Жўрабеков Орол фожиаси сабаблари ва Собиқ иттифоқ даврида уни сақлаб қолиш мумкин бўлган чоралар ҳақида

фев 06 / 2019

alt

— Орол фожиасининг илк сабаблари нимада? Мен бу масалада кўплаб мутахассислар, олимлар ва экспертларнинг фикри билан танишман. Айтиш лозимки, бу — ниҳоятда мураккаб мавзу. Баъзан ушбу масала бўйича баҳс бошланса, ҳис-туйғуларга берилиб кетиш ҳам кузатилади. Ўз вақтида у, менимча, ҳаддан ташқари сиёсийлаштириб юборилган эди.
 
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ирригатор, сув хўжалиги соҳасида таниқли мутахассис Исмоил Жўрабеков
 
— Хўш, фожиага ўзи нима олиб келди? Буни тушуниш учун, келинг, ҳис-туйғуларни бир четга суриб, оддий далилларга мурожаат қилайлик. Харитага қаранг. Сирдарёни олсак, у Тожикистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудларидан оқиб ўтади. Лекин дарё оқимининг ­деярли тўртдан уч қисми Қирғизис­тонда шаклланади, яъни музликлар эришидан ҳосил бўлган Қорадарё ва Норин дарёларининг қўшилишидан Сирдарё ташкил топади. ­Амударё оқимининг 80 фоизи эса Тожикистон ва Афғонистондаги тоғларда вужудга келади. Шундан кейин­ бу дарё Ўзбекистон ва ­Афғонистон чегараси бўйлаб оқади, Туркманистоннинг шимоли-шарқий қисмини кесиб ўтиб, яна Ўзбекистон ҳудудида оқишни давом эттиради. Ҳаттоки, бугунги глобал исиш ва музликлар эриши шароитида ҳам Оролни тўлдириб турган бу икки дарёнинг суви уни сақлаб қолиш учун етган бўлар эди.
 
Энди тарихга назар ташласак. Ўтган асрнинг 60-йилларида Ўрта Осиёнинг барча республикалари ва Қозоғистонда жадал суръатлар билан чўлларни ўзлаштириш бошланди. Йилига 70 — 80 минг гектар ер ўзлаштирилар эди. Бир гектар майдонни қишлоқ хўжалигида фойдаланиш учун тайёрлаш, у ерда ҳосил етиштиришга ҳеч бўлмаганда ўн ва ундан ортиқ минг куб метр сув ­керак бўлади. Шундай қилиб, чўлни ўзлаштириш учун ҳар йили 600 — 700 миллион, баъзан бир миллиард куб метргача сув сарфланар эди. Сирдарё ва Амударёдан сув олиш ҳажми йилдан-йилга ортиб борди. Вақти келиб, дарёлар энди Оролга етиб бормай қўйди, бундай ҳолат кейинги йилларда юз берди. Хўш, биз Оролни йўқотиб қўйишимиз мумкинлигини қачон тушуниб етдик? Аслида чўл ерларни кенг кўламда ўзлаштириш натижасида дарёлар суви Оролга етиб бормаслиги аввалдан маълум эди. Шуни билган ҳолда, нега бўлмаса, бунчалик тез ўзлаштириш ва кўп сув сарфига йўл қўйилди?
 
Бунга бир нечта сабаб бор эди. Шулардан асосий иккитасини келтириб ўтаман. Биринчи галда — Ўрта Осиё республикаларида аҳоли сонининг йилига 2 — 2,5 фоизгача ўсиши. Шу ўринда қатор саволлар пайдо бўлади. Мабодо, ўша вақтда суғориладиган ерлар майдони 1,8 миллиондан 4,3 миллион гектаргача етказилмаганида, бугун Ўзбекистон ўзининг 33 миллиондан зиёд аҳолисини боқа олармиди? Тўғри, ерлар, асосан, пахта экиш мақсадида ўзлаштирилган ва кўпгина озиқ-овқат маҳсулотлари Ўзбекистонга бошқа республикалардан келтирилган. Бу — собиқ иттифоқ марказининг ўша даврдаги сиёсати эди. Лекин агар ўшанда ерлар ўзлаштирилган бўлмаганида, иттифоқ парчаланиб кетганидан кейин қандай аҳволга тушиб қолардик — буни энди тасаввур қилиш қийин эмас. Озиқ-овқат маҳсулотларини четдан валютага сотиб олишга тўғри келган бўларди, мустақил республикада эса валюта етишмасди. Шу ерда Ўзбекистон суверенитетга эришган дастлабки кунларда бор-йўғи бир ҳафтага етадиган буғдой захираси ­мавжуд бўлганини эслашнинг ўзи кифоя. Ўшанда ва ундан кейин ҳам валюта, асосан, пахта толасини ­экспорт қилиш ҳисобига топилган ва унга озиқ-овқат маҳсулотлари, энг аввало, дон харид қилинган.
 
Орол учун салбий оқибатларга олиб келишини билган ҳолда, барибир нимага чўл ўзлаштиришга зўр бериб, Сирдарё ва Амударёнинг сув захиралари кўп сарф қилинаверган? Энди бунинг иккинчи сабабига келсак. Бу Ўзбекистонни ҳам, қўшни республикаларни ҳам ривожлантириш билан боғлиқ. Айнан ўша даврда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни жадал кўпайтириш билан бир қаторда, йирик корхоналар ҳам қурилган, улар эса ҳам маҳсулот ишлаб ­чиқарган, ҳам аҳолини иш ўринлари билан таъминлаган. Ерларни ўзлаштириш билан бир пайтда, бугун миллионлаб одамлар яшаётган аҳоли пунктлари бунёд этилган. Яъни агар янги ерларни ўзлаштирмаганимизда, иқтисодиётимизнинг бугунги тараққиёти даражасига, унинг мустақиллик йилларидаги ўсиши учун замин яратишга эришган бўлмасдик.
 
Йўқ, ҳозир ҳикоя қилаётганларимни ўз вақтида Оролни ҳалокатга олиб келган саъй-ҳаракатларни оқлаш, дея қабул қилмаслигимиз керак. Асосий айб инсоннинг табиатга аралашувида эканлиги аниқ. Шундай бўлса-да, адолат нуқтаи назаридан, инсонга нима учун шу қадамни қўйиш зарур бўлганини ҳам ҳисобга олишга тўғри келади. Унчалик чиройли бўлмаса ҳам, ­қуйидаги ўхшатишни келтирмоқчиман: тарозининг икки палласини кўз олдимизга келтирсак, бир ­паллада — Орол қисмати, иккинчи паллада эса — бугунги кунда эришганларимизнинг катта қисми ва кўплаб одамлар тақдири.
 
— Олдиндан тасаввур қилиш мумкинки, бундай ўхшатиш кўпчиликка ҳам ёқавермайди. Аммо тарозининг икки палласини мувозанатга келтириш, яъни ҳам Оролни сақлаб қолиб, ҳам ерларни ўзлаштириш учун бошқа йўл бўлмаганми?
 
—Бўлган. Ўзбекистонда “юқори”дан туширилган ҳар бир буйруқни ҳамма индамай бажараверган, деб ўйлаш керак эмас. Оролга сув қуйилмай қўйиши аниқ бўлгач, Шароф Рашидов бошчилигидаги ўша вақтдаги республика раҳбарияти бу масалани собиқ ­иттифоқ раҳбарияти олдида кўтариб чиққан. Унга қулоқ тутишган ва Сибирь дарёлари оқимининг бир қисмини Қозоғистон ҳамда Ўрта Осиё республикаларига буриб юбориш бўйича қарор қабул қилинган. Қарорда Сирдарё ва Амударёдан янги ерларни ўзлаштириш учун олиб сарфланаётган сувнинг ўрнини қоплаш мақсадида Сибирь ­дарёларидан 17 куб километргача сувни бизнинг минтақага йўналтириш кўзда тутилган. Бундай ҳажмдаги обиҳаёт Оролни тўлдириш учун етган бўларди. Бу иш бошлаб ҳам юборилди. Айрим маълумотларга кўра, ўшанда Сибирь дарёлари ўзанини ўзгартириш лойиҳаси устида 160 дан ортиқ ташкилотлар, 48 та лойиҳа ва 112 та илмий-тадқиқот институти, иттифоқ миқёсидаги 32 та вазирлик ҳамда иттифоқдош республикаларнинг 9 та вазирлиги ишлаган. Ўзбекистонда бу улкан лойиҳани рўёбга ­чиқариш учун қурилишга тамал тоши қўйилган. Аммо юз берган муайян воқеалар, раҳбарият алмашинуви туфайли собиқ “марказ”да турли-туман фикрлар кўпайиб, лойиҳа ўта қизғин муҳокамага учради. Асосан, катта минтақанинг экологиясига салбий таъсир кўрсатиши мумкин, деган важлар кўрсатилди, шундай қилиб, лойиҳа бўйича ишларни тўхтатишга қарор қилинди.
 
Агар лойиҳа амалга оширилганда, бошқа минтақаларга қандай таъсир кўрсатган бўлар эди, буни ҳозир айта олмайман. Ўзбекистон эса мазкур лойиҳадан ютиши аниқ эди ва Орол ҳам қуримасди. Аммо... тарихий мазмундаги матнларда грамматик жиҳатдан (“шундай бўлганда эди” каби шаклларда) “феълнинг шарт майли” қўлланилмайди.
 
— Сибирь дарёлари оқимининг бир қисмини Қозоғистон ҳамда Ўрта Осиё республикаларига ташлаш бўйича кейинроқ ҳам яна лойиҳалар ишлаб чиқилган-ку?!
 
—Уларни пухта ҳисоб-китоб­ларга асосланган лойиҳа, деб аташ қийин. Кўпинча ғоя босқичида қолиб кетган. Улар устида олимлар, вазирлик ва идоралар иш олиб бормаган. Тўғрисини айтганда, у ёки бу кўринишдаги шунга ўхшаш лойиҳа, жумладан, Ўзбекистон учун ҳам керак.
 
Мен нимани назарда тутяпман? Айни замонда ҳамма Орол фожиасида Ўрта Осиё республикаларини айблаш билан овора — гўёки қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун жуда катта ҳажмдаги сувни сарфлаётгани сабабли. Ваҳоланки, ҳозирча ўзини намоён қилмаётган бошқа каттароқ хавф ҳам мавжуд. Яна бир марта харитага қараймиз. Амударёга Афғонистон ҳудудининг катта қисми ҳам туташ. Ўша ерда, яъни дарё оқимининг чап тарафида 600 минг гектарга яқин кафтдек текис ер майдони бор. Ҳозирги мураккаб шароитда ерни комплекс ўзлаштириш учун на шароит, на маблағ ва на қувватлар етарли, шу боис бу масала ҳеч кимни қизиқтирмаяпти. Агар вазият ўзгариб, шу ерларни ўзлаштириш бошланса, сувни, албатта, Амударёдан олишади-да. Кейин бундай ҳолат паст­ки қисмда жойлашган Ўзбекистон ва Туркманистон учун қандай таъсир кўрсатади, башорат қилиш қийин. Унда экологларнинг ҳаракатлари фойда берадими, йўқми?
 
Воқеаларнинг бундай ривожи яқин келажакда намоён бўлиши кўриниб турибди. Демак, унга ­тайёр бўлиш лозим.
 
Исмоил Ҳакимович, ­асосий мавзуга қайтсак. ­Демак, Орол бутунлай кетди ва энди қисман бўлса-да ­тикланмайдими?
 
—“Ҳеч қачон “ҳеч қачон” дема”, деган ибора бор. Лекин хавотирдаманки, аввалги Оролни, ҳатто кичикроқ ўлчамда бўлса ҳам, энди кўрмаймиз. Унинг ўрнида ҳозир мавжуд бўлган учта кўл сақланиб қолади. Улар Сирдарё ва Амударёдан эмас, балки ер ости сувлари ва бошқа манбалардан сув олади. Пайдо бўлган ­Оролқумга саксовул ва қурғоқчиликка чидамли бошқа ўсимликларни экиш зарур. Энг муҳими, Оролбўйи аҳолиси учун яхши шароитлар яратиш, уларнинг саломатлиги, муносиб турмуш тарзи ва ­меҳнат қилиши учун ҳаракат қилиш керак.
 
Афсуски, Оролни қайтара олмаймиз. Фақат, биласизми, Ўзбекистондагина эмас, балки бошқа мамлакатларда ҳам Орол фожиаси берган сабоқларни яхши англаш, инсон фаолияти, у ҳатто эзгу ниятлар билан қилинган бўлса-да, аянчли натижага олиб келиши ҳеч гап эмаслигини чуқур тушуниш ­лозим.
 
UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *