Жазони ижро этиш бош бошқармаси: Гулнора Каримова барча тиббий кўриклардан ўтган, унда сурункали касалликлар аниқланган

июл 17 / 2019

alt

Аввалроқ, Гулнора Каримованинг адвокати мижозининг соғлигида жиддий муаммолар борлиги ҳақида твиттерида хабар қолдирганди. 
 
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтган анжуманда ЖИЭББ Даволаш профилактика ёрдамини ташкиллаштириш бўлими бошлиғи Баҳодир Юсупов маҳкума Гулнора Каримовада ўтказилган тиббий текширувлар натижалари юзасидан ахборот берди.
 
«Жазони ижро этиш муассасига келиб тушган ҳар бир шахс тиббий кўрикдан ўтказилади. Қон таҳлили натижалари ва бошқа турдаги тиббий кўриклар амалга оширилади. Маҳкума Гулнора Каримова ҳам шу каби текширувлардан ўтган. Каримова 2017 йил декабрь ойида Соғлиқни сақлаш вазирлиги суд-тиббий экспертизасидан ўтказилганда унда маълум бир сурункали касалликлар аниқланган. У 2019 йил 14 мартда 21-сонли жазони ижро этиш муассасига келиб тушганда ҳам тиббий кўрикдан ўтказилган. Гулнора Каримовада мавжуд бўлган сурункали касалликлар зўрайиб кетмаслиги учун бир қанча мутахассислар жалб қилинган. Жумладан, тиббий текширув жараёнларида эндокринолог, гастроэнтеролог каби 10 дан ортиқ шифокорлар ёрдамидан фойдаланилган. Бу шифокорлар бевосита Жазони ижро этиш бош бошқармасидаги маҳкумларга мўлжалланган мутахассис шифокорлар ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги етакчи мутахассис шифокорлари. Ҳозирда Каримованинг саломатлиги қониқарли», — деди Баҳодир Юсупов.
 
Шунингдек, Баҳодир Юсупов швейцариялик адвокат Грегуар Манжа ўтган вақт давомида 3 марта мижози билан учрашиш учун тегишли тартибда мурожаат қилгани ва учрашувлар ташкил этилганини таъкидлаб ўтди.
 
Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *