Uz24.uzда 19 март тонгги хабарлари

мар 19 / 2019

alt

Конгода поезднинг ўз йўналишидан чиқиб кетиши оқибатида 24 киши ҳалок бўлди

Конго Демократик Республикасининг Касаи вилоятида товар поезди ўз йўналишидан чиқиб кетиши оқибатида 24 киши ҳалок бўлган, 31 киши жароҳат олган. Йўловчиларнинг катта қисми поездга ноқонуний равишда чиқиб олган.

alt

AFP нашрининг маълум қилишича, воқеа оқибатида бир неча вагон ағдарилиб кетган, яна бир нечтаси дарёга қулаган. Ҳодисанинг келиб чиқиш сабаблари ҳозирча номаълум.

alt

24 март куни I халқаро Тошкент ярим марафони бўлиб ўтади

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Енгил атлетика федерацияси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан 24 март куни I халқаро Тошкент ярим марафони ташкиллаштирилмоқда. Бу ҳақда ЎзА  маълум қилган.

Марафонда дунёнинг 23 давлатидан келган 200 дан ортиқ профессионал атлетлар иштирок этади.

alt

Мусобақада ҳаваскорлар 5 километр масофага, имконияти чекланганлар эса 1 километр масофага югуришлари режалаштирилган.  1-ўриндан 8-ўрингача етиб борган спортчилар 12 миллион сўмдан 3 миллион сўмгача пул мукофоти, диплом ва медаллар билан тақдирланади.

I халқаро Тошкент ярим марафони доирасида турли халқ сайиллари ўтказилади. Хориждан келган спортчилар Ўзбекистон  урф-одат, анъаналари билан танишади.

alt

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги курсантлари халқаро олимпиадада қатнашмоқда

Мудофаа вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, Россия Федерациясининг Тверь шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар Мудофаа вазирлари кенгаши таркибига кирувчи давлатларнинг олий ҳарбий таълим муассасалари курсантлари ўртасидаги  халқаро олимпиадага старт берилган. Олимпиада информатика фани бўйича бўлиб ўтади.

22 мартга қадар давом этадиган халқаро олимпиаданинг мазкур йўналишида айни дамда Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига қарашли олий ҳарбий таълим муассасалари вакиллари ҳам иштирок  этмоқда.

alt

Россия Федерацияси Ҳарбий космик кучлари академияси ташкилотчилик қилаётган олимпиаданинг ушбу йўналишида курсантлар умумий ҳамда мутахассислик тайёргарлиги шартлари бўйича ўзаро беллашади. 19—23 март кунлари Санкт-Петербург шаҳрида олий таълимгача муассасалар ўқувчиларининг математика ва физика фанларидан I халқаро олимпиадаси ҳам ўтказилиши кўзда тутилган. Унда Мудофаа вазирлигига қарашли Фарғона, Урганч ва Самарқанд «Темурбеклар мактаблари»нинг ўқувчилари ҳам биринчи марта иштирок этади.

Ўзбекистон шарафини халқаро мусобақада муносиб ҳимоя қилган ҳарбий хизматчилар 1 апрель куни И. Каримов номидаги Халқаро аэропортида кутиб олинади. 

Курсантлар ўртасидаги Халқаро олимпиаданинг навбатдаги баҳслари (математика бўйича) 2-6 апрель кунлари Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридаги Радиоэлектроника ва алоқа ҳарбий-муҳандислик институтида бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон шарафини Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти курсантлари ҳимоя қилади.

alt

Янги Зеландияда: терактлар ижрочиси адвокат хизматларидан бош тортди 

Янги Зеландиянинг Крайстчерч шаҳридаги 2 та масжидда отишма содир этган 28 ёшли Брентон Таррант адвокат хизматларидан бош тортган. Cабаби унинг шу тариқа суд жараёнини ўз қарашларини илгари суриш майдонига айлантирмоқчи бўлаётганлиги билан ифодаланмоқда. Бу ҳақда New Zealand Herald нашри маълум қилган. Содир бўлган теракт оқибатида 50 киши ҳалок бўлган. Ҳужумларни ташкиллаштириш гумони билан дастлаб 3 киши қўлга олинган, улардан фақатгина Таррантга айблов билдирилган. 

alt

Таррантнинг 16 мартдаги судда билдирган навбатчи адвокати Ричард Питерс бошқа унинг номидан ҳаракат қилмаслигини маълум қилган. Унинг айтишича, Таррант 16 мартда адвокат хизматларига бошқа муҳтож эмаслигини айтган.  

Қайд этилишча, бу тергов Янги Зеландия полицияси олиб борган энг йирик тергов бўлиб, унга 250 нафар изқувар ва мутахассис жалб қилинган. Мамлакатда юқори хавфлилик даражаси сақланиб қолмоқда.

alt

Нурсултон Назарбоев Марказий Осиёда энг катта бўлиши кутилаётган масжидга тамал тошини қўйди

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Остонанинг чап қирғоғида қуриладиган янги масжидга тамал тоши қўйилишида иштирок этган. 

alt

Назарбоевнинг таъкидлашича, масжид тўлиқ хайрия ва ҳомийлик маблағлари ҳисобига барпо этилиб, EXPO-2017 кўргазмаси ўтган ҳудуд орқасида жойлашади. Муқаддас бино 30 минггача кишини сиғдира олиши ва Марказий Осиёдаги энг катта масжид бўлиши кутилмоқда. 

alt

alt

Янги масжид 9,4 гектар майдонда жойлашади. Биноси 57 минг квадрат метрни эгаллайди. Масжид миноралари 130 метргача бўй чўзиб, бош гумбаз баландлиги эса 88,2 метрни ташкил қилади. Эркаклар учун ибодат залининг сиғими 15 кинг кишини, аёллар учун эса 3 минг кишини ташкил қилади. Масжид ҳовлиси ва бошқа хоналари яна 12 минг кишини сиғдира олади. Қурилиш ишлари 2 йилдан кейин якунланиши режалаштирилган. Қурилишни турк компанияси олиб боради. 

alt

Собиқ Бош прокурор Қодировнинг ўғли ҳамон қидирувда

Ўзбекистоннинг собиқ Бош прокурори Рашид Қодировнинг ўғли Алишербек Қодиров Жиноят кодексида назарда тутилган бир қатор жиноятларни содир этганликда айбланиб, унинг шахси қидирувга берилган.

Ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, 1974 йилда туғилган Алишербек Қодиров Жиноят кодексининг 165-модда(товламачилик)нинг​ 2-3 қисмлари “а” банди ҳамда 168-модда(фирибгарлик)нинг 3-4 қисмлари “а” банди​да назарда тутилган жиноятларни содир этган.

ОАВ маълумотларига кўра, кичик Қодиров Европа давлатларининг бирида, хусусан Испанияда бўлиши мумкин.

Маълумот учун, Алишербекнинг отаси Рашид Қодиров 15 йил давомида Бош прокуратурани бошқариб, 2015 йили ўз лавозимидан бўшатилган. 2018 йил 22 февралда Тошкент шаҳрида қўлга олиниб, тергов фигуранти сифатида сўроқ қилинган. Собиқ Бош прокурорнинг ўзи турли кўринишдаги жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

alt

Шаҳзода Кремл саҳнасида куйлайди

Ўзбек эстрада қўшиқчилиги хонандаси Шаҳзода 21 март куни Коемл Давлат саройида “BraVo” халқаро профессионал мусиқа мукофотининг топширилиш маросимида қатнашади. Бу ҳақда  маросим ташкилотчилари “аниқ.уз”га маълум қилган.

Шунингдек, маросимда ўзбек хонандаси билан бир қаторда Филипп Киркоров, Дима Билан ҳамда Тамара Гвердцители ҳам иштирок этади.

alt

Шоу дастурида америкалик хонандалар Майкл Болтон, Леона Льюис, Буюк Британия ва Ирландия рок-мусиқачиси Крис де Бург ҳам таклиф этилган.

Мусиқа экспертлари ғолибларни “Йил хонандаси”, “Йил мусиқий видеоси” ҳамда “Йил қўшиғи” номинациялари бўйича аниқлайди.

alt

Янги Зеландиядаги теракт: Қаҳрамон Абдулазиз террорчини чалғитган, мусулмонлар омон қолган

48 ёшли Абдулазиз жума нaмози вақтида ўқ овозларини эшитгач, ўзи билан турган 4 нафар боласини Линвуд Исломий маркази масжидида қолдирган ва террорчига қаршилик кўрсатишга уринган.

У кичик  пул ечадиган терминални қурол сифатида фойдаланиш учун олаётиб, шу ердаги йўлакда 2 нафар шахснинг жонсиз жасадини кўрган.

Сўнг ўқи тугаган автоматни ташлаб, бошқасини олишга кетаётган террорчига терминал аппаратини отиб юборган. Янги автоматни олишга улгурган террорчи Абдулазизга қарата 4-5 маротаба ўқ узган. Абдулазиз машиналар панасига беркиниб, сўнг қотил томонидаги ерда ётган бўш милтиқни олишга муваффақ бўлган.  

alt

Террорчи Абдулазизнинг қўлида турган милтиқни кўриб, ўз қўлидаги қуролни ташлаб қочган. Абдулазиз унинг ортидан қувиб етиб, иккинчи милтиқни олган ва террорчи машинадалигида, қўлидаги бўш қуролни бор кучи билан террорчига қарата улоқтирган. Оқибатда, машина ойнасининг синиб тушишидан террорчи эсанкираб қолган ва масжидга қайтиб киришдан чўчиб, машинасини юрғизган. Абдулазиз унинг ортидан қувганида кўча бошидаги светофорнинг қизил чироғи ёниб қолган. Йўлнинг бўшаши эса террорчига қўл келган. У қочиб, кўздан ғойиб бўлган. Абдулазиз масжидга қайтганида кўплаб дўстлари яраланганлигини кўрган.

Масжид имоми Латиф Алаби Абдулазизнинг террорчи орқасидан қувиши натижасида омон қолганликлари, акс ҳолда вафот этишлари мумкин бўлганлигини таъкидлаган.

alt

ОБ-ҲАВО маълумоти

Тошкент шаҳри. Республика Гидрометеорология марказининг хабар беришича, 19 март куни пойтахтда ҳаво ўзгариб туради, куннинг иккинчи ярмида ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлиши мумкин. Шарқдан эсаётган шамол ўз йўналишини ўзгартириб, ғарбдан секундига 7-12 метр тезликда эсади. Кечаси 12-14 даража илиқ, кундузи 18-20 даража иссиқ бўлади.

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти. Ҳаво ўзгариб туради, баъзи жойларда ёмғир ёғади. Шарқдан эсаётган шамол ўз йўналишини ўзгартириб, ғарбдан секундига 7-12 метр тезликда эсади. Айрим жойларда шамолнинг тезлиги секундига 15-20 метргача кучайиши мумкин. Кечаси 7-12, кундузи 13-18 даража илиқ бўлади.

Бухоро ва Навоий вилояти. Ҳаво ўзгариб туради, айрим жойларда ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлиши мумкин. Шарқдан эсаётган шамол ўз йўналишини ўзгартириб, ғарбдан секундига 7-12 метр тезликда эсади. Баъзи жойларда шамолнинг тезлиги секундига 15-20 метргача кучайиши мумкин. Кечаси 9-14, кундузи 13-18 даража илиқ бўлади.

Тошкент, Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятлари. Ҳаво ўзгариб туради, баъзи жойларда ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлиши мумкин. Шарқдан эсаётган шамол ўз йўналишини ўзгартириб, ғарбдан секундига 7-12 метр тезликда эсади. Айрим жойларда шамолнинг тезлиги секундига 15-20 метргача кучайиши мумкин. Кечаси 9-14, кундузи 15-20 даража илиқ бўлади.

Қашқадарё ва Сурхондарё вилояти. Ҳаво ўзгариб туради, баъзи жойларда ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлиши мумкин. Шарқдан эсаётган шамол ўз йўналишини ўзгартириб, ғарбдан секундига 7-12 метр тезликда эсади. Айрим жойларда шамолнинг тезлиги секундига 15-20 метргача кучайиши мумкин. Кечаси 9-14, кундузи 15-20 даража илиқ бўлади.

Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари. Ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик бўлмайди. Шарқдан секундига 5-10 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 9-14, кундузи 17-22 даража илиқ бўлади.

Республиканинг тоғли ҳудудлари. Ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик бўлмайди. Қор кўчиши хавфи бор. Шарқдан эсаётган шамол ўз йўналишини ўзгартириб, ғарбдан секундига 7-12 метр тезликда эсади. Айрим жойларда шамолнинг тезлиги секундига 15-20 метргача кучайиши мумкин. Кечаси 1-6, кундузи 5-10 даража илиқ бўлади.

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

 

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *