Бойсун туманидаги спорт мактабига курашчиларни қабул қилиш қоидалари белгиланди

дек 06 / 2015

alt

Белгиланишича, Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидаги спортнинг миллий кураш турига ихтисослаштирилган мактаб-интернатга ҳар йили танлов асосида 20 нафар қобилиятли ўқувчилар 5-синфга қабул қилинади, деб ёзади norma.uz.

Мактаб-интернат ҳужжатлар қабул қилиниши бошланишидан 2 ой олдин танлов ўтказилиши тўғрисида ОАВда эълон беради. Танловни ташкил этиш ва ўтказиш учун 7 кишидан иборат таркибда қабул комиссияси тузилади.

Ота-оналар қабул комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

ариза (Низомда белгиланган шаклда);

ҳужжатнинг асл нусхасини кўрсатган ҳолда ўқувчининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси (16 ёшга тўлмаган шахслар учун фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳаракатланиш ҳужжати) нусхаси;

ҳужжатнинг асл нусхасини кўрсатган ҳолда ўқувчининг баҳолар (ўзлаштириш) табели нусхаси;

086-У-шакл бўйича тиббий маълумотнома ва ўқувчининг умуртқаси рентген тасвири;

ўқувчининг спорт мусобақаларида эришган натижаларини тасдиқловчи ҳужжатлар (агар мавжуд бўлса);

ўқувчининг 3,5x4,5 см ўлчамдаги 6 дона рангли фотосурати;

ҳужжатнинг асл нусхасини кўрсатган ҳолда ўқувчининг спорт паспорти нусхаси (агар мавжуд бўлса).

Қабул комиссиясининг бошқа ҳужжатларни талаб қилиши тақиқланади.

Ҳужжатлар ҳар йили 25 июндан 25 июлгача (шу куни ҳам) қабул қилинади. 

Ихтисослик имтиҳонларини топширишдан олдин ўқувчилар 1-5 август кунлари тиббий кўрикдан ўтади. Ихтисослик имтиҳонлари 6-10 август кунлари ўтказилади.

Мактаб-интернатга энг юқори балл тўплаган 20 нафар ўқувчи қабул қилинади. Ўтиш баллари тенг бўлиб қолган тақдирда, спорт мусобақаларида эришган натижалари юқори бўлган ўқувчи мактаб-интернатга қабул қилинади.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *