Жаҳонгир Ортиқхўжаев: "Айрим мурожаатчилар бор – фақат ўзининг муаммосини кўтариб келади"

мар 28 / 2019

alt

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг навбатдаги сайёр қабули Сергели туманида бўлди. 

Сайёр қабулда уй-жой, коммунал хизмат кўрсатиш тизими, тиббиёт, ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолиятига оид ва бошқа ижтимоий, иқтисодий, маиший масалаларда қилинган мурожаатлар кўриб чиқилди.

“Эзгулик” МФЙда яшовчи Гулноза Нусратова "Сергели 8 А" мавзесидаги 16-уйдан 301-мактабгача йўлнинг остидан ўтган “Сувсоз” давлат унитар корхонасига тегишли бўлган қувурларни алмаштириш ва йўлни таъмирлаш масаласини ижобий ҳал этиш учун сайёр қабулга келганлигини билдирди. Ҳокимнинг топшириғига биноан тегишли ташкилотлар жорий йилнинг 15 апрелидан қувурларни янгилашга киришадиган бўлди.

70 ёшли Ғани бобо Ашрафов Сергели тумани Чоштепа маҳалласи, Ўзгариш кўчасининг ҳамма тор ва берк кўчаларида ҳеч қандай канализация йўқлигини маълум қилди. Мутасаддилар ҳудудни ўрганиб, лойиҳа тайёрлаши, маҳалла канализацияси 2020 йил дастурига киритилиши маълум қилинди.

Чоштепа МФЙда яшовчи Шуҳрат Аҳмедов Тошкент вилоятига қарашли ҳудудда светофор ўрнатиш зарурлигини айтди. 

– Айрим мурожаатчилар бор – фақат ўзининг муаммосини кўтариб келади. Кўринишидан ўзига тўқ одамга ўхшайди, бироқ ҳоким билан учрашганидан фойдаланиб, шахсий муаммосини айтади. Айримлар бор, ўзи учун эмас, аҳоли учун бирор муаммони ҳал этишимизни сўрашади. Бу мурожаат ҳам худди шундай. Вилоят ҳудудига светофор ўрнатиш керак бўлса, ўрнатамиз. Муҳими, машиналар қатновига, аҳолига ноқулайлик туғдирмаса бўлгани, – дейди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Сайёр қабул давомида Янги Сергели МФЙда яшовчи Мирсоли Ниёзов "Сергели 8" мавзесида жойлашган “Утопия” тунги клубининг иш фаолияти аҳолини безовта қилаётганини маълум қилди. У ерда тез-тез жанжал бўлиб туриши, ёшлар клуб олдидан ўтиб-қайтишда муаммо туғилаётгани айтилди.

Ж.Ортиқхўжаев мутасаддиларга ўша ҳудудда Патруль-пост хизмати назорат буткаси ўрнатиш чораларини кўриш, тадбиркор фаолияти аҳолига зарар келтирмаслиги кераклигини таъкидлади. 

Фуқаролардан бири "Сергели 5" ва "Сергели 7" мавзелари орасидаги йўлга светофор ўрнатиш масаласи юзасидан мурожаат қилди. Унинг таъкидлашича, 10 йилдан буён турли мутасадди ташкилотларга мурожаат қилинган. Бу ҳудудда автоҳалокатлар содир бўлиб, болалар турли тан жароҳатларини олган. Мутасаддиларнинг изоҳлашича, бу ҳудудда жорий йилнинг учинчи чорагида светофор ўрнатилиши режалаштирилган экан. Тошкент шаҳар ҳокимининг топшириғи билан уч кунда светофор ўрнатилиб, пиёдалар йўлаги таъмирланадиган бўлди. 

Шу куни қилинган мурожаатларнинг 70 фоизи ижобий ҳал этилди, қолгани эса мутасаддиларга ўрганиб чиқиш учун тавсия этилди.

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *