Бабаяннинг танкаси ким? — матбуот анжуманидаги энг қизиқарли савол-жавоблар

июн 24 / 2019

Бугун "Локомотив" клубининг янги бош мураббийи Самвел Бабаян иштирокидаги матбуот анжумани бўлиб ўтди. Ушбу тадбирда журналистлар томонидан берилган энг қизиқарли саволлар ва мураббийнинг жавобини эътиборингизга ҳавола этамиз:
 
- Ўзбек футболига фойдали инсонман дея оласизми? Ҳозир қайтганидан кейин қандай фойда келтира оласиз? 
 
- Ўзимга ўзим баҳо бера олмайман. "Пахтакор"да ишлаган пайтда терма жамоага 42 нафар футболчини етказиб борганман, 200дан ортиқ футболчи турли ёшдаги футболчиларни тарбиялаб берганман. Мен оддийгина болакай, катта футбол ўйнамай туриб жамоа маъмуридан бошлаб ўзбек футболининг энг кучли клубларидан бирида раҳбар бўлиш ва терма жамоа бош мураббийи даражасига чиқа олдим. 
 
- Терма жамоада ишлаган пайтда қилган хатоларингизни тан оласизми? 
 
- Жанубий Кореяга қарши ўйиндан кейин матбуот анжуманида қисқа гапириб чиқиб кетганим билан ЎФФ матбуот хизмати халқимиздан узр сўраганимни чоп этганди. Сизнинг ишончингизни оқлай олмаганимдан хафаман деб айтгандим. Бугун ҳам буни такрорлашим мумкин. Биз мундиалга жуда яқин эдик. Бизга омад етишмади, оддийгина Ҳайдаров гол урса ёки Кореяда 86-дақиқада гол ўтказмаганимизда Жаҳон чемпионатига чиққан бўлардик. Барчада хато бўлади. Ким мураббий бўлишидан қатъий назар Ўзбекистон терма жамоасига мундиалга чиқишини тилайман. Агар ёдингизда бўлса терма жамоа устози бўлганимдан кейин журналистлар билан, мураббийлар билан учрашгандик. Бир оила бўлишга келишиб олгандик. Эрон билан ўйинда Одил Аҳмедовнинг ўйнамагани туфайли ютқазиб қўйгандик. Охирги матбуот анжуманида қачондир барчасини айтиб бераман деганман. Мираброр Усмоновга менга бўлган ишонч билдиргани учун катта раҳмат айтаман. Аммо унинг қўл остидаги баъзи инсонлар бизга ёрдам бера олишмаган. Масалан, сўнгги ўйиндан олдин Тошкент-Хитой-Тошкент чартер рейсини сўрагандик. Аммо бунга жавобгар бўлган шахслар Хитойга чартер рейс учмайди деб жавоб беришган. Биз 11 соат ўрнига 28 соатни йўлда ўтказганмиз. Корея эса самолётга ўтирган ва 6 соатда Тошкентга етиб келган. Ўйинни эсласанглар биринчи таймда биз яхшироқ ўйнаганмиз, аммо иккинчи таймда чарчаб қолгандик. Ўша саралаш босқичида Хитой ва Қатарга қарши ўйнаганмиз. Хитойда ҳам, Қатарда ҳам футболда йилига жуда катта пул тикилади. Бизда бундай пуллар йўқ. Бугунги кунда бизда фақат "Пахтакор" ҳусусий клуб, қолган клублар эса давлат тасарруфида. 
 
- Икки йил давомида матбуотдан йироқлашдингиз. Бунга нима сабаб бўлганди? 
 
- Провал бўлганди. Сен жуда яқин келган нарсангга эриша олмасанг қандай аҳволга тушасан. Ўша матбуот анжуманида баъзи инсонларни кўргандим. Сиз мендан кўп бор интервью сўраб мурожаат қилгансиз, буни тан оламан. Аммо терма жамоада нимадир юта олмай туриб интервью беришни ўзимга ирим қилгандим. 
 
Масалан, Александр Лобанов нимага ўйнаган? Мени КХДРга қарши ўйиндан кейин терма жамоага бош мураббий этиб тайинлашганди.  Ўша баҳсда биринчи таймда 0:4 ҳисобида ютқазгандик. Ўша баҳсдаги 3та ўтказилган гол ҳаводаги курашлардан сўнг урилганини кўрдик. Замонавий футболда ҳозирги кунда энг кучли дарвозабон Игнатий Нестеровнинг хатоси эди. Қайтараман Нестеров ҳозирги куннинг энг кучли дарвозабони ҳисоблайман, аммо хатолари туфайли ютқазгандик. Буни ўша вақтда айтмаганим менинг хатоим. 
 
- "Локомотив"га келишингиздан олдин футболчилар Фёдоровнинг ёнини олиб мураббий учун ўйнаймиз деб интервью беришди. Бир қатор футболчилар жумаладан Темурхўжа Абдухолиқовнинг сиз билан муносабати у қадар яхши эмас....
 
- Абдухолиқов билан муносабатимиз ёмон деб ким айтди? Мен уни "Бунёдкор" ёшлар жамоасидан "Пахтакор"га таклиф қилганман. Ҳа у рақобатчилари билан ўйнаган. Ҳозир эса унда рақобат йўқ, бу эса ёмон. Ҳар бир спортчига рақобат керак ва зарур. Футболчилар билан кеча гаплашиб олдим. 5 дақиқа ичида улардан нима кутаётганимни тушунтирдим. Айни пайтда "Локомотив" билан шартномаси бор бўлган барча футболчилар мен учун дунёдаги энг яхшилари. Биз битта оиламиз. 
 
- Сиз ҳозирги "Пахтакор"га чемпионатда рақобат туғдира оласизми? 
 
- 8 очколик фарқ қатта. Бу қийин. Айни пайтдаги вазифа клубдаги имкониятлардан максимал фойдаланган ҳолда натижага эришиш. Ҳар бир ўйин "Локомотив" учун энг муҳими бўлади. Биз айнан шу фалсафа билан майдонга тушамиз.
 
- Самвел Бабаяннинг танкаси ким? 
 
- Мени яхши биладиган одамлар билишади. Ҳеч ким мендан ўзбек футболида ишлаш ҳуқуқини олиб қўя олмайди. 7 ёшимдан буён футбол ичидаман. Ўзбек футболи учун кўп нарса қилганман. Танки ёки бошқа нарсалар бўлмаган, бўлмайди ҳам. Фақат яратган мени жонимни олиши мумкин.
 
- МТЖни бошқаган вақтингизда хатолардан бири ўз футболчиларини асосий таркибга қўйишингиз ҳақида гапиришарди. Уларни таркибга қўйиш орқали реклама қилиб, сотиш режаси бор деган фикр бўлганди. Бунга қандай муносатдасиз?
 
-Сиз бировнинг телефонини олиб бозорда сотиб юбора оласизми? Мен клубда ишламай туриб, уларнинг футболчиси сотилишидан қандай манфаат олишим мумкин? МТЖда ишлаган вақтимда битта чизиққа икки даъвогар бўлганди. Машарипова ва Шомуродов. Агар мен нопрофессионал бўлганимда ўша чизиққа "Пахтакор"даги футболчи Машариповни қўйган бўлардим. Аммо, мен Шомуродовни МТЖга қўйдим. Ўшандан сўнг у Россияга кетди ва бугунги кунда МТЖнинг энг асосий футболчиларидан бири ҳисобланади.
 
- Сиз "Локомотив"да менежер сифатида қай тарзда пул топиш мумкин деб ҳисоблайсиз?
 
- Бугун ТВдан пул ишлай олмаймиз, мухлислар ҳам кам. Бизда ҳомийлар бор. Қўшимча ҳомийларни жалб қилишимиз керак. Менежментни ишга солишимиз лозим.
 
- Ўзбек клублари ОЧЛда яхши натижа қайд эта олмаётганига ва савиянинг тушиб кетишига келишилган ўйинлар ҳамда тотализаторнинг ўрни бор деган фикрга қўшиласизми? Ўтган йил Betradar хулосасига кўра Ўзбекистонда 10дан зиёд ўйинлар қайд этилган. 
 
- Келишилган ўйинлар борасида миш-мишлар доимо бўлади. Биз мутахассис сифатида буни кўра олишимиз керак. "Локомотив" чемпионатимиз етакчиси ҳисобланади. Футболда барча масала майдонда ҳал бўлиши лозим.
 
- "Локомотив" ҳалол ўйнашига ва барча масалани майдонда ҳал қилишга ваъда берасизми? 
 
- Ҳа ваъда бераман. Фаолиятимда доим шундай бўлган, бундан кейин ҳам шундай бўлади. 
 
Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *