Яна тиббиёт ходими калтакланди. Фарғонада бемор қиз ва унинг яқини ҳамширага жароҳат етказди

янв 29 / 2020

alt

Жорий йил 28 январь куни Фарғона шаҳридаги 2-оилавий поликлиникада тиббиёт ходимларига тажовуз қилиш ҳолати юз берди, деб хабар қилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

Жароҳатланган ҳамширанинг ҳолати акс этган сурат тезда ижтимоий тармоқларда тарқалиб, кенг жамоатчиликнинг муҳокамасига сабаб бўляпти. Ушбу вазият Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси мутахассислари томонидан ўрганилди.

Дастлабки ўрганишлардан маълум бўлишича, воқеа ультратовуш текшируви (УТТ) ўтказиладиган хонада юз берган. Ультратовуш текшируви ўтказувчи шифокор Машҳура Тошматова ва унга бириктирилган ҳамшира Матлуба Маъмурова одатдагидек беморларни навбат билан қабул қилишаётган эди...

– Фуқароларни навбат билан қабул қилиб текширувдан ўтказаётган эдик, – дейди шифокор Машҳура Тошматова. – Навбат 1992 йилда туғилган бемор қизга етиб келганида, у билан бирга хонага ёш бола кўтарган она ҳам кирди. Ёш болали аёл боласи касаллиги, инжиқлик қилиб тинимсиз йиғлаётгани, ташқарида ҳам 3 ёшли фарзанди совуқда изиллаб тургани, иккита бола билан қийналиб кетганини айтиб, навбатсиз кўрикдан ўтказиб қўйишни илтимос қилди. Шунда мен навбати етиб кирган қизга “Агар рози бўлсангиз шу болали аёлни сиздан олдин кўриб қўйсам”, деб рухсат сўрадим. Қиз эса таклифимга кўнмай, ўзининг касал эканини айтиб, навбатини бермади. Шу боис унинг ўзини текширишни бошладим. Шу жараёнда қизга ёш болали аёлга навбатини берса, қанчалик савоб иш қилган бўлиши мумкинлигини тушунтириб насиҳат қилдим.

Маълум бўлишича, шифокор қизни пухта текширувдан ўтказиб, белгиланган тартибда ташхисни ёзиб беради. Қиз эса эшитган насиҳатдан асабийлашиб, хонадан чиқиб кетади. Кўп ўтмай хонага ёши катта бир аёл билан кириб келади. Аёл унинг онаси бўлиб, биргаликда тиббий кўрикдан ўтгани келишган экан.

Аёл УТТ хонасига кирибоқ “Нега қизимни ҳақорат қиласанлар?” деб бақира бошлайди. Тиббиёт ходимлари вазиятни ҳарчанд тушунтиришса ҳам аёл уларни эшитмай УТТ шифокорига электр чойнакни отиб юборади. Шунда ҳамшира аёлни тинчлантирмоқчи бўлиб, унинг ёнига келганида жазавага тушган она ва бола ҳамширага очиқчасига тажовуз қилиб, қўли билан уриб, оёқлари билан тепиб тан жароҳати етказади. Тўполонни эшитиб бошқа ходимлар хонага кириб, она ва болани ташқарига базўр олиб чиқиб кетадилар. Поликлиника маъмурияти дарҳол тез тиббий ёрдам бўлимига, воқеа ҳақида профилактика инспекторига хабар беришди.

Тез ёрдам машинаси келиб, юзи қонга беланиб, ҳушидан кетган ҳамширани ўзига келтириб, биринчи ёрдам кўрсатгач, оғир ҳолатда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиалига олиб кетишади.

Филиалда беморни нейрохирург ва бошқа малакали мутахассислар иштирокида кўрикдан ўтказилиб, “Ёпиқ бош мия жароҳати, бош мия чайқалиши, бурун суяги синиши, бурундан қон кетиши” ташхиси билан нейрохирургия бўлимига стационар даволаниш учун ётқизилди. Ҳозирда малакали шифокорлар томонидан беморга зарур даво муолажалари амалга оширилмоқда.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *