Зангиотадаги ҳарбий шаҳарча қурилиши сабабли ковланган йўллар нега таъмирланмаяпти?

янв 04 / 2020

alt

Хабарингиз бор 26 декабрь куни Президентимиз Тошкент вилоятининг Зангиота туманида қуриб битказилган Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти ҳамда ҳарбий қисм билан танишган эди.

Platforma.uz телеграм каналининг ёзишича, ушбу ҳарбий шаҳарчани коммуникация тармоғи билан улашда бузилган йўллар қайта таъмирланмай қолиб кетган. Бу эса аҳолининг норозилигига сабаб бўлмоқда. Ҳолат қуйидагича баён қилинган:

“Тошкент шаҳрининг шундоққина ёнида, “МИ-39” трассасидан икки километрча ичкарида қисқа фурсатда замонавий ҳарбий шаҳарча бунёд этилди. Ушбу манзилга олиб борувчи йўл таъмирланиб, қиш бўлишига қарамай, атрофи кўкаламзорлаштирилди. Қисқаси, қаровсиз ва ташландиқ жой кўз очиб-юмгунча обод масканга айланди.

Майли, гап ҳозир бу ҳақда эмас. Обод бўлганидан хурсандмиз. Мана шу гўзал маскандан кўпмас, чамаси 20 метрлар “дальше” юрсангиз, бутунлай бошқа оламни кўрасиз. Оламки, дилни хира қиладиган даражада. Хароба бир манзара. Гап шундаки, ҳарбий шаҳарчани коммуникация тармоғи билан улаш учун ҳаммаёқ кавланиб, асфальтланган йўллар бузиб ташланган. Натижада ушбу йўлдан ҳар куни ўтиб-қайтадиган 20 мингга яқин аҳоли мушкул ҳолатда қолди. Айниқса, ёғингарчилик вақтида вазият янада мураккаблашади.

alt

Мана, ўн кундан кўпроқ вақт ўтяптики, ҳамма иш ўз холига ташлаб қўйилган. Эҳ дейман, ўзимга-ўзим, Президент, “қани, сал нарироқларни ҳам бир кўрайликчи?” деб графикдан чиқиб кетганда нима бўларди?.. Ташкилотчилар буни ҳатто тасаввур қилишни ҳам исташмайди. Лекин шундай бўлганда, зўр бўларди. «Катталар» ер чизишарди...”.

alt

Нима бўлганини дарров англадингиз менимча. Минг афсуски, мана шундай ҳолатлар учраб туради. Катта-катта ваъдалар берилиб, тузиккина кўчалар кавланади, аҳолига кўплаб ноқулайликлар келтирилади. Асосий бино топширилгач, бузишда таъмирлаб кетишни ваъда қилганларни “ерни тагидан” ҳам топиб бўлмайди, хуллас, додингни кимга айтишни билмай қоласан. Яна жабрини оддий аҳоли кўраверади.

 alt

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *