2021 йилдан бошлаб Ўзбекистонда букмекерлик фаолиятига яна рухсат берилади

ноя 14 / 2019

alt

2021 йилдан бошлаб Ўзбекистонда яна қонуний тотализаторлар фаолият кўрсатиши мумкин бўлади, деб хабар тарқатди GoSport.uz интернет нашри.

Хабарда айтилишича, бу “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳасида кўзда тутилган.

Президент қарор лойиҳасида 2021 йил 1 январдан бошлаб, халқаро тажрибадан келиб чиқиб спорт соҳасини, айниқса футболни янада ривожлантириш, унинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, қўшимча маблағларни жалб қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикасида букмекерлик фаолиятини амалга оширишга рухсат бериш банди ҳам қўшиб қўйилган.

Унга кўра, букмекерлик фаолиятини лицензиялаш Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги томонидан амалга оширилади. Букмекерлик фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан телекоммуникация тармоқларида, шу жумладан Интернет тармоғи провайдерларида хизматлар кўрсатилишини тартибга солинади.

Букмекерлик фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари даромадларининг бир қисмини спорт турлари, шу жумладан футболни ривожлантириш учун йўналтирилади.

Букмекерлик фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш механизмлари жорий этилади.

Эслатиб ўтамиз, 2007 йилга қадар Ўзбекистонда тотализаторлик фаолияти билан шуғулланган хусусий ташкилотлар мавжуд бўлган ва шундан сўнг уларнинг фаолияти ҳужжат асосида тақиқланганди.

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *