ҳам бўлганини барча яхши эслайди", - дейди Улуғбек Мирзаев.

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *