Алишер Никимбаев ФИФАга аъзо бўлиш кўзбўямачиликлар билан кечгани ҳақида гапирди

дек 17 / 2019

alt

Ўзбекистонлик футбол мутахассиси Алишер Никимбаев Ўзбекистон футбол федерацияси ФИФАга аъзо бўлиши кўзбўямачиликлар билан кечгани ҳақида гапириб берди.

«Ёдимда бор, Ўзбекистон ФИФАга аъзо бўлиш истагини билдирганида рад жавобини олганди. Чунки биз ҳали ОФКга ёки УЕФА қўшилиш масаласини ҳал қилмагандик. Улар ОФК ва УЕФАдан бирига аъзоликдан сўнгина ФИФАга қабул қилишларини айтишганди.

Кейинроқ ЎФФ мутасаддилари саъй-ҳаракатлари билан ФИФАга аъзо бўлиш бўйича ариза топширилган ва декабрь ойида ФИФА вакиллари Ўзбекистонга келишганди. Аммо ўша пайтда бизда нормал шароитдаги стадион ҳам йўқ эди. Биргина «Пахтакор»да бироз ҳолат яхшироқ, лекин у ҳам ҳавас қиларли даражада эмасди. Ўшанда мутасаддилар кўзбўямачилик билан бўлсада, фақатгина «Пахтакор»ни кўрсатишган, бошқа бирорта ҳам стадионни кўрсатишмаганди. Чунки кўрсатгулик стадион йўқ эди. Ҳаммаси шу билан тугамаган. ФИФА вакиллари иштирокида матбуот анжумани ўтказилганди. Ўша вақтлари ЎФФда вице-президент лавозимида ишлаган раҳбарлардан бири фақат ўзи саволлар тузиб, фақат ўзи савол-жавоб қилган. Журналистларга умуман имконият берилмаганди.

Хуллас, амаллаб, турли кўзбўямачиликлар билан бўлсада, ФИФА бизни вақтинчалик аъзоликка қабул қилганди. 1994 йилдан эса ташкилотга тўлиқ, расман аъзо бўлганмиз», дея гапириб ўтган Никимбаев GoSport.uzʼга берган интервьюсида.

Маълумот учун, Ўзбекистон футбол федерацияси 1993 йилда илк марта ФИФА аъзолигига қабул қилинган. Ўзбекистоннинг ФИФАга тўлақонли аъзо бўлиши 1994 йилга тўғри келади, аммо аслида Ўзбекистонни биринчи марта вақтинчалик асосда 1993 йилнинг 16 декабрь куни, яъни бундан роппа-роса 26 йил олдин Халқаро футбол иттифоқига қабул қилишган.

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *