Uz24.uzда 25 март тонгги хабарлари

мар 25 / 2019

alt

Малига бостириб кирган номаълум кимсалар томонидан 135 киши ўлдириб кетилди

Мали Республикасидаги иккита қишлоққа номаълум кимсалар бостириб кириб,  135 кишини ўлдириб кетишган. Қишлоқни эса хонавайрон қилишган. Ўлдирилганлар орасида болалар, ҳомиладор аёллар ва кексалар бўлган. 

alt

alt

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужум уюштирувчилари саҳрода яшовчи аҳолининг сирли қатлами бўлмиш туареглар бўлганлиги айтилмоқда. Қолаверса, ушбу ҳодисага Мали марказидаги этник гуруҳлар ўртасидаги зиддият асосан деҳқончилик қилиниб келинаётган ерлар устидан юзага келган деган маълумотлар ҳам йўқ эмас.

alt

Дарья Маслова I халқаро Тошкент ярим марафонида ғолиб бўлди

Хабар берганимиздек, пойтахтимизда Наврўз умумхалқ байрамига бағишлаб I халқаро Тошкент ярим марафони ўтказилди. 

alt

Марафоннинг 21 км. масофага аёллар ўртасида ўтказилган пойгаларида қирғизистонлик халқаро тоифадаги спорт устаси, бутунжаҳон Универсиадаси ҳамда Осиё ўйинлари ғолиби Дарья Маслова ғолибликни қўлга киритди.

alt

Ғофур Раҳимов AIBA президенти лавозимидан кетишини маълум қилди 

Халқаро бокс ассоциацияси (AIBA) президенти Ғофур Раҳимов истеъфога кетмоқчилигини маълум қилган. Бу ҳақда AIBA сайтида хабар қилинган. Раҳимов Халқаро Олимпия қўмитасининг ўз номзодини қўймаслик илтимосига қарамай, 2018 йил ноябрда AIBA раҳбари этиб сайланганди. 

alt

Африка бокс конфедерацияси (AFBC) раҳбари Муҳаммад Мустаҳсан Халқаро ҳаваскор бокс федерацияси (AIBA)нинг вақтинча президенти вазифасини бажарувчи деб тайинланди.

alt

Хитойда водородда юрувчи автомобиль намойиш қилинди, у 1000 км масофа захирасига эга

Хитойнинг Wuhan Grove Hydrogen Automobile компанияси водородда ишлайдиган 1000 км масофа захирасига эга электр транспорт воситаси прототипини тақдим этди, дея хабар бермоқда «Корреспондент.net».

Бундай транспорт воситаларида водороддан электр токи ажратиб олувчи электр станцияси мавжуд бўлиб, глобал экологик самарадорлик нуқтаи назаридан анъанавий батареяларга эга бўлган бошқа электромобиллардан яхшироқдир. Водородда юрувчи автомобилнинг прототипи 2020 йилда конвейерга қўйилиши керак. Унинг асосий хусусияти шундаки, электромобиль бир юришда минг километр масофани босиб ўтишга етадиган қувват захирасига эга.

Ишлаб чиқарувчининг маълумотларига кўра, электромобилнинг тўлиқ заряд олиши бир неча дақиқани ташкил этади. Айни пайтда, энг кўп энергия захирасига эга водородда юрувчи серияли ишлаб чиқарилган электромобиль — Honda Clarity бўлиб,  у 750 км масофага юра олади.

alt

Ўзбекистонда вилоят ва туман секторлари раҳбарлари ҳудудларда шахсий сайёр қабуллар ўтказади

Аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни кенгайтириш, мавжуд долзарб муаммоларни аниқлаш, уларни бевосита жойида бартараф этиш юзасидан аниқ ва тезкор чоралар кўриш мақсадида вилоят ва туман секторлари раҳбарлари ҳудудларда шахсий сайёр қабуллар ўтказади. Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги сайёр қабуллар жорий йил 23 мартдан 1 майга қадар бўлиб ўтади.

Сектор раҳбарининг оммавий сайёр қабулида бошқа секторлар раҳбарлари ўринбосарлари ҳамда тегишли ташкилот ва муассасалар раҳбарлари иштирок этади.

alt

Янги Зеландия бош вазири таҳдидларга учраяпти

Янги Зеландия бош вазири Жасинда Ардерн мусулмонларни қўллаб-қувватлагани учун номаълум шахслар унга таҳдид қилмоқда.  
New Zealand Herald нашри хабарига кўра, бош вазирнинг Твиттердаги аккаунтида қурол ва “Кейингиси – сенсан” ёзувли расм пайдо бўлган.

Полиция худди шундай таҳдид Янги Зеландия полиция бошқармасининг Твиттердаги аккаунтига ҳам жўнатилганини маълум қилган.
Ушбу таҳдидлар жўнатган аккаунт 48 соатдан сўнг тўсиб қўйилган. Ҳозирда маҳаллий полиция мазкур ҳолатлар бўйича суриштирув бошлади.

alt

ОБ-ҲАВО

Тошкент шаҳри. Республика Гидрометеорология марказининг хабар беришича, 25 март куни пойтахтда ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик бўлмайди. Шарқдан секундига 5-10 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 13-15 даража илиқ, кундузи 29-31 даража иссиқ бўлади.

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти. Ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик бўлмайди. Шарқдан секундига 7-12 метр тезликда эсаётган шамол баъзи жойларда секундига 15-20 метргача кучайиши мумкин. Кечаси 12-17 даража илиқ, айрим жойларда 20 даражагача иссиқ,  кундузи 25-30 даража иссиқ бўлади.

Бухоро ва Навоий вилояти, Тошкент, Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё, Қашқадарё ва Сурхондарё вилояти вилоятларида ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик бўлмайди. Шарқдан секундига 7-12 метр тезликда эсади. Кечаси 15-20 даража илиқ, кундузи 28-33 даража иссиқ бўлади.

  Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари. Ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик бўлмайди. Шарқдан секундига 5-10 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 8-13 даража илиқ, кундузи 20-25 даража иссиқ бўлади.

Республиканинг тоғли ҳудудлари. Ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик бўлмайди. 1800 метрдан юқори жойларда қор кўчиши хавфи бор. Шарқдан   секундига 7-12 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 6-11 даража илиқ, кундузи 18-23 даража иссиқ бўлади.

 

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

 

 

 

 

 

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *